...

...

FERMER

Пресс-тур қатнашчилари Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги “Пахтакор олтин бошоқлари” масъулияти чекланган жамиятида бўлди. Ғаллачилик кластерида ғалла етиштириш ва уни қайта ишлаш борасидаги имкониятлар билан танишди.

Яқинда қуриб битказилган 40 минг тоннадан ортиқ донни қабул қилиш имкониятига эга очиқ майдонли шохобча, электрон тарозихона ҳақида маълумот берилди.

– Ғаллачилик кластерини ташкил этганимизга икки йил бўлди, фаолиятимизни янада кенгайтириш чораларини кўрмоқдамиз, – дейди кластер раҳбари Шомурод Жуманов. – Жумладан, хориждан 15 минг тонна донни сақлашга мўлжалланган ёпиқ металл сиғимлар келтириб, бугунги кунда сиғимларни ўрнатиш ишларини бошлаб юборганмиз.

- Қолаверса, 112 та фермер хўжалиги билан 43 минг 500 тонна донни қабул қилиш учун “фьючерс шартномаси”ни тузганмиз. Маҳаллий тадбиркор томонидан яна бир катта лойиҳага қўл урилиб, 1 миллон 960 минг АҚШ доллари эвазига Туркия давлатидан донни қайта ишлаб, ун чиқаришга мўлжалланган замонавий тегирмон ускуналари олиб келинган. Мазкур ускуналарнинг техник имкониятлари ва уларнинг иш унумдорлиги ҳам тадбир иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.

– Ускунларни ўрнатиш ишлари жорий йил июнь ойида ниҳоясига етказилиб, ушбу тегирмон ишга туширилгач, бир кунда 100 тонна дон қайта ишланади ва 75 тонна ун маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси катта инспектори Жаҳонгир Ўташев. – Бир йилда эса 36 минг тонна донни қайта ишлаш ҳисобига 27 минг тонна 1-навли ун ишлаб чиқарилади. Кластер корхонасида уруғлик дон тайёрлаш цехи фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, хориж технологиялари билан жиҳозланган ушбу цехда суткасига 240 тонна уруғлик дон тайёрлаш имконияти мавжуд. Бу ерда мавсум давомида 15 та одам иш билан банд бўлади. Шунингдек, пресс-тур давомида “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган амалий ёрдам ва ушбу йўналишда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган профилактик ва назорат тадбирлари, уларнинг натижалари тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.

Бугунги кунда Жиззах вилоятида “Ўздонмаҳсулот” АК тасарруфидаги 3 та дон корхонаси ва дон корхоналарига қарашли 6 та дон қабул қилиш шохобчаси мавжуд бўлиб, дон йўналиши бўйича 8 та ғаллачилик кластери фаолият кўрсатиб келмоқда. Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар соҳа юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олди.


А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА

FERMER канали

Report Page