...

...

AGROBLOGER

«Straus House» МЧЖ фаолиятидан жабрланган 50га яқин фуқаро 25 февраль куни Тошкентдаги Мустақиллик майдони олдига тўпланди.

Фуқаролар «Straus House» МЧЖга нисбатан тергов тугаганига қарамай, суд бошланмаётганидан норози, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Компанияга берган пулини қайтариб ола олмаётган жабрланувчилар сони жами 300дан ортиқ.

Улар орасида туяқуш сотиб олиш учун қарз ва фоиз ҳисобига кредитлар олганлари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Вақт ўтиши билан олинган кредитларни қайтариш мажбурияти юзага келган. Жабрланувчилар МЧЖга берган пулларни қайтариб олиб, кредитларидан қутулиш учун тезроқ суд бошланишини исташяпти

ИИВ Тергов департаменти бошлиғи Иномжон Исматовнинг айтишича, «Straus House»га нисбатан тергов ҳаракатлари якунига етиб, 2019 йил 31 декабрда айблов хулосаси билан прокуратурага топширилган.

«МЧЖ томонидан Покистонга чиқариб юборилган 200 минг АҚШ доллари ва унга қарашли барча мулклар хатланиб, айблов хулосаси эълон қилинган. Ундирилган пуллар жабрланувчиларга суд ҳукми чиққанидан кейин қайтарилади», – деди Исматов.

Иномжон Исматов

Жабрланувчилар асосий эътирози – суд маҳкамаси бошланиши кечикаётганида.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди раиси вазифасини бажарувчиси Санжар Муҳаммедовнинг сўзларига кўра, бу жиноят иши бугун 25 феврал куни Миробод туман судига келиб тушган.

«Эндиликда процессуал нормалар асосида жиноят иши кўриб чиқилади. Вазиятни ҳисобга олиб, жараён иложи борича тезлаштирилади», – деди Санжар Муҳаммедов.

Бу жавобларга қониқмаган жабрланувчилар Вазирлар Маҳкамаси ёнида тўпланишди. Ҳукумат мутасаддилари ҳолатга аниқлик киритиш учун жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Бахтиёр Исломовни чақиришгани, жабрланувчилар ва суд раиси ўртасидаги учрашув президентнинг халқ қабулхонасида бўлишини айтишди.

Шундан сўнг фуқаролар ИИВ томонидан ажратилган автобусларда президент халқ қабулхонасига олиб келинди ва жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Бахтиёр Исломов уларнинг саволларига жавоб берди.

Бахтиёр Исломовга кўра, мазкур жиноят иши 45 томдан иборат. 300дан ортиқ жабрланувчи, 5 нафар судланувчи бор.

«Иш ҳажми мураккаб бўлиб, кўриб чиқиш кўп вақтни талаб қилади. Вазиятни ҳисобга олиб, иш узоғи билан 1 ойда кўриб чиқилади», – деб маълум қилди жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси.

Бахтиёр Исломов

Унинг қўшимча қилишича, суд жараёнига узоқ вилоятлардан келадиганларни овора қилмаслик учун видеоконференция орқали масофадан туриб суд ўтказилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Шунингдек, ҳукумат вакиллари аҳоли томонидан олинган кредитларнинг фоизларини тўхтатиб туриш чоралари ҳам кўриб чиқилиши ва бу масала ҳам ҳал этилишини айтишди.

Эслатиб ўтамиз, «Straus House» МЧЖ таъсисчиси Иброҳим Исроилов фирибгарлик айблови билан, 2019 йил сентябрь ойида ҳибсга олинган эди.


kun.uz

@AGROBLOGER канали

Report Page