...

...

AGROBLOGER

Бухоро вилоятида 30 минг гектар майдонда боғ-токзор барпо этилмоқда.

Бу жараёнда селекция ишларини олиб бориш, ток ва ниҳолчиликда маҳаллий иқлим ва тупроқ шароитига мос сара навларни танлаш жуда муҳим. Шу маънода, маҳаллий ва хорижий инвесторлар салоҳиятидан тўғри фойдаланган ҳолда кўп йиллик, узоқ вақт сақланадиган ва касалликка чидамли, серҳосил навларни олиб кириш ва кўпайтириш тақозо қилинмоқда. Айни чоғда барча туманларда тадбиркор ва фермерларнинг саъй-ҳаракати билан янги усулда ресурс-тежамкор интенсив боғлар яратилмоқда. 

Вобкент тумани “Қўнғирот” ва “Янгикент” ҳудудида пахта етиштирилаётган 350 гектар ер майдони “Garden Bukhara Agrocluster” МЧЖ тасарруфига ўтказилган. Бунда йилига 1 минг 278 тонна юқори сифатли пахта хом ашёси етиштириш мақсад қилинган. Шу билан бирга, мана учинчи йилдирки, мазкур МЧЖ да йирик интенсив боғ барпо этишга киришилгани ҳам ўнлаб маҳаллий оилалар ва улардаги меҳнатга лаёқатли аҳоли вакиллари бандлигини таъминламоқда. Шу кеча-кундузда эса бу боғда қишки агротехник тадбирлар якунланмоқда. Мевали дарахт ниҳоллари буталаниб, маҳаллий ўғит киритилмоқда. Чуқур шудгорланган ер майдонини “оби ҳаёт” га қондириш ва экишга тайёрлаш каби ишлар авжида. Вилоят туманлари ичида Вобкент йириклиги жиҳатидан 1 минг 218 гектар боғ-токзори билан учинчи ўринда турибди. 

Мавжуд боғ-токзорларни тартибга келтириб, турли касалликларга қарши дорилаш, биологик ва кимёвий ишлов бериш зарур. Ҳар гектарига 3 килограммдан мис купороси, яъни “bordo” ҳамда “aminos” суюқликларини кенг қўллаш тавсия этилган. “Bordo” суюқлиги фунгицид бўлиб, нафақат мева дарахтлари, резавор мевалар, цитрус ўсимликлар ёки узумда, балки картошка, помидор, бодринг, қовун, пиёз ва бошқа ўсимликларда ҳам касаллик ва зараркунандаларга қарши кенг қўлланилади. Мис купороси таъсир этувчи фунгицид сифатида олмадаги калмараз, данакли мевалардаги клястероспориоз ва бошқа касалликларга қарши ишлатилади.  

Вилоятнинг барча туманларида, маҳалла ва қишлоқларида боғ-токзорларни парваришлаш, эртанги баҳорда қилиниши зарур бўлган агротехник тадбирларни кечиктирмаслик, худди шундай, ҳар қарич томорқа еридан унумли фойдаланиш, экин ерига эга бўлган оила ва хўжаликларни “уйғотиш” ва ҳалол меҳнатга чорлаш, шу кеча-кундузда картошка, сабзи, карам ва бошқа сабзавот маҳсулотлари экишни авж олдириш мақсадида ўқув-амалий кўргазмали семинар-тренинглари мунтазам ташкил қилинмоқда. 

– Шу кеча-кундузда туманнинг ҳар бир маҳалласида 30 гектар атрофида аҳоли томорқаси ва шу қаторда ўнга яқин фермер хўжалиги ерларида картошка экиш ишлари бормоқда, – дейди Вобкент тумани Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Азизбек Мираков. – Биргина “Қипчоқ” МФЙ ни олсак, “Раҳматов Азизбек Ўктамович”, “Отабек Оғажон”, “Неъматов Амирбек Рустамович”, “Малик Шариф Шукур”, “Набиева Нозикойим Шукуровна”, “Чангарон замини”, “Эшмуродов Бекмурод”, “Аҳмад Насиба Аслиддин”, “Моҳитобон Мавлуда” каби 13 та фермер хўжалигида умумий 26 гектар ерда бошланган картошка экиш ишларига Покистон Республикасидан келтирилган жами 65 тоннадан ортиқ уруғлик картошка сарфланмоқда. Баъзи ҳудудларда, аниқроғи “Роҳкент” МФЙ даги “Ўриной Мирзаева”, “Пирмаст” МФЙ даги “Ислом Боқиев”, “Хайробод” МФЙ даги “Иззат Илёс замини”, “Сайфулло Жумаев”, “Паноб” МФЙ даги “Шавкат-98”, “Асад Бахшулло Неъмат ўғли”, “Халач” МФЙ даги “Қорёғди зилол чашмаси”, “Бобомурод Беҳруз Шерзод” каби фермер хўжаликларида ўртача 3 гектар атрофидаги ерда “иккинчи нон”, яъни картошка етиштирилаётгани уларда меҳнат қилаётган жамоалар рўзғори учун ҳам яхши фойда. 

 Ўтган йили баҳор ойларида бозор ва савдо расталарида бир килограмм сабзининг нархи кескин ошгани кўпчиликка маълум. Ана шундай танқислик олдини олиш мақсадида бу йил айни қиш кунларидан эртапишар сабзи етиштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Вобкент туманида ҳам эрта баҳор олдидан “дуга” усулида, полиэтилен остида сабзининг “KURODA KING” нави кенг экилмоқда. 

Бу сабзавот навининг афзаллик томони шундаки, вегетация даври 90 кун бўлиб, ҳосилдорлиги 500 центнерга етади. Бу ҳар гектар ердан 50

тонна сабзи олиш мумкин дегани. Хомаки ҳисоб-китобларга кўра, 10 сотих ердан 25 миллион сўмгача даромад олинади. Шу ерга кетадиган сарф-харажат эса уч ойда 6 миллион сўм атрофида бўлса, қўлга киритиладиган даромад 18 миллион сўмдан кам эмас. 


Зариф Комилов, ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page