...
AGROBLOGER2 март куни ОАВ ходимлари учун Қуйи Чирчиқ туманидаги «TCT cluster» корхонасига пресс-тур ташкил қилинди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Кластер раҳбари – Ўзбекистондаги биринчи пахта-тўқимачилик кластери таъсисчиси, сенатор Муртазо Раҳматов туманда пахта тўқимачилик кластерига ўтишдаги илк натижалар бўйича тақдимот қилиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
Пресс-тур давомида кластер раҳбарига журналистлар томонидан айрим туманларда қишлоқ хўжалигининг барча тармоқлари кластерлар ҳисобига ўтиб кетаётгани ва бу монополиянинг кўриниши эмасми, мазмунида савол берилди.
Саволга «TCT cluster» корхонаси раҳбари Муртазо Раҳматов жавоб берди.
«Бу менинг шахсий фикрим: ишлаб чиқаришнинг қандай усули бўлишидан қатъи назар, у халққа, ватанга ва шу ерда ишлайдиганларга фойда келтириши керак.
Агар сиз бизнинг кластерни монополия деб ўйлаётган бўлсангиз, бу нотўғри. Чунки бизнинг кластер 6-7та корхонадан иборат. Бу корхоналарнинг барчаси мустақил. Бу умуман монополия эмас.
Иккинчидан, агар шундай монополия бўлса, бўлсин шундай монополия. Халққа яхшилик келтирса, шунинг бўлгани маъқул.
Биз бу ердан фойдани олиб кетаётганимиз йўқ. Нега одамлар монополияни гапиришади? Чунки монопол фақат ўзи фойда олади. У фақат ўз маҳсулотини сотади, бошқалар сотолмайди. Қани бизда фойда? Биз 5-10 йилда ҳам фойда олиш ниятимиз йўқ. Олган фойдамизни яна шу ерга сарфлаймиз», – деди у.
Сенаторнинг фикрларини унинг ходимларидан бири тўлдирди. Унга кўра, кластерлар ёпиқ ташкилот эмас ва «Кооперациялар тўғрисида»ги қонун асосан, фермер хўжаликлари кластерлар билан шартномада ишлаши мумкин.
«Ҳуқуқий нуқтайи назардан ҳам кластер монополия эмас. Сабаби, кластерлар борасида қонуний эшиклар турибди», – дея «TCT cluster» корхонаси ходими сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
kun.uz
@AGROBLOGER канали