...

...

FERMER

Тошкент вилояти ҳокимлигида пахта ва ғалла етиштирувчи туманларда фаолият олиб бораётган кластерларда амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги, тармоқ хўжаликларида белгиланган режаларнинг амалдаги ижроси масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев бошқарган йиғилишда секторлар раҳбарлари, агрокластерлар мутасалдилари ва тегишли бошқарма ва ташкилотлар масъуллари иштирок этди. Ҳозир ҳудудда 40 га яқин кластерлар, жумладан, пахта-тўқимачилик, ғаллачилик ва мева-сабзавотчилик таромқларида фаолият кўрсатмоқда. Хусусан, ўтган йили пахтачилик кластерларига 28 минг гектар ер майдони, 1 минг 196 та фермер хўжаликлари бириктирилди. Улар томонидан жами – 335 миллиард сўм инвестиция киритилди, 450 та иш ўрни яратилди, 3 миллион долларга тенг маҳсулот экспорт қилинди. 

Ғаллачилик кластерларига 24,1 минг гектар ер майдони, 2 минг 576 та фермер хўжаликлари бириктирилган бўлиб, улар томонидан жами – 319,2 миллиард сўм инвестиция киритилди. 1 минг 412 та иш ўрни яратилди. Вилоятда 6 та пахта-тўқимачилик кластерлари фаолият юритади. Лекин, етиштирилган пахтани қайта ишлаб, тайёр маҳсулотгача бўлган босқичлар фақатгина “Реал агро Соттон” томонидан йўлга қўйилган холос. Жорий йилда пахтачилик кластерлари томонидан қиймати 1 триллион 203 миллиард сўм бўлган 23 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Натижада 15 минг та янги иш ўрни яратилиб, экспорт камида 3 баробарга оширилади. 

Йиғилишда бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида мавжуд муаммолар кўриб чиқилди. Дастлаб Оққўрғон туманида фаолият олиб борувчи “АБС Оққўрғон кластер” пахтачилик кластери фаолияти таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, 2021 йилда туманда мазкур кластер томонидан 2 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш белгиланган бўлиб, амалда ишлар 36,2 фоизга бажарилган, холос. Жорий йилда 3 минг гектар ер майдонида томчилатиб суғориш белгиланган бўлиб, айни пайтда бу борадаги ишлар муддатидан кечикаётгани айтиб ўтилди. Шунингдек, “АПК Бўка” УК томонидан йиллик қуввати 35 минг тонна бўлган 44 миллиард сўмлик пахтани қайта ишлаш лойиҳаси ва йиллик қуввати 50 минг тонна бўлган 60,5 миллиард сўмлик донни қайта ишлаш лойиҳалари ҳалигача ишга туширилмаган. 2021 йилда амалга оширилиши режалаштирилган инвестицион лойиҳаларнинг шу пайтгача қилинмагани сабабли кластерда 500 та иш ўринлари яратилмаган. Бошқа йўналишларда ҳам ишлар кўлами қониқарли эмас. 

– Фермерларимиз кўп йўналишларда кластерлар фаолиятидан норози, – деди Зойир Мирзаев. – Бизга соҳада соғлом рақобат керак. Меҳнат қилган, ҳалол ишлаган одам ҳар қанча эътироф ва эътиборга муносиб. Аммо берилган ишончни суистеъмол қилган, айниқса, ерга хиёнат қиладиган одамни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. 

Йиғилиш давомида Қибрай, Қуйи Чирчиқ, Оҳангарон ва Пискент каби қатор туманлардаги кластерларнинг иши танқидий кўриб чиқилди. Уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш юзасидан таклифлар билдирилди. Берилган ишонч ва имкониятдан самарали фойдалана олмаётган кластерлар ўрнига истиқболли лойиҳаларни жорий этиш ва ташаббускорларни қўллаб-қувватлаш юзасидан келгуси режалар белгилаб олинди. 


А.Мусаев,ЎзА.

FERMER канали

Report Page