...

...

AGROBLOGER

Кейинги йилларда мамлакатимизда интенсив боғ ва токзорлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу кўчатларнинг эрта ҳосилга кириши, ҳосилдорликнинг юқори бўлиши ва бошқа бир қанча афзалликларга эгалиги билан аҳамиятлидир. Навоий вилоятида жорий йил 7012 гектар майдонда интенсив боғ ва узумзор барпо этиш режалаштирилган.

Мутахассислар интенсив боғларнинг афзаллигини дарахтларнинг танаси кичик бўлганлиги учун улар билан ишлаш, яъни ишлов бериш, суғориш, кесиш, шакл бериш, дори сепиш ва мевани теришнинг қулайлигида, деб таъкидлайди. Бундай боғларда дарахт танасига ёруғлик тушиши, ҳаво айланиши яхши бўлганлиги учун мевасининг сифати юқори бўлади.

Вилоятда 3876 гектар токзор ва 3136 гектар боғ яратиш тадбирлари қизғин олиб борилмоқда. Боғ яратиш учун 2 миллион 611 дона кўчатга эҳтиёж бўлиб, шу кунга қадар 1 миллион 307 дона кўчат етказиб берилган. Кўчатларни етказиб бериш бўйича ҳудудлардаги “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари билан шартномалар тузилмоқда. Айни пайтда боғ яратиш мақсадида 159 нафар фермер ва деҳқон томонидан 1860 гектар ер майдони кўчат экишга тайёрланди.

Токзорлар барпо қилиш учун эса талаб қилинадиган 4 миллион 295 дона кўчатдан 2 миллион 758 донаси фермер ва тадбиркорларга етказиб берилди. 1981 гектар ер майдони кўчат экишга тайёрланган бўлса, 1424 гектар майдонда токзор барпо этилди.

Хатирчи тумани азалдан узумзор боғлари ва майизи билан машҳур. Жорий йилда ҳудудда 1690 гектар майдонда токзор ва 540 гектар ерда боғ барпо этиш режага киритилган. “Ўзагроинспекция” туман бўлими инспекторлари фермерлар билан учрашиб, ерларни тайёрлаш, кўчат танлаш бўйича тавсияларни бермоқда.

Ҳудуддаги “Кўксарой” маҳалласида жойлашган “Зарафшон голден сити” фермер хўжалиги томонидан жорий йил 100 гектар майдонга 111 минг дона кўчат ўтқазиш ҳисобига узумзор яратиш режалаштирилган. Бугунги кунда 36 гектар майдонга узумнинг қора кишмиш навли кўчати ўтқазилди. Қолган майдон ҳам бегона ўтлардан тозаланиб, экишга тайёр ҳолатга келтирилмоқда.

Боғдорчиликка ихтисослашган “TRIUMF FRUITGARDENS” фермер хўжалиги режадаги 40 гектарнинг 18 гектарига боғ барпо қилиб, олманинг серҳосил ва харидоргир “голден” навли кўчатидан ўтқазди.

– Туманимизда жорий йил 198 нафар фермер, тадбиркорлар томонидан интенсив боғ ва узумзорлар яратилади, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Хатирчи туман бўлими катта инспектори Жамолиддин Бобомуродов. – Ерларни сифатли тайёрлаш, кўчат ўтқазишда уни сертификатланганига аҳамият қаратиш, зарур агротехник тадбирларни кечиктирмай вақтида олиб бориш бўйича фермер, тадбиркорларга тегишли кўрсатмаларни бераяпмиз. Майдонларда ер тайёрлаш билан бирга тик қудуқ қазиш, электр энергияси кабелларини тортиш ишлари давом этяпти. Баҳорги кўчат ўтқазиш ишларини 15 апрелга қадар тугатиш режалаштирилган.

Нурота туманида эса 635 гектар майдонда янги боғ, 1045 гектар ерда токзор барпо этилади. Ҳудуддаги “Nurota Golden Grоpes” МЧЖ томонидан 40 гектар майдонда узумзор ташкил этилади. Ҳозирга қадар 15 гектар ерга узумнинг 15 минг дона “қизил ризамат”, “ҳусайни”, “қора мерс” навли кўчатларидан ўтқазилди. Токларни парваришлаш учун томчилатиб суғориш технологияси ҳам ўрнатилди.

– Марғилонлик боғбонлар билан уч йилга шартнома қилиб, кўчатларни олиб келиб ўтқаздик, – дейди МЧЖ раҳбари Шарофат Эломонова. – Уч йилдан сўнг кўчатлар ҳосилга киради. Қолган 25 гектарга виночилик саноатида фойдаланиладиган узум навидан экишни мўлжаллаб турибмиз. Ҳозир ерларни сифатли қилиб текислаяпмиз. Келажакда узумларимизни чет давлатларга экспорт қилишни режалаштирганмиз.

Қизилтепа туманида ҳам 1150 гектар майдонда янги боғ бунёд этилади. Бугунги кунга қадар бунинг учун фермерларга 499 минг дона кўчат етказиб берилди. Туманда барпо этилган боғ майдони 325 гектарни ташкил этади. Навбаҳор туманида эса янги яратилган боғ 72, Карманада 84, Конимехда 38 гектарга тўғри келади.

Таъкидлаш жоизки, интенсив боғ ва токзорлар ҳосилдорлигини таъминлашда тупроқни доим озиқлантириб туриш, агротехник жараёнларни ўз вақтида ўтказиш зарур саналади. Бу ҳар гектар майдондан 4-5-йили 50-60 тоннадан ҳосил олишга эришиш деганидир.


@AGROBLOGER канали

Абдували Бўриев, ЎзА

uza.uz


Report Page