...

...

AGROBLOGER

Насос станцияларида электр энергияси ва сув сарфини «онлайн» мониторинг қилиш тизими жорий этилади

БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳозирги кунда сайёрадаги 10 кишидан 3 нафари хавфсиз бошқариладиган ичимлик сув манбаларидан фойдаланиш имкониятига эга эмас. Ҳар 10 кишидан 6 нафари санитария хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга эмас. Дунё аҳолисининг 40 фоиздан кўпроғи учун сув танқислиги долзарб муаммодир ва зарур чоралар қўлланилмаса, келгусида бу кўрсаткич янада ёмонлашиши кутилмоқда. Ҳозирги кунда 1,7 миллиарддан ортиқ одам сувга эҳтиёж сувни қайта тўлдириш ҳажмидан ошадиган дарёлар ҳавзаларида яшамоқда. Дарёлар, кўллар ва сув қатламларидан олинадиган сувнинг қарийб 70 фоизи суғориш учун ишлатилмоқда.

Дунё аҳолисининг ўсиши билан сув ва озиқ-овқатга бўлган талаб ортиб бормоқда. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш етарли даражада эмаслиги, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит шароитининг ёмонлашиши туфайли кўплаб сув манбалари хавф остида қолмоқда. Дунё ресурслари институтининг прогнозларига кўра, 2040 йилга келиб, жаҳоннинг 33 давлати сувнинг ўта даражада танқислиги муаммоси билан тўқнашади. Бу мамлакатлар орасида Марказий Осиё давлатларининг барчаси мавжуд.

Қолаверса, сув айрим минтақалар учун геосиёсий барқарорлик омили бўлиб, сувдан фойдаланиш ва тақсимлашнинг самарали ва барқарор амалиётларини ишлаб чиқиш минтақа мамлакатларининг келажакдаги иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун жуда муҳимдир.

Мамлакатимизда сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш бўйича ижобий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбари раислигида 24 февраль куни қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Видеоселектор йиғилишда сувдан тежаб фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жорий йил суғориш мавсумида сув таъминоти меъёрга нисбатан 25 фоиз кам бўлиши кутилмоқда. Шу боис, сув исрофига умуман йўл қўймаслик ҳаётий зарурат. Хусусан, сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонлари 5 баробарга кўпайтирилиб, 430 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали 3 миллиард кубометр сувни иқтисод қилиш мумкин.

Бу, ўз навбатида, шундай технология ва ускуналарга талабни оширади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, томчилатиб суғориш тизимлари ва қувурлар ишлаб чиқариш учун жорий йил февраль-апрель ойларида 35-40 минг тонна полиэтилен зарур. Шу боис, сув тежовчи технологиялар учун зарур бўлган полиэтилен ва полипропилен учун импорт божи 1 октябргача бекор қилинди.

Сув хўжалиги вазирлигига 3 мингдан зиёд насосларни таъмирлаш ва янгилаш, насос станцияларида электр энергияси ва сув сарфини «онлайн» мониторинг қилиш тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.

Шу билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепциясида белгиланган вазифаларни 2020 — 2022 йилларда амалга ошириш бўйича тасдиқланган «йўл харита»сида Сув хўжалиги вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини, сув ресурсларини бошқариш, сувдан самарали фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш мақсадида Сув кодексини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Умуман олганда, концепция доирасида амалга ошириладиган ишлар сув ресурслари захираси ҳамда аҳолини ва иқтисодиёт тармоқларини сув билан таъминлашда юзага келадиган таҳдидларни олдини олиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, трансчегаравий сув ресурсларидан адолатли фойдаланиш ҳамда сув тежовчи технологияларини амалиётга кенг жорий қилиш орқали сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш имконини беради.

Шунингдек, жорий йилнинг 24 февраль куни давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат билан насос станцияларидаги 518 та насос агрегати ва 807 та электродвигатель замонавий энергия тежамкорларига алмаштирилиши, уларнинг йиллик электр энергияси истеъмоли 7,6 миллиард кВт.сдан 7,15 миллиард кВт.с гача камайтириш, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш 308 минг гектардан 1,1 миллион гектаргача, шу жумладан томчилатиб суғориш технологияси 121 минг гектардан 822 минг гектаргача етказиш белгиланди.

Шунингдек, шўрланган майдонлар 1 926 минг гектардан 1 888 минг гектарга, шу жумладан ўртача ва кучли даражада шўрланган ерлар 581 минг гектардан 532 минг гектаргача қисқартириш, ер ости сув сатҳи муаммоли ҳолатда (0-2 метр) бўлган суғориладиган ер майдонлари 988 минг гектардан 900 минг гектаргача камайтириш ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган жами 232 минг гектар суғориладиган ер майдонлари қайта фойдаланишга киритиш масалалари ҳам қарорда ўз аксини топган. Бу каби омиллар соҳанинг истиқболига, тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этишда муҳим омил бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш орқали сув баланси ва экология бузилишининг олдини олиш мумкин, бу нафақат аграр соҳани кафолатланган ва барқарор сув билан таъминлаш, балки минтақанинг экологик хавфсизлигини сақлаш имконини ҳам беради.


Равшанбек БEГМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси


@AGROBLOGER канали

xs.uz

Report Page