...

...

AGROBLOGER

Бухоро вилояти Жондор туманидаги кўптармоқли “Чиннихоним замини” фермер хўжалигида илгари ҳам полизчилик қилинган. Бу ерда тарвуздан ҳам яхши ҳосил олиш тажрибаси бор. Лекин хўжаликда жорий йил февраль ойи охирида қўл урилган янгилик ўзгача.


Бу полизчиликнинг икки илғор жиҳати бор. Бухорода илк бор тарвуз металл ёйсимон ҳолда ёпилган плёнкали ёпиқ майдонда етиштирилади. Бунда металл ёй остида икки қаватли плёнка тўшалиб, кўчатлар экилади. Қолаверса, тарвузнинг “Долби” эртапишар нави ҳам воҳа полизчилигида янгилик.

“Чиннихоним замини” фермер хўжалиги раҳбари Шермуҳаммад Ражабовнинг айтишича, тарвуз учун ажратилган бир гектарли даланинг 50 сотихли ёйсимон ёпиқ қисмида махсус елим тувакларда ўстирилган 4800 туп “Долби” кўчатлари ўтқазилди. Ҳосил пешма-пеш етилиши бозорда барқарор таъминотнинг муҳим омилидир. Шунинг учун ҳам фермер хўжалиги тарвуз экинига ажратилган даланинг қолган ярмидаги очиқ майдонда уруғни март ойининг учинчи ўн кунлигида экишни мўлжаллаб турибди.


–Янги усулнинг афзаллиги шундаки, – деди вилоят фермер ва деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бўлим бошлиғи Умид Султонов, – баҳорги ёғингарчилик, ҳавонинг салқин келиши экинга таъсир қилмайди, баравж ўсади. Экин гулга киргач, ҳар тупда икки дона ҳосил тугунаги ўстиришга қолдирилади. Интенсив парвариш натижасида тарвуз май ойи дастлабки ўн кунлигида пишиб етилади. Бир тупдаги икки дона тарвузнинг ҳар бири 8-9 килограмм тош босади. Силкинишларга бардошлилик хусусиятига эгалиги боис транспортда ташишда қулай. Бу экспортга жўнатишда муҳим жиҳат. Айтганча, ёйсимон шаклдаги мосламада плёнка остида етиштириладиган тарвузнинг ҳаммасини хорижга чиқариш кўзда тутилган. Албатта, янги усулда тарвуз етиштиришнинг ўзига хос агротехникаси бор. Бу борада яхши тажрибага эга қашқадарёлик омилкор деҳқон ва мутахассислар билан ҳамкорлик қиляпмиз.

Янги усулда ёпиқ ва очиқ майдонларда етиштирилган тарвуз ҳосили май ойида йиғиштириб олингач, бўшаган майдонларга, карам ва бошқа ўртаки экинлар экилади. Кузда эса бу далаларга металл ёй мосламага тортилган плёнка остида совуққа чидамли бўлган ширин қалампир, қулупнай сингари экинларни парвариш қилиш режалаштирилмоқда. Шу тариқа, эрта баҳордан бошлаб қиш фаслигача ердан узлуксиз 3 маротаба ҳосил олинади.


Дарвоқе, вилоятнинг барча туманларида тажриба синов доирасида баҳор арафасида 9 гектар майдонга ёймасимон усулда плёнкали ёпиқ майдонларда “Долби” тарвуз кўчатлари ўтқазилди. Иккинчи босқичда, яъни март ойининг сўнгги ўн кунлигида очиқ майдонларда бир қаватли плёнкали кичик мосламалар остида вилоят бўйича жами 30 гектар майдонда тарвуз экини парвариш қилинади.


Эртапишар бу экин иқтисодий самараси қандай бўлади? Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига бизнинг маҳаллий шароитда “Долби” тарвуз пайкалларининг бир гектаридан ўртача 300 миллион сўм даромад олиш мумкин. Агар харажатлар чегирилганда, соф фойда камида 160 миллион сўмга етаркан.


uza.uz

@AGROBLOGER канали

Report Page