...

...

AGROBLOGER

27 февраль куни Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти хамкорлигида докторантлар ва ёш олимлар учун “COVID-19’дан кейин: Барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги” мавзусида онлайн шаклда вебинар ташкил этилди.

Ассоциация вакилининг Kun.uz мухбирига берган маълумотига кўра, вебинарда Германиядаги тадқиқот институтларида ишлаётган ўзбекистонлик олимлар “COVID-19 давридан кейинги органик қишлоқ хўжалиги”, “Озиқ-овқат хавфсизлигига эришишда сув тежамкор суғориш технологиялари” каби мавзуларда илмий-оммабоп маърузалари билан қатнашган.

Қайд этилишича, қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётида энг муҳим соҳа бўлиб қолмоқда ва ялпи ички маҳсулотнинг 28,2 фоизини ташкил этади.

«Кузатилаётган ўзгариб турувчи табиий иқлим, аниқ бир меъёрга эга бўлмаган ёғинлар, совуқ қиш ва ёзнинг қуруқ иссиғи экинлар ҳосилдорлигининг бир маромда ошишига салбий таъсир этмоқда.

Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда республикамизда деҳқончиликни янада ривожлантиришда ресурс тежовчи технологиялар бўйича илмий тадқиқотларнинг янги усулларини яратиш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш зарурияти мавжуд.

Ушбу вебинар қишлоқ хўжалигининг долзарб масалалари ва муаммоларини илмий томондан ҳал этишда ёш олимлар ва вебинар иштирокчилари учун илмий тадқиқот ишларини бажаришда фойдали бўлади», дейилади ассоциация маълумотида.

«Озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришнинг вақтинча узилиши кам даромадли оилаларга кучли салбий таъсир кўрсатмоқда»

Нодир Жонибеков

Ўтиш даври иқтисодиёти мамлакатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Лейбниц институти (ИАМО) профессори Нодир Жонибеков пандемиядан кейинги қишлоқ хўжалигини ривожлантириш истиқболлари ҳақидаги маърузасида пандемия шароитида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришдаги тўсиқлар, Ўзбекистонда фермер хўжаликлари ривожланишидаги муаммолар ҳақида ўз изланишлари билан ўртоқлашди.

«COVID-19 барқарор ривожланиш мақсадларига (SDG) эришишга катта таъсир кўрсатяпти. Ривожланаётган давлатларда COVID-19’нинг қишлоқ хўжалигига таъсирига доир мисоллардан бири бу озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш каналларининг вақтинча узилишидир. Бу, асосан, энг кам даромадли оилалар учун кучли салбий таъсир кўрсатиб келмоқда.

COVID-19’нинг тарқалишига қарши чора-тадбирлар фермерлар ва деҳқонлар маҳсулотларини маҳаллий бозорларга, дўконларга ёки яқин шаҳарларга етказиб беришида қийинчиликларга олиб келди.

HoReCa соҳаси чекловлари туфайли юқори қийматли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш тармоқларининг ривожланиши секинлашди. Ҳаракатланиш чекловлари фермерлар учун ишчи кучига талаб энг юқори бўлган ойларда мавсумий ишчиларнинг етишмаслигига олиб келди.

Бошқа томондан, қишлоқ хўжалиги ишчилари учун озиқ-овқат сотиб олиш қобилиятига таъсир кўрсатадиган даромадлар йўқолишига ҳам олиб келди», деган Лейбниц институти профессори Нодир Жонибеков.

«Фермерларнинг институционал меъёрларга ишониши ва қарор қабул қилишда эркинлиги паст»

Олим, шунингдек, Самарқанд вилоятидаги фермерлардан олинган сўровлар асосида фермерлар борасида ўз хулосаларини берган.

«Фермерларнинг ижтимоий меъёрлари таҳлили шуни кўрсатадики, сўровномада иштирок этган 460 нафар фермернинг 90 фоизи ижтимоий тадбирларда қатнашишни фермерлик фаолияти учун муҳим деб жавоб беришган.

Шунингдек, улар бошқа фермерларга қараганда маҳаллий ҳокимиятнинг фикрига кўпроқ эътибор беришини билдиришган.

Институционал омиллар таҳлилига қарайдиган бўлсак, сўровномада қатнашган фермерларнинг 92 фоизи ўз фарзандларидан бири фермер хўжалигини юритишни давом эттиришини хоҳлашини билдирган ва ижара ҳужжатларини фермернинг ерга эгалик ҳуқуқини ҳимоя қилишда муҳим деб кўрсатган.

Шундай бўлса-да, таҳлиллар фермерларнинг институционал меъёрларга ишониши ва қарор қабул қилишда эркинлиги пастлигини кўрсатди.

Судларнинг бошқа фермерлар билан низоларни ҳал этишда ишончлилигини аксарият фермерлар билдириб ўтган бўлса-да, маҳаллий ҳокимият билан низоларни ҳал этишда судларга ишониш даражасини паст баҳолашган.

Бундан ташқари, кўп фермерлар ўз жавобларида экадиган экин турини ва сотиш каналларини танлашда қарор қабул қилиш эркинлигини паст деб баҳолашган. Ушбу ҳолатлар фермерларнинг барқарор қишлоқ хўжалиги амалиётларини ва ресурс тежамкор технологияларни қўллаш даражасига таъсир қилиши мумкин», деган ўзбекистонлик олим Нодир Жонибеков.

Олим юқорида келтирилган кўрсаткичларни эътиборга олган ҳолда, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш истиқболлари сифатида бир неча таклифларни илгари сурган:

  • узоқ муддатли фермерлик фаолиятига кафолат бериш ва ижарага олинган ерларнинг ҳужжатлари ишончлилигини ошириш;
  • фермерларнинг қарор қабул қилиш эркинлигини кучайтириш, айниқса экадиган экин турини ва сотиш каналларини танлашда;
  • фермерларда судларга ва маҳаллий ҳокимиятга ишончни ошириш ва жамоатчилик олдида илғор фермерларнинг обрўси ва мавқеини ошириш.


@AGROBLOGER канали

kun.uz

Report Page