...

...

AGROBLOGER

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифини Янгиқўрғон туманидан бошлади ва БАА билан ҳамкорликда ташкил этилган «Sura General Investments» МЧЖ агрокомплекси билан танишди.

Компания вакилларининг маълум қилишича, 3 миллион доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция ҳисобига 108 гектар майдонда интенсив боғ барпо этилган. Боғда гилос, шафтоли ва ўрик каби экспортбоп мевалар парваришланмоқда.

«Sura General Invesments» МЧЖ хорижий корхонаси раҳбари Абдулборий Айман Kun.uz билан суҳбатда нега айнан Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани танланганига тўхталди.

«Биз жуда кўп жойларни ўргандик, табиат, тупроқлар таркиби билан қизиқдик. Айнан мана шу ҳудуд Европанинг қатор етакчи олимлари ва шахсий тажрибамизга кўра танланган. Атроф баҳаво, тоғлар яқин, бу айниқса гилоснинг барқ уриб ривожланиши учун қулай шароит яратади.
Умуман, Ўзбекистонни танлаганимизга келсак, хорижда, хусусан менинг давлатимда мамлакатингиздаги жараёнлар диққат билан кузатиб бориляпти. Ҳозирги имкониятлардан фойдаландик ва тўғридан тўғри инвестиция киритдик.
Ҳурматли президент жаноблари билан гаплашганда ҳам шу гапни айтдим, мен турли давлатларда яшаганман, бизнес қилганман, лекин муболағасиз айтаман: Ўзбекистон мева-сабзавотларнинг таъми бирор жойда йўқ.
Режамизга кўра, 2022 йилда дастлабки ҳосилни оламиз ва 2025 йилдан бошлаб даромадга кира бошлаймиз. Мақсадимиз фақат бу соҳа билан чекланиб қолиш эмас, Ўзбекистонда бизнеснинг турли йўналишларини синаб кўрмоқчимиз», – дейди Абдулборий Айман.

Шу ерда давлат раҳбарига вилоят ва умуман республика агросаноат салоҳияти бўйича тақдимотлар намойиш қилинди.

Наманган вилоятида лимончиликни ривожлантириш, ёнғоқ майдонларини кенгайтириш, эчкичилик бўйича янги марраларни эгаллаш бўйича топшириқлар берилди. Давлат раҳбари бу соҳалар бўйича илм зарурлигини таъкидлаб, университетлар қошида лимончилик, ёнғоқчиликни чуқур ўрганиш зарурлиги бўйича кўрсатмалар берди.


@AGROBLOGER канали

kun.uz

Report Page