...

...

AGROBLOGER

Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги, “Яйловлар тўғрисида”ги қонунларига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар орасида узоқ муддатли ижара шартномаси асосида ерни ижарага олганлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда вақтинчалик фойдаланишга, иккиламчи ижарага бир йил муддатга шартнома асосида беришига рухсат берилмоқда.


Бу ҳақида аграр тармоқда фаолият юритаётган ва дахлдор вакилларни фикр-мулоҳазаларини ўргандик.


Комила Жуманазарова, Тошкент вилоятидаги “Достонбек Азизбек” фермер хўжалиги раҳбари:


– Амалдаги қонунчиликдаги иккиламчи ижарага бериш тақиқланиши тўғрисидаги чеклов олиб ташланаётгани яхши бўлди. Аччиқ бўлса-да тан олишга мажбурмиз, ғалладан бўшаган ерларга бирда экамиз, бирда йўқ, қаровсиз қолади. Энди эса унга талабгор чиқса, ижарага берсак ҳисобрақамга маблағ тушса бизга янги имконият бўлади. Тушган пулни фермер нима қилади, техникалар харид қилади, ишчиларни эҳтиёжлари учун ишлатади.


Тўғри, ҳозирга қадар ҳам ерни ноқонуний тарзда ижарага берган ҳолатларимиз бўлган. Бунда кўпинча, ижарачилар “деҳқончилик бўлмади, сув келмади, уруғ ёмон экан” каби баҳоналар билан пул бермаган ҳолатлар ҳам бўлган. Ердан тартибсиз фойдаланган, экинларга бепарво қараган. Энди эса шартнома қиламиз, ижарачилар олдиндан пулни тўлайди. Бу эса уларни самарали меҳнат қилишга ундайди. Харажат қилган инсон хоҳласа, хоҳламаса зарар кўрмаслик учун меҳнат қилади, ерни бепарво ташлаб қўймайди.


Абдужаббор Умаров, Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи томорқа эгаси:


– Тўғри, ҳозирга қадар ҳам фермерлар ерни ижарага бериб келган буни биламиз, эшитганмиз. Энди буни қонуний бўлиши ҳаммага яхши. Лойиҳада деҳқон шартномани қачон тузиши, биринчи экин йиғилгандан кейин иккинчи экин учунми? Ерни экишга фермер тайёрлайдими ёки олган одамми? Шартнома бўйича бир гектар ер қанча бўлиши албатта белгиланиши керак. Бунда суғориладиган ва лалми ерларнинг баҳоси бир-биридан фарқланиши керак. Эртага мунозара ва баҳсли ҳолатлар юзага келмаслиги учун.


Бу жараёнда яна бир ҳолат юзага келади. Мисол учун, чўнтаги кўтарган пулни олдиндан тўлайди, йўқ бўлса, ҳосилни йиғиб олгач, шуни ҳисобидан тўлашга ҳам рухсат берилиши керак. Бу шартномада форс-мажор ҳолати, яъни об-ҳаво ноқулай келиши ёки сув етишмаслиги сабабли ҳосил бўлмаса давлат ижарачини ҳимоя қиладими, йўқми буни ҳам ҳисобга олиши керак, назаримда.


Фахриддин Кушанов, биология фанлари доктори:


Исроил давлати озгина ерда дунё миқёсида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 5 фоизини тайёрлайди. Баъзи давлатларда ердан вертикаль усулда фойдаланиб, бир неча қаватли иссиқхоналар барпо этилмоқда. Бизда эса лалми ерларни-ку, айтмайлик, суғориладиган ерлардан ҳам керакли даражада фойдаланилмаяпти. Гектар- гектар ерлар қаровсиз қолиб кетмоқда.


Шуларни ҳисобга олсак, ерларни шартнома асосида ижарага берилиши ижобий самара келтиришига ишонаман. Фақат бунда тупроқ унумдорлигини эътиборга олиш шарт. Сабаби, тупроқнинг бонитети жуда қимматли бўлиб, уни пасайиб кетишига йўл қўймаслик керак. Шу боис уни ижарага бераётганда фермерга ҳам масъулиятни юклаш керак. Фермер йиллар ўтиб, унинг унумдорлигини тушириб бермасин.

Айни вақтда Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассислари номи юқорида келтирилган қонунларга ижара масаласида киритилиши керак бўлган таклифларни ўрганмоқда.


uza.uz

@AGROBLOGER канали

Report Page