...

...

AGROBLOGER

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузуридаги Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий-ишлаб чиқариш маркази ташқи ва ички бозор талаблари асосида ҳар йили 1 июнга қадар доривор ўсимликлар экинларини жойлаштириш бўйича тегишли вазирликларга таклиф киритишга ҳақли.

Зеро, маҳаллий бюджетга йўналтириладиган тўловларнинг 20 фоизини марказ табиий ҳолда ўсувчи, жумладан, йўқолиб бораётган доривор ўсимликларни сақлаш, хатловдан ўтказиш, маданий плантацияларни яратиш, оналик кўчатзорларини ташкил этиш, технологик хариталар ишлаб чиқишга йўналтиради.

Бунда эса Президентимизнинг 2020 йил 26 ноябрдаги “Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш, уларнинг уруғчилигини йўлга қўйишни ривожлантириш бўйича илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлаётир.

Марказнинг асосий вазифалари, фаолият йўналишлари, аҳолининг шифобахш ўсимликларга бўлган талаби борасида Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий-ишлаб чиқариш маркази директори Ғайрат ЖЎРАЕВ билан суҳбатлашдик.


– Биз доривор ўсимликларни уруғчилигидан то қайта ишлашгача бўлган жараёнга масъулмиз, – дейди Ғ.Жўраев. 

– Нафақат юртимизда, балки чет элда етиштириладиган ва бизга керак бўлган доривор ўсимликларни мослаштиришни бошладик. Бунда биринчи галда стандартлаштириш ва сертификатлаш лабораториясини йўлга қўйишимиз керак. Бу борада тегишли ташкилотлар билан ишлаяпмиз.

–Билишимизча, бунинг учун Жаҳон банкидан грант маблағлари олиш режалаштирилган. Лабораториялар қайси ҳудудларда ташкил этилади?

–Битта лаборатория дала шароитида бўлади. Унда доривор ўсимликларни етиштириш ва тарқатиш илмий ишлари амалга оширилади. Ҳисоблаб кўрсак, бизда 13 ўрмон хўжалиги яна боғдорчиликка ихтисослашаётган 10 та ўрмон хўжалиги мавжуд. Биз ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, тажриба ҳудудлари ташкил этамиз. Қолганлари эса сертификатлаш, фитокимё лабораторияси ва қайта ишлаш лабораторияси бўлади.

–Аҳоли орасида доривор, шифобахш ўсимликларга бўлган талаб қандай? Шу борада кузатишлар, маълумотлар борми?

–Кейинги йилларда бизга мурожаатлар кўпайди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай ўсимликларга қизиқиши юқори бўлмоқда. Аслида фақат бизда эмас, жаҳонда бунга талаб ошиб бормоқда. Негаки, дунё ҳамжамияти имкон қадар кимёвий воситалардан қочиб, табиий ўсимликлардан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Тўғри, кимёвий дорилар тез таъсир қилади, лекин салбий оқибатлари ҳам кўп. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, кунига бир фоиз аҳоли дориларнинг ножўя таъсиридан жабр кўрар экан. Доривор ўсимликларнинг эса умуман ножўя таъсири бўлмайди, улар организмга мос.

–Кўпинча доривор ўтларни чой қилиб ичиш тавсия қилинади. Натижа эса тез сезилмайди. Шу гиёҳни ичиб, соғайиб кетдим, деган фикрни кам эшитамиз. Бунинг сабаби нимада?

–Доривор ўсимликларнинг таъсири бирдан билинмайди. У ўн кун ёки уч ойда сезилиши мумкин. Бу мижозга боғлиқ. Дори воситалари бор 10 кунда таъсирини сезасиз. Шифобахш ўтлар бирдан тузатмаса-да, инсон организмига секин-секин ёрдам беради. Мисол учун, биз қандли диабетдан азият чекаётганларга топинамбурли кукунни тавсия этмоқдамиз. У уйқуни яхшилайди, оғриқларни пасайтириб, чарчоқни йўқотади.

Бироқ, уни истеъмол қилишда тартибга амал қилиш керак.. Шунда таъсири бўлади. Доривор ўсимликни организм тез қабул қилади. У иммун тизимини қувватини оширади.

– Доривор, шифобахш ўтлардан касал бўлганда эмас, профилактика сифатида фойдаланиш тавсия этилади, шундайми?

–Тўғри, Япония ва Европа давлатларида функционал овқатланиш бор. Мисол учун, Японияда озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибига инсон организми учун керак бўладиган моддалар киритилиши керак. Масалан, оддий макарон таркибига 3-4 доривор ўсимлик қўшилиши шарт. Инсон организми ўзига керакли бўлган моддалар билан таъминланиб турса, касал бўлмайди. Чунки, иммун тизими кучли бўлса, ўзини ўзи ҳимоя қила олади.

Агарда иммунитет пасайса, оғирлашамиз. Бунда ташқи оламнинг ҳам таъсири бор. Кўчада автомобиллар, ишлаб чиқариш корхоналари кўп миқдорда зарарли газ чиқаради. Агарда доривор ўтлар истеъмол қилсак, қон томирлар, жигар, ичакларни, ўпкани тозалаймиз. Бу ҳамма организмни яхши ишлашини таъминлайди.

–Биз доривор ўсимликлар захираси бўйича Тибетдан кейин иккинчи ўринда турамиз. Ҳозирда 61 турдаги доривор, шифобахш ўсимликларни маданийлаштирдик. Бундан ҳам кўпини етиштиришга имкониятимиз ва илмий салоҳиятимиз етади. Шу боис маданий плантациялар яратишни бошладик. Маҳаллий ҳокимият вакиллари билан кластерлар ташкил қилмоқчимиз. Аҳоли томорқаларида доривор, шифобахш ўтлар етиштириш, қуритиш ва сақлаш борасида вакилларимиз маҳорат дарслари ўтмоқда


@AGROBLOGER канали

Сайёра ШОЕВА,

Ёқуб МЕЛИБОЕВ (сурат),

ЎзА, uza.uz


Report Page