...

...

AGROBLOGER

Бундан бир ой олдин EastFruit 2022 йилнинг январь ойида Ўзбекистондан карамнинг асосий турлари экспорти рекорд ҳажмда бўлгани ҳақида ёзган эди. Бунинг сабаби, ташқи бозорларда ушбу маҳсулотга талаб кескин ошганидир. Февраль ойида ҳам асосий ташқи бозорларда вазият оқ бошли карам, Пекин карами, гулкарам ва брокколи етиштирувчи ўзбекистонлик фермерлар ва экспортёрлар учун қулайлигича қолди.

Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2022 йилнинг февраль ойида карамнинг асосий турлари бўйича экспорт ҳажми жисмоний жиҳатдан қуйидагича кўриниш касб этди:

  • оқ бошли карам – 17,2 минг тонна, бу 2021 йилнинг шу ойига нисбатан 2,2 баробар кўп;
  • гулкарам ва брокколи – 2,5 минг тонна, бу 2021 йилнинг февраль ойига нисбатан 62 фоизга кўп;
  • Пекин карами – 710 тонна, бу 2021 йилнинг февраль ойига нисбатан 3,6 баробар кўп.

Экспорт географиясига келсак, оқ бошли карам экспорти умумий ҳажмининг 99 фоизи тўрт импортёр давлат – Қозоғистон (80%), Россия (10%), Қирғизистон (6%) ва Беларусь (3%)нинг умумий улушига тўғри келади; гулкарам ва брокколининг қарийб 98 фоизи – Қозоғистон (61%), Россия (17%), Қирғизистон (12%) ва Украина (8%)нинг умумий улушига тўғри келади; Пекин карамининг деярли барча ҳажми уч мамлакат – Қозоғистон (74%), Россия (18%) ва Беларус (8%)га жўнатилди.

2022 йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистон жами 28 минг тонна оқ бошли карам экспорт қилди, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 баробар кўп кўрсаткичдир.

2022 йилнинг январь-февраль ойларида бошқа турдаги карамлар экспорти ҳажми жисмоний жиҳатдан қуйидагичадир:

  • гулкарам ва брокколи – 6,2 минг тонна, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 баробар кўп;
  • Пекин карами – 1,7 минг тонна, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 6,6 баробар кўп.

Эслатиб ўтамиз, EastFruit 2022 йил февраль ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистонда эртаги карам экиладиган майдонлар кескин кўпайгани ҳақида ёзган эди. Бу эса табиийки, ушбу турдаги сабзавот бўйича нархлар яқин ойлар ичида минтақа бўйлаб барқарорлашуви ва ҳатто, эҳтимол, пастлашига умид беради.


EastFruit

AGROBLOGER канали

Report Page