...

...

AGROBLOGER

Андижон туманидаги «Гулобод» шаҳарчаси ҳудудидан ўтувчи Қорадарёнинг эски ўзани тошлоқдан иборат. Аслида бу ерда гиёҳ ҳам унмасди. Бироқ деҳқонлар керак бўлса адирдан тупроқ келтириб бўлсада, сой бўйини обод қилдилар. Ўшанда 1971 йил эди. У пайтлар ҳозиргидек ерга ҳужжат талаб қилинмас эди. Ким қанча ер ўзлаштирса фойдаланиб кетаверган. «Гулобод»ликлар ҳам шу тариқа 54 гектар майдонда узум боғини яратишган.

2006 йилга келиб туманда ҳудудларни фермер хўжаликларига тақсимлаш жараёни бошланди. Шунда боғ эгаларига ердан фойдаланишнинг ҳуқуқий жиҳатлари тушунтирилди. Шундан сўнг улар 54 та фермер хўжалигини ташкил этишиб, ҳаммасини қонуний меъёр талабига мосладилар. Бунинг учун бор мол-мулкини сотиб, ким ошди савдосида ўзлари ўзлаштирган ерни сотиб олишларига тўғри келди. Натижада «Гулобод» ҳамда «Чавкандарё» МФЙларида истиқомат қилувчи 110 та оиланинг меҳнати тайин, ризқи бутун бўлди. Икки йил беташвиш ишладилар. 2008 йилга келиб, фермер хўжаликларини муқобиллаштириш ҳаракати бошланди. Натижада 54 та фермер хўжалиги ўрнига 6 та фермер хўжалиги қайта ташкил топди. Қолган фермерлар ишчи сифатида фаолиятини давом эттира бошладилар. Бу орада яна ўзгаришлар бўлди. Неки, ҳаракатлар олға сурилмасин боғ ишчилари ҳаммасига кўнди. Энг муҳими, ерни сақлаб қолишди ва шунинг ортидан рўзғорини тебратишди.

Ташвишларнинг энг каттаси 2018 йилда бошланди. Туман ҳокимлиги вакиллари келишиб, ердан самарали фойдаланилмаётганлиги учун боғни бузиб, ўрнига пахта экилишини маълум қилдилар. Ҳамма ҳайрон. Ахир, кетмон урса тошдан ўт чақнайдиган бу ерда қандай қилиб чигит унади? Хаёлга келган саволлар ҳали ечимини топиб улгурмасидан боғни бузиш ишлари бошланди. Бунга қадар фермер хўжалиги раҳбарларига туман ҳокимлиги қарорини бериш тугул, огоҳлантирмадилар ҳам.

— Боғни бузишаётганлиги ҳақидаги хабарни эшитган заҳотим етиб бордим, — дейди «Хожиакбар боғи» фермер хўжалигининг раҳбари Маманазар Раҳимов. — Қарасам, узоқ йиллардан буён парваришлаб келган, ҳар йили гектаридан 12-15 миллион сўм даромад бераётган токларни кесишаётган экан. Уларга бу хатти-ҳаракат ноқонуний эканлигини уқтирдик. Арз қилмаган идорамиз қолмади, ҳисоб. Афсуски, шу тариқа 52 гектар майдондаги боғимиз бузиб ташланди. 110 та оилада ўртача 4 нафардан аъзо бўлганда ҳам 400 нафардан зиёд фуқаролар тирикчилик манбаидан айрилди.

— Чўнтагимиздаги сўнгги пулимизни қоқиштириб бўлса ҳам Тошкентдаги катта-катта идораларга ёрдам сўраб бордик, — дейди шу фермер хўжалиги ишчиси Шокиржон Рўзиматов. — Афсуски, ҳеч кимдан ёрдам бўлмади. Чиқмаган жондан умид, дея сенат аъзоси Матлубахон Ғаниевадан кўмак сўрадик. Тан олиш керак, шу пайтгача депутатлардан ёрдам олиш тугул, уларни танимасдик ҳам. Шу боис ишончсизлик ҳам йўқ эмас эди. Бироқ, энди аниқ биламизки, бугунги депутатлар, сенат аъзолари халқнинг ҳақиқий вакилига айланишибди. Бунга мурожаатимиз ижобий ечим топиб, боғни қайта ташкил этиш имконига эга бўлгач, яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.

Вазиятни ўрганган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Матлубахон Ғаниева масалага барча мутасаддиларни жалб этди. Натижада ернинг хусусиятидан тортиб, боғбонларнинг ҳуқуқий манфаатларигача атрофлича таҳлил қилинди. Масала 2021 йилнинг 14 январь куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Андижон туман Кенгашининг 13-сессияси кун тартибига киритилди. Натижа эса фермер хўжаликлари фойдасига ҳал бўлди.

Айни пайтда боғнинг бузиб ташланган 52 гектар майдонига янги кўчат экиш ишлари олиб борилмоқда. 6 та фермер хўжалиги таркибида самарали меҳнат қилаётган ишчилар туфайли салкам 500 нафар аҳоли тирикчилик манбаини қайта тиклади. Майдонда бўй кўрсата бошлаган янги ниҳоллар уларнинг ортда қолган икки йиллик моддий зарардан кўрган азиятларига чек қўйди.


@AGROBLOGER канали

Саминжон ҲУСАНОВ, xs.uz


Report Page