...

...

FERMER

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (“Ўзбеккосмос”) томонидан ерни масофадан зондлаш ва космик мониторинг технологияларини қўллаган ҳолда давлат органлари фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашиш, бу борада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, агентлик томонидан Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Airbus компанияси вакиллари билан биргаликда “Geo Ferma” лойиҳаси амалга оширилмоқда.  

Мазкур лойиҳа доирасида Самарқанд вилоятининг Жомбой, Оқдарё ва Пайариқ туманларининг тахминан 2000 кв.км. бўлган қишлоқ хўжалиги ерлари, яъни пахта ва ғалла экин майдонларининг сунъий йўлдош аппаратлари ёрдамида олинган ва ишлов берилган маълумотларини таҳлил қилган ҳолда синов-тадқиқот ишлари ўтказиш белгиланган.

Самарқанд вилояти ҳокимлигида ўтказилган учрашувда мазкур лойиҳа ҳақида маълумот берилди ҳамда “Ўзбеккосмос” агентлигининг имкониятлари юзасидан тақдимоти намойиш этилди. Тадбирда агентлик масъуллари ва Франциянинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамда Airbus компанияси вакиллари, Самарқанд вилояти қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилар иштирок этди. Агентлик бош директори, бошқарма бошлиқлари, Франция Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Airbus компанияси вакиллари Оқдарё, Пайариқ ва Жомбой туманларидаги қишлоқ хўжалиги ерларида рақамлаштириш бўйича лойиҳа доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

 Таъкидланишича “Geo Ferma” лойиҳаси “Ўзбеккосмос” агентлиги ва унинг франциялик ҳамкори – Airbus компанияси билан биргаликда Франция ҳукуматининг “FASEP” грант дастури доирасида молиялаштириш кўзда тутилган. Лойиҳа 15-18 ой давом этади. 

 – “Geo Ferma” лойиҳасини амалга ошириш натижасида буғдой ва пахта экинларини хариталаш орқали ҳосилдорликни назорат қилиш ва режалаштириш, экинларнинг ҳолатини мониторинг ва таҳлил қилиш, далалар электрон маълумотлар базасини шакллантиришга эришилади, – дейди “Ўзбеккосмос” агентлиги бошқарма бошлиғи Жасур Умаров. 

 Учрашувда лойиҳа ташаббускорлари иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди ҳамда лойиҳа бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди.



Ғ.ҲАСАНОВ, 

А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА

FERMER Канали

Report Page