...

...

AGROBLOGER

2020 йил ҳосилидан бошлаб давлат томонидан дон етиштириш режасини белгилаш амалиёти тўлиқ бекор қилинади

Президент “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўздонмаҳсулот” АК ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерлари билан “Ўздонмаҳсулот” АК тизимидаги корхоналар ўртасида 2020 йил ҳосилидан давлат харидлари доирасида тузилган контрактация шартномалари миқдорини ҳар бир ғалла етиштирувчи учун 25 фоизга камайтириш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан давлат харидлари доирасида 2 265 минг тонна буғдой (уруғлик дон учун амалдаги устама тўлаш тартибини сақлаб қолган ҳолда) ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун харид қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 10 майга қадар жаҳон бозори ва минтақавий биржа нархлари ҳамда республикада кутилаётган ҳосилни инобатга олиб, дон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун 2020 йилда харид қилинадиган ғалла нархларини белгилайди.

Белгилаб қўйилишича:

а) 2020 йил ҳосилидан бошлаб:

давлат томонидан дон етиштириш режасини белгилаш амалиёти тўлиқ бекор қилинади;

ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун давлат томонидан харид қилинадиган буғдой мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча корхоналарнинг донни сақлаш талабларига мос келадиган омборлар (сиғимлар)ида шартнома асосида сақланади;

б) 2021 йил ҳосилидан бошлаб:

давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилади;

давлат хариди тўлиқ бекор қилинади ҳамда фермерлар ва бошқа корхоналар томонидан етиштириладиган ғалла барча истеъмолчиларга, шу жумладан донни қайта ишловчи корхоналар, ғаллачилик кластерлари ва трейдерларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар (фьючерс, форвард ва бошқалар) асосида эркин нархларда сотилади;

Жамғарма томонидан ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун зарур миқдордаги ғалла фьючерс, форвард шартномалари асосида ёки биржа савдолари орқали эркин нархларда харид қилинади;

дон етиштирувчи хўжаликларни сифатли уруғлик билан таъминлаш мақсадида сертификатланган уруғлик етказиб бериш тизими сақлаб қолинади ҳамда 2021–2023 йилларда уруғлик етказиб бериш босқичма-босқич Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги уруғчилик кластерлари ва элита уруғчилик хўжаликлари, ғаллачилик кластерлари зиммасига юклатилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда жаҳон бозори, минтақавий биржалар нархлари ҳамда ғалла етиштиришнинг прогноз харажатлари таҳлилидан келиб чиқиб, ҳар йили 1 августга қадар келгуси йил бошоқли дон ҳосили учун кутилаётган минимал нархларни эълон қилсин ҳамда бозорлардаги нархлардан келиб чиқиб, ҳар чоракда ушбу нархга тузатишлар киритиб, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилишини таъминлайди.

Дон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш Жамғарма зиммасига юклатилади.

Ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун Жамғарма томонидан харид қилинадиган буғдой Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан тасдиқланадиган ойлик график асосида Жамғарма томонидан биржада сотувга қўйилади.

Бунда биржа нархлари кескин ўзгарганда, яъни узлуксиз 3 иш куни мобайнида 20 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда ошган ёки пасайган ҳолларда Жамғармага тасдиқланган ойлик графикка ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.

Дон нархлари барқарорлигини таъминлаш учун зарур миқдордаги буғдойни харид қилиш билан боғлиқ харажатлар (сотиб олиш, ташиш, сақлаш), харид қилиш ва сотиш нархлари ўртасида юзага келган тафовут (ижобий, салбий) Жамғарма молиявий фаолияти якунларига олиб борилади ҳамда зарур ҳолларда юзага келган салбий тафовут Жамғармага республика бюджетидан қоплаб берилади.

2020 йил 1 июндан бошлаб:

а) фермер хўжаликлари, ғаллачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларининг ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан 12 ой муддатгача ғалла ялпи ҳосили умумий қийматининг 40 фоизигача бўлган миқдорда молиялаштирилганда йиллик 10 фоиз, 50 фоизигача бўлган миқдорда молиялаштирилганда йиллик 12 фоиз ставкадан (шундан банк маржаси 2 фоиз) ошмаган миқдорда кредитлар ажратилади.

Бунда:

фермер хўжаликлари, ғаллачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликлари агротехник тадбирларни ўтказиш хусусиятларидан келиб чиқиб, кредит маблағларидан эркин фойдаланади ҳамда моддий ресурслар етказиб берувчиларни ихтиёрий танлайди;

ғаллачилик кластерлари фермер хўжаликларининг ғалла етиштириш билан боғлиқ харажатларини бўнаклаши пул маблағлари шаклида амалга оширилади;

ғалла етиштириш харажатларини молиялаштиришга ажратилган кредит маблағларининг муддатида қайтарилмаган қисми тижорат кредити сифатида қайта расмийлаштирилади;

б) мулкчилик шаклидан қатъи назар, фақат донни қайта ишловчи корхоналар ҳамда донни қайта ишлаш қувватига эга бўлган ғаллачилик кластерлари томонидан республикада етиштирилган ғаллани харид қилиш учун тижорат банклари томонидан 12 ой муддатгача 50 миллиард сўмгача миқдорда тижорат кредитлари ажратилади.

Бунда:

миллий валютада ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига;

хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 30 фоизигача, лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда фоиз харажатларини қоплаш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация берилади;

ғаллани харид қилиш учун ажратилган кредит маблағларининг муддатида қайтарилмаган қисмига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация берилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига Марказий банкнинг асосий ставкаси ўзгарган ҳолларда, Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда, Жамғармадан ажратилаётган кредитлар фоиз ставкаларига, банк маржасига ҳамда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан бериладиган компенсация миқдорига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилди.


kun.uz

@AGROBLOGER канали

Report Page