...

...

AGROBLOGER

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида паст ҳосилли пахта майдонларининг 3 минг гектари узоқ йиллик ижара асосида анорзорлар барпо этиш учун аҳолига берилмоқда.

Президентнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ 2022-2025 йилларда вилоятда 14 минг 600 гектар паст ҳосилли пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига ижара ҳуқуқи асосида фойдаланишга берилади. Бу ерларда ҳудуднинг иқлимига мос мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари, дуккакли экинлар етиштирилади. 

Шеробод тумани аҳолиси сифатли анор етиштиришнинг ҳадисини олган. Бунинг учун ҳудуд қулай иқлимга эга. Ўтган йили туманда 20 минг тоннадан ортиқ анор йиғиштириб олинди. Унинг ўн минг тоннага яқини хорижга экспорт қилинди. Шунингдек, анорни қадоқлаш ва табиий шарбат ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди. 

Яқингача туманда 2 минг 400 гектардан ортиқ анорзор бор эди. Ўтган йили ҳосилдорлиги паст бўлган уч минг гектардан зиёд пахта ва ғалла майдонлари ўрнида фермер ва тадбиркорлар янги анор боғлари барпо этди. 

Жорий йилда деҳқон хўжалиги ташкил этиб, анор кўчати экаётган соҳибкорларнинг янги боғлари уч йилда ҳосилга кириб, дастлабки йилларда ўртача 18 минг тонна мева йиғиб олинади. Унинг бир қисми маҳаллий бозорда сотилади, тумандаги замонавий корхонада қайта ишланади. Ортиқчаси хорижга экспорт қилинади. 

Туманда ерларни ижара асосида соҳибкорларга беришда уларнинг деҳқончиликдаги тажрибаси эътиборга олинмоқда. Масалан, Боғобод маҳалласида 5 минг 500 дан ортиқ киши яшайди. Аҳолининг аксарияти томарқасида анор, узум парваришлайди. Чорвачилик билан шуғулланади. Ҳудудда пахтадан мўлжалдаги ҳосилни бермаётган 53 гектар майдон танлаб олиниб, анор парваришлашнинг ҳадисини олган кишиларга 1-2 гектардан тақсимлаб берилди. Улар деҳқон хўжалиги ташкил этиб, ерларни текислади. Маҳаллий ўғит билан озиқлантириб, анор кўчатларини экди. 

–Бу майдонларда сув танқислиги пахта ҳосилдорлигини пасайтириб юборган эди,– дейди ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси Бехзод Эргашев.– Бўлғуси соҳибкорлар эса артезиан қудуқ қаздириб, маҳсулот етиштиришга бел боғлади. Деҳқон хўжаликлари учун битта қудуқ қаздириш 12 миллион сўмга тушмоқда. Улар биргалашиб, 15 та артезиан қудуғи ковлатди. Бунинг натижасида 53 оиланинг ишсиз аъзолари бандлиги таъминланмоқда. 

Маҳаллада яшайдиган Очил Қодиров оила аъзолари билан меҳнат қилиш учун икки гектар ерни ижарага олди. Бу ерга укаси ва икки ўғли билан 1 минг 200 туп “Қора дона”, “тошқўрғони” навли анор кўчатларини қадади. Бу ерни тўлиқ анорзорга айлантириш учун яна 300 туп кўчат қадалади. 

–Томарқамизда ҳам мевалар қироли бўлган анор етиштириш билан шуғулланамиз,–дейди О.Қодиров.– Томарқада 150 туп аноримиз бор. Ўтган йили уч тоннадан ортиқ мева йиғиб олдик. Ҳар килосини ўртача беш минг сўмдан сотдик. У жуда кўп парвариш ва сув талаб қилмайди. Ижарага олинган бу жойга эккан кўчатларимиз уч йилда ҳосилга киради. Артезиан суви билан суғорамиз. Электр энергияси ва сув тўловларида имтиёз берилган экан. 

Туман “Тез тиббий ёрдам” бўлими “Таллашқон” шахобчасида фельдшер бўлиб ишлайдиган Ойбек Худаймуродовлар оиласи ҳам ҳудуддан икки гектар ерни белгиланган тартибда ижарага олиб, анорчилик билан шуғулланишга аҳд қилди. Шу мақсадда 1 минг 400 туп серҳосил анор кўчати экди. 

–Бир ойда уч ё тўрт кун “Тез тиббий ёрдам”да навбатчилик қиламан,–дейди О.Худаймуродов.–Қолган кунлари оила аъзоларим билан томарқадаги анорзорда ишлаймиз.Болаликдан анорзорни оралаб, катта бўлганман. Қайси ойда нима иш келиш керак, қачон суғориш ва озиқлантириш лозим. Зараркунандаларга қарши қандай ишлов берилади? Буларнинг барчаси биз учун ёд бўлиб кетган. Турмуш ўртоғим ва икки ўғлим ҳам бу юмушларни жуда яхши ўзлаштирган. Ўтган йили томарқадаги 230 туп анордан қарийб 40 миллион сўм даромад топдик. Ижарага олган еримизга икки йиллик нордон анор кўчатларини экдик. Яна уч йилдан сўнг тўлиқ ҳосилга киради. Насиб, унинг ҳосилидан тўйлар қиламиз, енгил машина оламиз. Янада тўкин, фаровон яшаймиз. 

Мутахассисларнинг айтишича, ажратилган ер майдонларининг тупроқ шароити, иқлими ва аҳоли тажрибасидан келиб чиқиб, “Бир ҳудуд – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳсулот етиштириш йўлга қўйилаётган туманда деҳқон хўжаликлари билан тадбиркорлар ўртасида кооперация алоқалари йўлга қўйилмоқда. Бу кўчат, минерал ўғит, кимёвий воситалар етказиб бериш, зарур агротехник хизматлар кўрсатиш каби муҳим ишларни сифатли ташкил этишга кўмаклашади.Боғлар ҳосил бергунча, соҳибкорлар қатор ораларида полиз, сабзавот ва дуккакли экинлар етиштириб, қўшимча даромад олади. 

Паст ҳосилли пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига кўп йиллик ижара асосида ажратилиши уларнинг даромадли меҳнат билан банд бўлишини таъминлаб, турмуш даражасини янада юксалтиради. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда деҳқон хўжаликлари улушини ошириб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшади. 

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, 

ЎзА мухбири

AGROBLOGER канали

Report Page