...

...

AGROBLOGER

Россиянинг Приморье ўлкаси ҳукумати раиси ўринбосари Костантин Шестаков бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди. Делегация таркибида Приморье ўлкасининг йирик савдо тармоқлари, улгуржи савдо билан шуғулланувчи компаниялари раҳбарлари бор.

Делегация аъзолари 6 март куни “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси вакиллари билан учрашди. Мулоқот давомида компания бошқарув раиси ўринбосари Абдумалик Абдуллаев ва бошқарма бошлиғи Баҳодир Юнусов меҳмонларни мамлакатимизнинг ҳўл ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича экспорт салоҳияти билан таништирди.

Асосий эътибор юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини Приморье ўлкасига экспорт қилишга қаратилди. Приморье ўлкасида Ўзбекистон маҳсулотлари ярмаркасини ташкил этиш ҳам муҳокама қилинди.



– Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотлар ажойиб таъми, юқори сифати билан ажралиб туради, – деди Костантин Шестаков. – Приморье ўлкасида Ўзбекистон маҳсулотлари ярмаркаларини ташкил этиш мижозларга ана шу ноз-неъматларни тўғридан-тўғри харид қилиш имкониятини яратишдан ташқари ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан савдо-иқтисодий ҳамкорлигимизни кенгайтиришга хизмат қилади.

Учрашув якунида “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси ва Приморье ўлкаси ҳукумати ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳўл ва қайта ишланган мева-сабазавот маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришни режалаштирган.



uza.uz

@AGROBLOGER канали

Report Page