...

...

AGROBLOGER

Кунжут энг қимматли мойли экинлардан ҳисобланади. Унинг уруғида 48—63 фоиз мой, 16—19 фоиз оқсил ва 16—17 фоиз азотсиз моддалар мавжуд. Унинг ватани Африка бўлиб, Марказий Осиёга Ҳиндистондан келган. Ер юзида экин майдони 6,7 млн. га Ўзбекистонда ҳам кўп йиллардан бери экилиб келинмоқда.

 Кунжут иссиқсевар, ёруғсевар ўсимлик бўлиб, қисқа кунда ўсади. Ўзбекистонда „Тошкент-112“ нави экилади.

 Кунжут учун асосий ўтмишдошлар дуккакли дон экинлари, маккажўхори, оқжўхори ва беда ҳисобланади.

 Кунжут бир бор экилган ерга 6—7 йилдан кейин қайта экилади, чунки касаллик ва зараркунандалар билан кўп шикастланади.

 Кунжут учун узумзор, шўрланмаган ва бегона ўтлардан тозаланган ерларни ажратиш керак бўлади. У ернинг чуқур ҳайдалишини талаб қилади. Ер ҳайдашдан олдин бир гектар ерга 10—15 тонна гўнг, 40—50 килограмм фосфор билан озиқлантириб чимқирқар плуг билан 25—27 сантиметр чуқурликда ҳайдаб қўйилади.

 Баҳорда экишдан олдин ерлар шўрланган бўлса ювилади. Экишгача 1—2 марта культивация ва борона қилинади. Бегона ўтлар билан кам зарарланган ерлар апрель ойининг бошларида 8—10 сантиметр чуқурликда бир марта культивация ва бороналаш етарлидир.

 Экишдан олдин ерлар эгатлар орқали суғорилади. Тупроқ етилиши билан культиваторда ишланади, ундан кейин бороналанади ва мола босилади. Сизот сувлари яқин жойлашган ўтлоқи ва ўтлоқи-ботқоқ ерларни экишдан олдин суғорилмаса ҳам бўлади.

 Асосан экиладиган уруғларнинг сифатига катта эътибор берилиши керак. Уруғнинг тозалиги 95—98 фоиз ва унинг унувчанлиги 85—95 фоиздан кам бўлмаслиги лозим. Кунжутнинг уруғини тупроқ ҳарорати 15—16 градус бўлганда экиш мақсадга мувофиқ бўлади. Кунжут кеч кўкламда май ойининг биринчи декадасида экилади. Анғизга 10—15 июнда экилиши зарур.

 Кунжут кенг қаторлаб экилади, қатор ораси 60—70 сантиметр, экиш чуқурлиги 3—5 сантиметрдан ошмаслиги керак. Бир гектар ерга 1,5—2,0 миллион дона ёки 5—6 килограмм уруғ экилади. Экиш билан бир қаторда эгатлар олинади ва қондириб суғорилади. Уруғлар 5—6 кунда униб чиқади, майсалари — 4 градус совуқда нобуд бўлади.

 Ўсув даврида 2—3 марта культивация қилинади, ягана қилинмайди. 2—4 марта суғорилади. Сизот сувлари яқин жойлашган майдонларда экилган ўсимликка 1—2 марта суғориш етарли бўлади. Гуллагунча 40—50 кг азот ва 20 кг калий билан озиқлантириб суғорилади. Гуллагандан кейин гектар ҳисобига яна азотли ўғитлардан 30 кгва фосфорли ўғитлардан 20 кг дан бериб суғорилади. Ерлар юмшатилади ва бегона ўтлардан тозаланади. Кунжут ўсув даврининг дастлабки 30—40 кунида секин ривожланади ва бегона ўтлар кўпроқ таъсир кўрсатади. Унинг вегетацион даври 80—120 кун ҳисобланади.

 Вегетация охирида ўсимликнинг барглари сарғайиб тўкилади, пастки кўсакчалари олдин етилади. Вақтида унинг ҳосили йиғиб олинмаса кўсакчалар ёрилиб уруғ тўкилади. Ўроқ машинасида ўриб йиғиб олинган кунжут боғланиб хирмонда қуритилади ва 10—12 кундан кейин қўлда янчилади. Ўсимликни пастга қараган ҳолда қоқиб олинади. Дон тозалаш машиналарда тозаланади ва қопда ёки 20—30 сантиметр баландликдаги тоза ерда сақланади. Сақланадиган уруғликда намлик 9 фоиздан кўп бўлмаслиги керак.


@AGROBLOGER канали

Report Page