...

...

AGROBLOGER

Қувалик миришкорлар нафақат Фарғона вилоятида, балки юртимизда гулчилик, кўчатчилик, боғдорчиликда донг таратган.

Хусусан, бу ерда жойлашган Томорқа ер участкаларини ривожлантириш республика илмий-амалий марказида бу борада катта тажриба бор. 

– 400 гектарга яқин еримизнинг 180 гектари мевали, 200 гектардан ортиғи ёш боғлардан иборат, – дейди марказ раҳбари ўринбосари Ҳожиакбар Ҳожиматов. – Бугунги кунда 280 дан зиёд пудратчилар билан ижара шартномаси асосида иш олиб бориляпти. Айни пайтда барча агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш, етилган кўчат ниҳолларини сотиш авж палласида. Жумладан, республикамизнинг барча вилоятларидан келиб, мевали ва манзарали кўчатларни олиб кетишяпти. Мавсум охиригача ҳар бир вилоятга бир миллион тупдан арзон нархларда кўчат етказиб бермоқчимиз. 

Бу ерда етиштирилган янги навли кўчатлар, гул ниҳоллари, мева-чевалар нафақат ички бозорда сотилади, балки хорижга экспорт қилишга ҳам катта эътибор берилади. Экспортёр корхоналар, шунингдек, Абдурасул Ҳасанов, Хурсан Исмоилов каби тадбиркорлар томонидан Қозоғистон, Қирғизистон, Россия давлатларига кўчатдан тортиб мева, полиз маҳсулотларигача экспорт амалга ошириб келинади. 

– Олма, беҳи, нок каби уруғли дарахтларга кузда шакл берилса, ўрик, шафтоли сингари данакли дарахтлар баҳорда кесилади, – дейди бош ҳосилот Аҳмаджон Мусаев. – Пудратчиларимиз ёш боғлар қатор ораларида кўчат ниҳоллари, қулупнай, помидор каби экинларни парваришлайди. Миришкор деҳқонларимиз етиштирган атиргуллар ҳатто Германияда ҳам харидоргир. 

Марказда томорқа ер эгаларини сифатли уруғ ва кўчатлар билан таъминлаш, наслчиликни яхшилаш, интенсив боғлар яратиш, замонавий иссиқхоналар қуриш, томчилатиб суғориш каби соҳаларда илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. 

Бу ерда юртимизда етиштириладиган мева навларининг барчасидан – ёнғоқ, бодом, нок, узум, анжир, дуб, арча, гуллар ҳам бор. Мисол учун, шафтолининг юз, ўрик, олма, нок каби меваларнинг элликдан ортиқ навлари яратилиб, парваришланмоқда. Биргина ўрикнинг “Қилич”, “Йўлдош”, “Лола” каби ички бозорда харидоргир, ҳам экспортбоп навлари яратилиб, оммалаштирилмоқда. Илмий асосда орттирилган бой тажрибалар, замонавий агротехник тадбирлар, яратилган янги навлар, соҳадаги ислоҳот ва янгиликлар билан тадбиркорлар, боғбонлар ва томорқачилар мунтазам таништириб борилади. Томорқадан унумли фойдаланиш, боғдорчилик, гулчилик каби йўналишларда доимий ўқув курслари ташкил қилинган.

“Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Исмоилжон Умурзоқовнинг айтишича, ҳудудда ҳар йили декабрь-апрель ойларида ишчи кучига эҳтиёж ортади. Ҳар куни икки юздан ортиқ кунлик ишловчилар банд бўлади. 

– Қишлоғимиз одамлари меҳнаткаш, ўз ишининг усталари, – дейди маҳалла раиси. – Деярли ҳаммаси мана шу марказнинг пудратчилари ҳисобланади. Томорқачиликдан йилига 50-60 миллион сўм даромад олади. Ҳозирги пайтда маҳаллада “Темир дафтар”га тушганлар қолмади. Рости, бир нафар фуқаро бор эди. Ишсиз Сардоржон Юсуповга марказ тасарруфидаги бир гектар ерни бир йиллик ижарага бердик. Агар астойдил меҳнат қилса, шартнома шартларини ўз муддатида бажариб борса, камчилиги бўлмайди.

Марказда Корея, Хитой технологиялари асосида намунали иссиқхоналар барпо этилди. Ҳар бирининг ўзига хос афзаллик жиҳатлари бор. Бу йил Қувасой адирликларидаги 100 гектар майдонда Туркия технологияси асосида томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.


@AGROBLOGER канали

М. Сулаймонов, ЎзА


Report Page