...

...

AGROBLOGER

Мамлакатимиз полизчилиги кўп асрлик тарихга эга. Айниқса, халқимиз қовунни севиб истеъмол қилади. Юртимизда ҳозирда қовуннинг 130 дан ортиқ маданий навлари тарқалган бўлиб, улар пишиб етилиш муддати, ҳосилдорлиги, таъми, мева вазни, сақланиш муддати бўйича ўзаро фарқланади. Ота-боболаримиз томонидан яратилган қовунларнинг кўпчилиги жаҳонда шуҳрат қозонган. Қуйида миришкор деҳқонларимиз томонидан ҳар йили мўл ҳосил етиштиладиган қовун навлари билан танишамиз:

«Олтин тепа» – ўртапишар, ниҳоллари униб чиққандан қовуни пишгунча 85–90 кун ўтади. Қовун меваси «Йирик ичи қизил» навига ўхшаш, чўзинчоқ, катталиги ўртача, оғирлиги 3,3–4 кг, усти силлиқ, ранги қўнғир-яшил. Гуллари қорамтир яшил узуқ йўлли, тўри сидирға бўлади. Пўсти ўртача қалин, қаттиқ. Эти қизил, карсиллайдиган, хуштаъм, таркибидаги қанд миқдори 13–15%. Ҳосилдорлиги 28–35 т/гача етади.

«Лаззатли» – эрта-ўртапишар, ниҳоллари униб чиққандан кейин 75–80 кунда меваси пишади. Мевасининг кўриниши «Оқ уруғ–1157» навига ўхшаш. Қовуннинг ўртача вазни 3–4 кг, шакли чўзинчоқ, усти силлиқ, оқ сариқ рангли, у ер-бу ерида узунчоқ сариқ доғлари бор. Тўри йирик катакли. Пўсти юпқа, қаттиқ. Эти ўртача қалин – 4,5 см, оқ рангли, карсиллайдиган, серсув, ширин. Қанд миқдори 14–16%. Ҳосилдорлиги 28–30 т/га. Узоқ масофага ташишга чидамлилиги ўртача. Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилоятларида иқлимлаштирилган.

«Суюнчи–2» – ўртапишар, ниҳоллар пайдо бўлгандан сўнг меваси 83–87 кунда пишади. Қовун меваси «Шакар палак–2580» навига ўхшаш. Меваси чўзинчоқ-тухумсимон, оғирлиги 2–2,5 кг, юзаси силлиқ. Тўри тўлиқ, майда катакли, қовунга кулранг тус беради. Пўсти оқиш – лимон рангда, тўқ яшил қўшалоқ жимжима йўли бор. Эти қизил, қарсиллайди, серсув, ширин. Қанд миқдори 13–14%. Ҳосилдорлиги 20–25 т/га етади. Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Тошкент вилоятларида иқлимлаштирилган.

«Олтин водий» – ўртапишар, ниҳоллари униб чиққандан кейин меваси 86–93 кунда пишади. Қовун ташқи кўринишидан «Шакар палак–554» навига ўхшаш. Қовуннинг ўртача оғирлиги 2–4,1 кг, шакли чўзинчоқ тухумсимон, усти силлиқ, оч яшил рангда, тўқ яшил доғлари бор, тўри тўлиқ. Пўсти қаттиқ, мағзи оқ рангда. Қанд моддаси 13–14%. Ҳосилдорлиги 22–30 т/га. Мевалари узоқ масофага ташишга ўртача чидамли нав.

«Тўёна» – кечпишар, меваси қишда сақланадиган нав. Ниҳоллари униб чиққанидан кейин меваси 105–115 кунда етилади. Меваси ташқи кўринишидан «Қўй бош–476» навига ўхшаш. Қовуни йирик, тухумсимон, ўртача катталикда. Оғирлиги 4–6 кг. Усти текис, узаётганда ранги қўнғир кулранг тусда бўлади, етилгач сарғиш-қўнғир рангга киради, тўри дағал, тўлиқ, таркибида 9–10% қанд бор. Ҳосилдорлиги 35–40 т/га. Меваси 3 ойгача сақланади, ташишга чидамли. Юртимизнинг барча минтақаларида иқлимлаштирилган.

«Амударё» – кечпишар, қишда сақланадиган нав. Ниҳоллари униб чиққандан меваси етилгунча бўлган давр 112–120 кун. Қовуни йирик, оғирлиги 4–6 кг, калта цилиндрсимон шаклда. Сирти ғадир-будир, жигарранг, гулсиз. Эти оқ, таркибида 10–12% қанд бор. Ҳосилдорлиги 45–50 т/га. Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида иқлимлаштирилган.

«Гулоби Хоразмий» – кечпишар, ниҳоллари униб чиққандан меваси етилгунча бўлган давр 120–125 кун. Палаги кучли ўсади. Меваси йирик, вазни 5–10 кг, узун цилиндирсимон шаклда. Сирти ғадир-будир, қорамтир-кўкиш, гулсиз. Эти қалин – 7–8 см. Таркибидаги қанд миқдори 14–15%. Ҳосилдорлиги 50–55 т/га. Жуда яхши сақланади, транспортда ташишга чидамли. Бухоро, Хоразм вилоятларида иқлимлаштирилган.

Юқоридаги барча навларни республикамизнинг марказий минтақасида жойлашган вилоятларда эртаги навлар 15 апрелгача, ўртагиси 20 апрелдан 10 майгача, кечки навлар 15 майдан 10 июнгача, жанубий вилоятларда эртаги навлар 10 апрелгача, ўртагиси 10–20 апрелгача, кечкилари 10–20 июнда экилади. Шимолий вилоятларда эртаги навларни 20 апрелгача, ўртагисини 25 апрелдан 10 майгача, кечкисини 20–30 майда экиш керак.


AGROBLOGER канали

agro.uz

Report Page