...

...

FERMER

Наманган вилояти Поп тумани “Нарпай” мавзесидаги бир гуруҳ собиқ фермер хўжалиги раҳбарлари мурожаатини ўрганиш мақсадида Effect.uz ижодий жамоаси ушбу манзилга етиб борди. Сабаби, юқорида номи тилга олинган ҳудудда кўплаб муаммолар тўпланиб қолган. Собиқ фермерлар ўзлари ишлов бериб, фаолиятини йўлга қўйиб улгурган ерларини кластер олиб қўйишидан хавотирда. Қолаверса, фуқароларнинг таъкидлашича Поп тумани ҳокими томонидан фермерларнинг хусусий корхоналар ташкил этилиши мажбурланган.

Муаммо нимада?

"Президент Шавкат Мирзиёев Бош вазирлиги даврида Поп туманидаги “Навбаҳор” чўлларини обод қилиш учун сув омбори қурилган эди. Минг афсуски, бу сув омбори “Навбаҳор” чўлларига хизмат қилмаяпти. Поп тумани ҳокими Азамжон Султоновнинг чиқариб берган қарори билан асосий сувлар балиқчилик ва чорвачилик учун ажратиб берилган. Ҳозир сизларга мурожаат қилаётган инсонлар фермер хўжалиги раҳбарлари бўлган ва 2019 йил январь ойида Поп тумани марказидаги санъат саройига жамланган.

Туман ҳокимлиги мутасаддилари уларнинг узоқ муддатли шартномаларини тугатиш бўйича аризаларини ёзишини талаб қилишган ва ёздириб олгач , мажлислар залидан чиқариб юборган. Шу тариқа, уларнинг фаолияти ниҳоясига етган. Бироқ, фермер хўжалиги раҳбарларига фермер хўжалиги тугатилганлиги ва ер майдонлари давлат заҳирасига қайтарилганлиги тўғрисида ҳалигача қарор берилмаган. Фермерлар тер тўкиб меҳнат қилган 2019 йилги ғалла ва пахтасини, даромадларини қўш қўллаб “АРТ-СОФТ кластер” тадбиркорларига топширган.Бу ўз-ўзидан туман ҳокимининг топшириғи билан амалга оширилган ҳаракатлардир. Бундан ташқари, А.Султоновнинг кўрсатмаси билан ҳамма еридан ажралган фермерларга хусусий корхона ташкил қилиш таклифи берилган. Табиийки, фермерлар “еримиз ўзимизга қолса бўлди”, - деб ишониб, бир нечта хусусий корхоналар ташкил қилишган ва банкдан ҳисоб рақамлар ҳам очиришган. Тегишли ташкилотлар билан ўзлари мустақил шартнома тузиш имкониятига эга бўлган.

Ер “АРТ-СОФТ кластер” тадбиркорига ўтганидан кейин Поп тумани ҳокими ва унинг ўринбосари Қўчқоров фермерларнинг шўр босган ерларига кечалари келиб пахта ва соя эктиришган. Лекин бу ерларда на чигит на пахта унмаслигини улар жуда яхши билишган. 2020 ва 2021 йилларда ҳам шу ҳолат атайин такрорланаверган. План топшириш пайтига келганида эса ўз-ўзидан фермерларнинг оёғига болта урилган.

Ҳосил унмаганлиги туфайли уларнинг қарздорлиги ошиб бораверган. 2021 йил қишда Поп тумани ҳокими фермерлар бошқа ишламаслигини айтган. Хусусий корхона раҳбарларининг мурожаатномаларидан сўнг, 140 гектар ер қонунга зид равишда чорвачилик ва балиқчилик учун туман ҳокиминг қарори билан ажратилаганлиги маълум бўлган. Буни прокуратура ҳам тасдиқлаган.

Ҳолат Наманган вилояти прокуратураси томонидан ҳозирда ўрганилмоқда. “АРТ-СОФТ кластер” фермер хўжалиги раҳбарлари эса ҳеч кимни назар писанд қилгани йўқ. Экинлар ҳам озуқасиз қолиб кетмоқда. “АРТ-СОФТ кластер” ва Поп тумани ҳокимидан қаттиқ норозимиз. Миллиард-миллиард пуллар эвазига бунёд бўлган сув омборидаги сувлар очиқчасига талон-тарож бўлмоқда!", - дея собиқ фермерларнинг ишончли вакили вазиятни изоҳлаб берди.


Кластер нима деяпти?

Effect.uz мухбири Беҳзодбек Раҳмонов “АРТ-СОФТ кластер”нинг юристи билан телефон орқали гаплашди. Бироқ, юристнинг жавоби қониқарсиз бўлди. Яъни, журналистлар “огоҳлантириб” боришмаган. Поп тумани ҳокимлиги ахборот хизмати эса умуман телефон қўнғироқларига жавоб бермаган.

“Мен такрор айтаман. Ер сизларники деб. Биз бу ерда ишламаймиз. Сизга сифатли маҳсулот бераяпман, сифатли маҳсулот қайтаринг. Кластер сифатидаги шиоримиз шу. Биз кимнингдир ерини тортиб олиш сиёсатини қилмаяпмиз. Фермерлар қарзини тўласа ишлайди. Бўлмаса йўқ. Муҳлат қўйилади!”, - деди “АРТ-СОФТ кластер” раҳбари Effect.uz мухбири билан бўлган суҳбатда.

“Бу ер 8 йилдан буён заҳирада ётган ва ҳеч ким аҳамият ҳам бермаган. Бу ер жуда қўрқинчли жойлар эди. Лекин бизга таклиф қилишди. Ёрдам берамиз, насос қилиб берамиз, трактор берамиз дейишганди. Қаттиқ ишондик. Сув олиб келдик. Ҳеч нарса қилиб беришмади. Машинамиз, мол-қўйларимиз сотилди. Улар ўз ваъдаларини бажаришмади. Ерни яхшиладик. Режани эса жуда катта қўйишди. Қийналдик. Бизни жуда қийнашди. Соя эктирди. Буғдой эктирди. Жуда катта қарзга кириб кетдик. Бор-будимни сотиб, зўрға қарзимни қутилдим. Мана, яна бизни эзиб, ҳокимимиз “фаолиятларингиз тугади”, - дейиши ғирт адолатсизлик-ку, биз кўчада қолдик!”, - деди фермер аёллардан бири.


Фермерлар Поп тумани ҳокими ва кластердан норози бўлишмоқда. Ўйлаймизки, мутасадди ташкилотлар собиқ фермерларнинг тақдирига бефарқ бўлишмайди. Ҳолат бўйича расмий изоҳ кутамиз!


effect.uz

FERMER канали

Report Page