*/

*/

Source

Бир давлатнинг ички сиёсатига бошқа давлатлар аралашувининг қандай оқибатларга олиб келишига бугунги Афғонистондаги ҳозирги беқарор сиёсий
вазиятни яққол мисол қилиб келтириш мумкин.

Мана қарийб ярим асрки муҳим геополитик қўшнимиз Афғонистонда ўзаро ички зиддиятлар, можаролар ҳануз барҳам топгани йўқ.

Ҳаммаси қандай бошланган эди?

1973 йилнинг 17 июлидаги қуролли тўнтаришда амалдаги монархия тузуми бекор қилиниб Афғонистон Республика деб эълон қилинганди. Аммо сиёсий ўзгаришлар амалда афғон халқининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ҳеч қандай ижобий натижаларини кўрсатмади. Натижада орадан бир йил ҳам ўтмасдан мамлакатда миллий демократик инқилоб юз берди. Бу тўнтаришда СССР пропагандасининг “хизматлари” беқиёс бўлган. Коммунистлар кўрсатмаларига амал қилиб иш кўрган афғонбоши Нурмуҳаммад Тарақий ўз миллатининг ўзлиги, асрий анъаналарига қарши борди ва натижада халқнинг нафрати – исёнга замин яратиб берди.

1979 йил 14 сентябрида советлар тузумига қарши бош вазир Ҳафизулла Амин амалдаги раҳбарни отиб, ўзини президент деб эълон қилди. Ва табиийки бу Москва сиёсатчиларига маъқул келмайди, шу йилнинг 27 декабр куни афғон ҳарбийлари либосидаги СССР ҳарбийлари ва махсус хизматлари десантчилари томонидан Ҳафизулла Амин ва оиласи қириб ташланди.

Шу тариқа 1979 йилнинг сўнгги кунларида совет ҳарбий кучлари «Дўст афғон халқига тинчлик ўрнатишда ёрдам бериш» ниқоби остида Афғонистон ҳудудига ўз қўшинларини жойлаштира бошлади.
Айтиш мумкинки, Совет- Афғон уруши тарихга энг мантиқсиз урушлардан бири сифатида қолган. Унда асосан советлар томонидан жанг қилиш учун Ўрта Осиё ва Кавказликлар жалб қилинган, ва табиийки энг кўп жабр кўрганлар ҳам шу элат вакиллари бўлган.

Биргина Ўзбекистондан 64 500 нафар йигитлар урушга сафарбар этилган. 1 522 нафари урушда ҳалок бўлган, 2 500 нафари бир умрга ногирон бўлиб қолган.

Умумий ҳисобда, Афғон урушида жами 820 минг ҳарбий хизматчи қатнашган, 14453 киши ҳалок бўлган, 50 минг нафари ногирон бўлиб қолган, 417 нафари бедарак йўқолган, 119 нафар аскар эса асирликдан озод қилиниб, шулардан 97 нафари оиласи бағрига қайтган.

Афғон уруши қанчалаб оилаларнинг аччиқ дардига айланган, мингларча навқирон эркакларнинг ёстиғини, оналарнинг қайғу-изтиробларига сабаб бўлиб, кўз ёшини қуритган.

Ф. Бондарчукнинг «9чи рота» фильми сўнггида қаҳрамонлардан бирининг шундай монологи бор: «Биз Афғонистонни тарк этяпмиз...

Ўшанда биз ҳали кўп нарсани билмас эдик. Икки йилдан сўнг биз у учун курашган мамлакат дунё харитасидан йўқ бўлиб кетишини билмас эдик. Ўзи йўқ давлатнинг орденини тақиб юриш урфдан қолишини билмас эдик..Ўшанда буларнинг ҳеч қайсини билмас эдик.. »

Урушдан омон қайтганлар орасида ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғломлари деярли бўлмаган. Бу урушдан сўнг собиқ Иттифоқ республикалари ҳудудида наркомания ва ичкибозлик авж олгани ҳам яққол кузатилган. Буни уруш инсонларнинг руҳиятига етказган зарбанинг товони деб қабул қилса ҳам бўлади, бу бутун бир авлод келажагига рахна солди. «Афғончилар» авлоди пайдо бўлди.

Ва ниҳоят, қарийб 10 йил давом этган бесамар урушга СССРнинг сўнгги раҳбари Михаил Горбачёвнинг саъи-ҳаракати билан барҳам берилди. Айнан шу- дунё тинчлигига қўшган ҳиссаси учун кейинчалик у Нобель мукофоти билан тақдирланган.

1989 йилнинг 15 февралида Афғонистон ҳудудига киритилган совет армиясининг энг охирги колонналари мамлакат ҳудудини Термиз-Ҳайратон кўприги орқали тарк этди.

Шу тариқа 15 февраль Афғонистон тарихида озодлик куни сифатида қайд этилди.

Орадан 32 йил вақт ўтганига қарамасдан ҳозиргача афғон халқи учун тинч ва хотиржам яшаш орзулигича қолмоқда. Бутун бир халқнинг лойқаланган суви ҳанузгача тинмади.
Афғонистонда эса мана қарийб ярим аср бўлса ҳамки вазият ўнглангани йўқ.

Афғонистонинг яқин тарихи МДҲ давлатлари учун ибрат бўлиши керак.

Report Page