...

...

AGROBLOGER

Аксарият одамлар, интернет ва ижтимоий тармоқлар ёшларнинг иши, катталарга у ерда нима бор, дея хато ўйлашади. Ваҳоланки, бугун ўрта ёшлардаги ёки ёши улуғ ҳамюртларимиз ҳам ахборот алмашинувида замонавий технологияларни танламоқдалар. Улар қаторида ҳаттоки кўпгина фойдали масалаҳат ва янгиликлар тарқатадиган канал ҳамда гуруҳлар ташкил қилиб, ўз аъзоларига эга бўлаётганлари-да талайгина. Андижонлик муаллим Машъал ака Хушвақтов фикримизга ёрқин мисолдир. 

Қизиғи, 35 йиллик тажрибага эга ва жорий йилда пенсия ёшига етадиган ҳамюртимиз Facebook, YouTube ҳамда Telegram тармоқларида ўз соҳасида эмас, балки боғдорчилик йўналишидаги аудио-видео ҳамда матнли маслаҳатлари асносида довруғ қозонган. "Боғдорчилик илми" канали орқали кўплаб мухлисларга эга бўлганлиги натижасида ҳаттоки, хорижликларнинг назарига тушишга ҳам улгурган. Яъни канал соҳадаги инновацияларни татбиқ қилишдаги фаоллиги учун Италия "MacFrut Innovation Award-2018" инновациялар кўрик танловининг "олтин медали"га сазовор бўлди.

Қисқаси, агроблогер М. Хушвақтов билан суҳбатлашгач, кўпқиррали бўлиш ҳаётдан завқ олиб яшашнинг энг муҳим омилларидан бири, деган хулосага келдик. Мулоқот билан танишсангиз, эҳтимол, сизда ҳам шундай тушунча шаклланар. 


- Машъал ака, марказий телеканаллар орқали сизнинг кўчатчилик ёритилган кўрсатувларни томоша қила туриб, педагогнинг қандай қилиб боғбонга айланиши жараёни мени қизиқтирди, лекин, афсус, бу ҳақда лавҳаларда батафсил ҳикоя қилинмаган экан.


- "Қонда бўлса, бир куни барибир тортади", деган гап бор хақимизда. Айтишларича, бобом раҳматли ҳавас қиладиган даражадаги боғ-роғлар барпо этган ва шириндан-шакар мевалари билан нафақат Асакада, балки қўшни туманларда ҳам ном чиқарган эканлар. Шу сабаблими, ёшим қирқдан ўтгандан кейин севимли касбим - ўқитувчилик билан шуғулланиш баробарида, кўчат экиб, боғ яратишга иштиёқ пайдо бўлди. Бунгача турли адабиётлардан мева етиштиришнинг сир-асрорлари, навларнинг ўзига хослиги ва экинларнинг парвариши ҳақида мустақил ўқиб, ўрганиб келардим. Шундоққина ёнгинамизда бўлганлиги учун Фарғонанинг Қува туманига ўтиб, тажрибали деҳқонлардан маслаҳатлар олардим. Аввалига ўзимизнинг еримизда, кейинроқ қўни-қўшниларнинг томорқасини ижарага олган ҳолда кўчатлар етиштирдим. Қарасам, уддалаяпман. Тўрт йиллар аввал мамлакатимизда боғдорчиликка эътибор кучайтирила бошлагач, "Яхши ният агрокомплекси" дея номланган оилавий корхона ташкил этдик ва ишлар кўламини кенгайтирдик. Натижа ёмон эмас: 5 йил олдин йилига 50-60 минг туп кўчат етиштирган бўлсак, 2020 йилда улар сонини 100 минг тупдан оширдик. Даромад ҳам шунга яраша бўлаяпти. 


- Қанақанги мевали дарахт кўчатлари етиштирасиз, уларни қандай экиб, қандай пайвандлайсиз? Менимча, бу ҳамма учун қизиқарли бўлса керак?


- Олма, ўрик, шафтолидан тортиб гилос-у беҳигача пайвандлаймиз. Масалан, шафтолининг данагини кеч кузда ёки баҳорда эксак, униб чиққан ниҳолини қарийб 1 йил парваришлаймиз ва унга серҳосил навлардан пайвандлаймиз. Орадан яна 1 йил ўтгач эса, кўчатлар сотса бўладиган даражага боради. Бу орада уларни суғориш, ўғитлаш ва зараркунандаларга қарши кураш асосий эътиборимизда туради. Яъни данакни экиб қўйдим, кўчат чиқди, дегани у ўзича ўсаверади, дегани эмас, ҳар қандай биологик мавжудот қаровни талаб қилганидек, ниҳоллар ҳам меҳрга, эътиборга муҳтож бўлади. 


- Эҳтимол, шунинг учунмикан, ҳар баҳор одамлар бозордан минглаб туп кўчатлар сотиб олишаётганини кўриб, ҳаммаёқ боғ бўлиб кетса керак, деб ўйлайсан, лекин боғлар у қадар кўзга ташланавермайди, мевалар нархи эса гоҳи осмонга сапчийди...


- Фикрингизга қўшиламан. Айниқса, "колхоз" даврида сотилган боғлар эгасини топавермаганлигидан ачиниб кетаман. Ахир 5-10 туп камҳосил дарахтни экиб қўйиб, оралиғида ҳайвонлар учун озуқабоп экин етиштиришни ўйлаган билан иш битмайди-да! Бугунги давр энг серҳосил, энг харидоргир навларни кўпайтириб, интенсив боғлар барпо этишни талаб қиляпти.


Жаҳон бозорига чиқиш учун кўчатлар экиш билан бирга, махсус лабораториялар жорий этишимиз, касалликларга қарши курашни илмий асосда ташкиллаштиришимиз керак. Йўқса, ўтган йили айрим ҳудудларда бўлганидек, экспортга чиқарган меваларимиз ортга қайтаверади.


- Ижтимоий тармоқларда "Боғдорчилик илми" гуруҳини очиш ғояси қачон туғилганди?


- 2005-2006 йилларда деҳқончилик билан шуғулланишга астойдил киришдим ва юқори малакали боғбон ҳамда агрономлар, илмий адабиётлардан ўрганиб, тажриба орттирдим. Йиллар ўтгач эса, мендан сўрайдиганлар, тажрибам асосида ўз бизнесини йўлга қўядиганлар кўпая бошлади. 2014 йилга келиб, Фейсбукда сиз номини тилга олган гуруҳни ташкил этдим ва тез орада аграр соҳага қизиқувчилар ўйлаганимдан ҳам кўп эканлигини билдим. Энг муҳими, маслаҳатларим асосида кўчат эккан, боғ қилган ва илк нишона ҳосилини олиб, қувончдан миннатдорлик билдирганлар сони йилдан-йил ортаверди. Ҳар гал самимий дил изҳорларини ўқиганимда ёки эшитганимда эса кўнглим тоғдек кўтарилади, эзгу иш қилаётганим учун ич-ичимдан севиниб кетаман. 


- Шундай пайтларда илҳомланиб, шеърлар ёзиб юборсангиз керак-да? Мен интернетда тарқалган ва кўплаб мухлислар орттиришингизга сабаб бўлган шеърларингизни назарда тутаяпман. Билишимизча, шоирлик дарди билан ёшлигингиздан "касаллангансиз" (яхши маънода) шекилли, тўғрими?


- Тўғри. Болалигимдан китобга ниҳоятда ўч эдим. 5, 6-синфда ўқиб юрган кезларим мактаб кутубхонасидаги китобларни ўқиб тугаллаганим учун туман марказидаги кутубхонага борганман. Халқ оғзаки ижоди, эртаклар олами мени ўзига маҳлиё этарди. Адабиётга ихлосмандлик туфайли мактабдан кейин машина-трактор паркида турли хизматларни бажариб юрган йигит шеърлар ёзишни канда қилмади. Назмий машқларим тумандан тортиб, республика нашрларигача чоп этилганида эса ҳаётга бўлган муҳаббатим янада ортар, олий ўқув юртида таҳсил олиш иштиёқи қалбимда жўш урарди. 80-йилларнинг ўрталарида Дўрмонда бўлиб ўтган Ижодкор ёшлар семинарига таклиф этилгач, у ердаги муҳит мени ўзига тамоман ром этди. Аввалги ҳаракатим омадсиз кечганига қарамай, орадан йиллар ўтгач яна Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетига ҳужжат топширдим. Сиртдан бўлса-да ўқишга кирдим ва тақдирдан беадад миннатдорманки, кўп бора етук шоир ҳамда ёзувчилар билан юзма-юз мулоқотда бўлиш бахтига эришдим. Энг асосийси, устозимиз Озод Шарафиддиновдан нафақат фан асосларини ўргандик, балки у инсоннинг ҳаёт ҳақидаги сабоқларини ҳам тинглашга мушарраф бўлдик. 


- Иқтидорингизни сезган устозларингиз пойтахтда қолишни, аспирантурада ўқишни давом эттириш ёки бирор нашрда фаолият кўрсатишни таклиф этишган экан. Ҳаётингизни ана шу таклифлар асосида қурмаганлигингиздан, вилоятга қайтганлигингиздан афсусланмайсизми?


- Аввало, тақдир. Қолаверса, ҳозирги туриш-турмушимдан, Яратганга шукр, ниҳоятда мамнунман. Оилам - фарзанду набираларим даврасида фаровон ҳаёт кечиряпмиз. Севимли фаним - она тили ва адабиётдан ёшларга сабоқ бераман. Ижод билан шуғулланиш, яъни шеърлар ёзиш ва уни босма ҳамда электрон оммавий ахборот воситаларида чоп эттириш учун эса ҳеч нарса монелик қила олмайди. Кўп йиллик ижодим меваси сифатида 2017 йилда "Ойдин ғуссалар" шеърий тўпламим нашр этилгани ҳаётимдаги энг катта ютуқларимдан бири, деб биламан. Бундан ташқари, кўриб турганингиздек, ҳам оиламга даромад келтирадиган, ҳам менга завқу-шавқ берадиган боғдорчилик турмуш тарзимга айланган.


-Дарвоқе, адабиёт оламига шўнғиб кетиб, қишлоқ хўжалиги ҳақида унутаёзибмиз. Узоқ йиллардан бери соҳада бевосита меҳнат қилаётган, хорижий давлатларда бўлиб, озми-кўпми тажриба ўрганган инсон сифатида боғлар самарадорлигини ошириш, навлар сифатини яхшилаш бўйича нималар, дея оласиз?


- Энг аввало, эътироф этиш керак, сўнгги йилларда соҳага ниҳоятда эътибор кучайди. Яъни бизнинг тирикчилигимиз ердан бўлганлиги, шу она замин биз учун чексиз неъмат эканлиги назарда тутилиб, одамларнинг деҳқончилик билан шуғулланишлари учун қулай шароитлар яратиб берилмоқда. Томчилатиб суғориш, иссиқхоналар барпо этишдек илғор технологиялар амалда қўлланиляпти. Шундай имкониятдан унумли фойдаланишимиз керак.


Биз боғбонлар биринчи навбатда, унутилиб бораётган навларни тиклашга ҳаракат қилишимиз лозим. Ахир болалигимизда шохлари ерга теккудек бўлиб мева соладиган нашвати ноклари қани? Қолаверса, хориждан кўчат олиб келишда маҳаллий шароитларга мос, бизга узоқ йиллар мўл ҳосил берадиган навларни танлашга-да эътибор кучайтирилиши зарур, деб ўйлайман. Барча соҳаларда бўлгани каби таълимда ҳам ислоҳотлар амага оширилар экан, болаларга мактаб ёшиданоқ деҳқончилик илмидан сабоқ бериш зарурга ўхшайди, менимча. Яъни қуйи синфларда ўйин тарзида, юқори синфларда эса махсус адабиётлар асосидаги фанлар орқали ўғил-қизларнинг аграр соҳадаги билимларини шакллантириш керак. Токи, болаларимизнинг қишлоқ хўжалигига, ерга бўлган меҳрлари ортсин. Агроном ёки тадбиркор-боғбон бўлиш ҳозирги тилда айтганда трендга айлансин.


- Бугун бир неча гектар майдонда кўчат етиштирадиган, ўзининг 10 кишига яқин оиласини меҳнат билан банд қилибгина қолмасдан, мавсумда яна ўнлаб ишга эҳтиёжмандларни фойдали юмуш билан таъминлайдиган, тиниб-тинчимас Машъал аканинг келгусида мўлжаллаган режалари қандай?


- Ниятим, ҳозиргача эгаллаган билимларимни янада бойитиш, ўқиш-ўрганиш баробарида хорижий сафарларга чиқишни режалаштирганман. Сабаби, дунё кезсангиз, ўзга давлатлардаги одамларнинг турмуш тарзи, деҳқончилиги билан танишасиз. Нималарнидир ўрганасиз, биздан улар қандай манфаатдор бўлиши мумкинлигини ўз кўзингиз билан кўрасиз. Натижада икки томонлама манфаатли ҳамкорлик юзага келади. Қолаверса, оилавий корхонамиз фаолиятини кенгайтириб, лаборатория ташкил этишни ният қилганман. Яъни, жаҳон бозорининг талаб ва таклифини ўрганиб, хорижликларга ҳар томонлама мос келадиган сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирсак, соҳа янада ривожланаверади.


- Барча юртдршларимиз қатори Сизга ҳам соғлик-саломатлик, янгидан-янги муваффақиятлар доимо ҳамроҳ бўлишини тилаймиз. Изланувчанлик кайфияти қалбингизни ҳеч қачон тарк этмасин. 


- Истакларингиз учун раҳмат.



Мирмуҳсин Мирзокиров суҳбатлашди. 

"Фермер" журнали.


@AGROBLOGER канали

Report Page