...

...

AGROBLOGER

Оддий дастарбош— Tanacetum vulgare L. астрадошлар — Asteraceae (мураккабгулдошлар — Compositae) оиласига киради.

Кўп йиллик, бўйи 50—150 см га етадиган, ўзига хос ҳидли ўт ўсимлик. Пояси тик ўсувчи, сершох, туксиз ёки бир оз тукли. Барги оддий, патсимон ажралган, устки томони тўқ яшил, пастки томони кулранг-яшил. Поянинг пастки қисмидаги барглари бандли, ўрта ва юқори қисмидагилари эса бандсиз бўлиб, пояда кетма-кет ўрнашган. Гуллари сариқ, саватчага тўпланиб, қалқонсимон тўпгулни ташкил этади. Меваси — чўзиқ писта. Ўсимлик ёз бўйи гуллайди.

Ишлатилиши. Оддий дастарбош гули гижжа ҳайдаш учун ҳамда жигар ва ичак касалликларини даволашда ишлатилади.

Етиштириш технологияси. Оддий дастарбош кўп йиллик ўсимлик бўлгани учун уни кузда ва эрта баҳорда экиб кўпайтириш мумкин. Ўзбекистонда тарқалган барча тупроқларда яхши ўсади. Унинг илдиз тизими яхши тараққий этганлигини эътиборга олиб уни эрозияга учрайдиган тупроқларда экиш мақсадга мувофиқ бўлади. Тупроқни емиришдан ҳимоя қилади.

Оддий дастарбош экиладиган ерларни кузда ҳайдашдан олдин маҳаллий ўғит ва суперфосфат билан озиқлантириб, 25—28 см чуқурликда ҳайдаб қўйилади. Эрта баҳорда ерлар борона қилиниб мола билан текисланади ва бегона ўтларнинг қолдиқларидан тозаланади. Уруғ эрта баҳорда тупроқ ҳарорати 15—17°С бўлганда бир чизиқ бўйлаб, қатор оралари 60 см дан қилиб экилади. Унинг уруғлари майда бўлганлиги сабабли бир текис экилиши учун уни чириган гўнг ёки қумга аралаштириб экилади. Уруғлар 0,5 см чуқурликда экилади. Гектар ҳисобига 7—8 кг уруғ сарфланади. Март ойининг охирида экилган уруғлар 10—12 кунда униб чиқади. Майсалар 3—4 та чин барг чиқариши билан культивация билан эгатлар олинади.

Ҳар бир уяда 1—2 та ўсимлик кўчати қолдирилиб ягана қилинади. Уялар оралиғи 10—12 см дан кам бўлмаслиги керак. Оддий дастарбош бегона ўтлар билан бемалол рақобатлашади ва иккинчи йили уларни тўлиқ сиқиб чиқаради.

Ўсимликнинг яхши ўсиши ва ривожланиши ва ундан юқори ҳосил етиштириш учун агротехник тадбирларни юқори савияда ўтказиш керак бўлади.

Дастарбошни биринчи озиқлантириш ўсимлик униб чиққандан кейин ораларига ишлов берилиб, гектар ҳисобига 30 кг азот ва 20 кг калий ўғити беришдан бошланади. Дастарбош озуқа элементларга кўпроқ талабчан ҳисобланади.

Иккинчи озиқлантириш шоналаш даврига тўғри келади ва фосфорли ва калийли ўғитларни кўпроқ талаб қилади. Унинг ўсишини ва ривожланишини тезлаштириш мақсадида гектар ҳисобига 30 кг азот, 20 кг фосфор ва 30 кг калий ўғити билан озиқлантирилади.

Ўсимликнинг бўйи биринчи йили август ойларига бориб 1 метрга етади ва гулга киради. Унинг гуллаш фазасида гектар ҳисобига 40 кг дан азот бериб озиқлантиришни тугатилади.

Дастарбошни ўғитлаш суғоришдан олдин амалга оширилади.

Ҳавонинг ҳарорати ва тупроқ намлигининг ҳолатига қараб вегетация давомида 8—9 марта ораларига ишлов берилади. Ҳаво ҳарорати юқори бўлган йили суғоришни кўпайтириш керак. Дастарбош тўпгулларини биринчи йилидаёқ йиғиб олинади. Ўсимлик ноябрь ойигача гуллайди ва уни тез-тез йиғиб олишга тўғри келади.

Маҳсулот тайёрлаш. Ўсимликнинг ер устки қисми иккинчи йили эрта баҳорда тўпгуллари чиққунига қадар саватчага тўпланган гуллар очила бошлаганда саватчалар бандсиз йиғиб олинади. Дастарбош экинларидан 5 йилгача фойдаланиш мумкин. Унинг хомашёси йиғиб олингандан кейин усти берк айвонларда юпқа қилиб ёйилади ва тез-тез шамоллатиб турилади. Қуригандан кейин қопчаларга 20 кг дан қилиб жойланади ёки зичланмасдан 50 кг боғланади.

Дастарбошнинг уруғлари октябрь ойида пишади. Пишиб етилган ясси тўпгуллари токқайчиларда қирқилади ва хирмонларга тўпланади ва яхшилаб қуритилади ва қопларда 3 йилгача сақланади.


@AGROBLOGER канали

moodle.pharmi.uz

dehqon.uz


Report Page