...

...

AGROBLOGER

Жорий йилнинг 15 феврал куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги «Тупроқ таркиби ва репозиторийси, сифати таҳлил маркази» давлат унитар корхонаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Унда корхона амалга ошираётган ишлар, Ўзбекистондаги тупроқ таҳлили бўйича муаммолар, шўрланган тупроқлар, уларни бартараф этиш муаммолари хусусида маълумотлар берилди.

«Тупроқ таркиби ва репозиторийси, сифати таҳлил маркази» давлат унитар корхонаси 60 йиллик тарихга эга бўлиб, унга 1959 йилда асос солинган. Дастлаб Тупроқ экспедицияси сифатида ташкил қилинган. Бугунги кунда корхонада 128 нафар мутахассис фаолият юритмоқда.

Унитар корхонанинг асосий вазифалари - тупроқ билан боғлиқ назарий-амалий таҳлиллар амалга ошириб, шу асосда тавсиялар бериш. Хусусан:

  • ер ресурсларидан истиқболли фойдаланиш бўйича таклифлар ва режалар ишлаб чиқиш, барча турдаги тупроқ тадқиқотларини амалга ошириш;
  • вилоятлар, туманларнинг тупроқ хариталарини тузиш;
  • қишлоқ хўжалиги ер майдонлари мониторинги;
  • шўрланган тупроқлар картограммаларини тузиш;
  • оби ва лалми ерлар тупроқ сифатини баҳолаш хариталарини тузиш, агрокимёвий текширишлар ўтказиш ва бошқалар.

Унитар корхона директори Одил Жабборов республикадаги мавжуд экин ерларидаги тупроқлар ҳолати, тупроқнинг ишлаб чиқариш тизимидаги аҳамияти, уни бойитиш ва асраш борасидаги ишлар, муаммо ва камчиликлар хусусида тўхталди.

«Бугунги кунда Ўзбекистон тупроқлари 54 балл бонитетга баҳоланади. Бу ўртача кўрсаткич. Республикадаги айрим ҳудудлар - Самарқанд, Тошкент вилоятларида 90-100 балли унумдор ерларни учратиш мумкин.

Бизнинг ҳар бир кийимимиз ва озиқ-овқатимиз тупроққа боғлиқ. Ундан тоза экологик маҳсулот чиқадиган бўлса, соғломлик ҳам ўз ўрнида бўлади. Тупроқдаги озиқ элементлари ҳозирда фақат фосфор, калий ва бошқа кимёвий минераллар бўлиб қолди. Пахтали кийимни оладиган бўлсак, шу пахтанинг ўзини олиш учун ҳам қанча кимёвий элемент берилади, бу эса пахтада ўзининг таъсирини кўрсатади.

Нима учун тупроққа алоҳида эътибор бериш керак, нега ерларимиз шўрланиб кетяпти, бунинг олди етарли даражада олинмаяпти, деган саволлар бугунги куннинг долзарб муаммоларидан ҳисобланади. Буни танқидий назардан ўтказиш керак.

Молдовада FAO йиғилишида қатнашганимда бир нарса эътиборимни тортди, улар фақат ўсимлик маҳсулотинигина олишар экан, холос. Яъни маккажўхори бўлса, унинг жўхориси олинади, қолган барча нарсаси: пояси бўладими, ҳатто сўтасигача ерни ҳайдаб кўмиб юборилади. Тасаввур қиляпсизми, мол ҳайдамасдан, ерни ёқиб юбормасдан шунчаки тупроққа қўшиб юборишар экан. Ўзи шундоқ ҳам бу ерлар қора тупроқ.

Биз-чи? Оддий ғалла мисолида олсак, буғдойини оламиз, сомонини олиб кетамиз, молни ҳайдаймиз, камига олов ҳам қўямиз (бу экологияга ҳам, тупроққа ҳам зарар). Ўсимлик етиштириш орқали тупроқдан қанчалаб биомасса олиб чиқиб кетиляпти, лекин унга қайтариш жараёни-чи? Бу ҳозирда катта муаммо. Тупроққа олинганига яраша қайтарилмаса, тупроқ қаердан унумдор бўлсин тағин», дея фикр билдирди унитар корхона директори.

Шунингдек, Одил Жабборовнинг таъкидлашича, корхона жамоаси асосан ёшлардан иборат бўлиб, ходимларнинг 65 фоизи 35 ва ундан кичик ёшдагилар, 30-35 фоизи эса катта тажрибага эга мутахассислар ҳисобланади.

«Маҳаллий ўғит билан жуда кам ишланади. Ёки номига чиқарилади. Ўзини билган, ривожланишни истаган кластерлар ишлаяпти, лекин умумий олганда етарли даражада эмас. Ҳеч бўлмаганда 15-20 тонна тупроққа қайтарилиши керак. Энди бунга ресурс етарлими-йўқми деб эмас, балки шундай шароитни яратиш ҳар кимнинг ўз бўйнида. Ернинг эгаси фермерми ёки кластерми — шароитни ўзи яратиши керак. Ердан унумдор ва сифатли ҳосил олишни истаган одам шунга масъул ҳам бўлади-да.

Бизнинг корхонада агрокимёвий картограмма ишлари амалга оширилмоқда, бундан мақсад ўғитларни тўғри қўллаш, яъни тупроқнинг таркиби ўрганилиб, шунга мос зарур ўғитлар билан таъминлаш масаласи турибди. Айрим жойларда фосфор етарли эмас, баъзи ерларда ортиғи билан бор. Шунга қиёсан олсак, бир ҳудудда ўнта контур бўлса, ўн хил тупроқ намунаси чиқади. Ўғитларни табақалаштириб, ўсимлик ўзлаштира оладиган ҳолатга келтириш учун ишлар қилинмайди, бу бўйича агрокимёвий картограмма ишлари анча йиллардан бери юритилмайди. Буни тўғри тушунадиган агрономларимиз ҳам етарли эмас. Шунинг учун ҳам бу ишлар суст», дея тизимдаги ҳолат бўйича ўз фикрларини билдирди корхона директори.

Корхона бош муҳандиси Жавоҳир Мусаев берган маълумотга кўра, ўтган 2020 йилда қарийб 700 минг гектар ер майдони тупроқ сифатини баҳолаш назоратидан ўтказилган. Шундан Фарғона вилоятидаги 294,8 минг гектар суғориладиган ҳамда Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги 403,9 минг лалми майдонларда шу каби таҳлиллар бажарилган.

Жорий йилда эса Андижон, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларидаги жами 911 минг гектар суғориладиган, Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент, Навоий вилоятларидаги 352,6 минг гектар лалми майдонларида тупроқ сифатини баҳолаш ишлари режалаштирилган. Шунингдек, Жиззах ва Қашқадарёдаги 727,8 минг гектар суғориладиган ернинг агрокимёвий картограммалари тузилади.

Корхона таркибида «Тупроқ-синов лабораторияси» мавжуд бўлиб, 2017 йилда миллий ва халқаро миқёсда аккредитациядан ўтган кам сонли тупроқ-синов лабораторияларидан ҳисобланади. Унинг таҳлиллари 160дан ортиқ давлатда тан олинади.

Лабораторияда тупроқ таркибидаги оғир металлар, органик моддалар миқдори, агрокимёвий хосса хусусиятлари, тупроқнинг мелиоратив ҳолати, физик-механик хоссалари каби асосий йўналишларда ишлар бажарилади.

Ҳозирда лаборатория 31 турдаги тупроқ намуналари, 11 хил турдаги суғориш сув намуналари, 8 турдаги ўсимлик намуналари устида таҳлил олиб боради. Бундан ташқари, қулайлик ва тезкорлик учун мобил лаборатория ҳам мавжуд бўлиб, у бевосита таҳлил олиниши керак бўлган ҳудудда ҳозир бўла олади.

Шунингдек, корхонада тупроқ таркибидаги ўсимлик зараркунандаларини аниқлаш ишлари ҳам олиб борилади. Германия тажрибаси асосида тупроқ таркибида сабзавотларга ва бошқа қишлоқ хўжалиги ўсимликларига зарар етказувчи организмларни аниқлаш ва улар хавфини бартараф қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Унитар корхона бош муҳандиси Жавоҳир Мусаев тупроқ анализи учун экспедиция ишлари қандай олиб борилиши, картограммалар тузиш аҳамияти ҳақида қўшимча маълумотлар берди.

«1 сантиметр унумдор тупроқ ҳосил бўлиши учун юз йилдан ортиқ вақт кетади. Шу билан бирга, унга зарур омиллар ҳам бўлиши керак. Шунга тескари қилиб айтганда, тупроқнинг эрозияга учраши жуда ҳам осон; шамол, ер ости сув сатҳи кўтарилиши, ер шўрлаши каби омиллар таъсирида юзага келади.

Агрокимёвий картограмма ишларини бажариш бугуннинг долзарб муаммолари сифатида маълумот берилди. Хўш, у қандай тарзда олиб борилади, деган савол туғилади. Бунда, аввало, дала тайёргарлик ишлари олиб борилади. Экспедиция ходимлари ҳудудларга чиқиб, ер майдонлари, уларнинг контури, жойлашган жойи, чегаралари ва бошқа элементларни қишлоқ хўжалик тарҳига тушириб чиқади. Ҳар 4-5 гектар ер конверт усулида майдонларга ажратиб чиқилади.

Шу ажратилган контурнинг бешта нуқтасидан: тўртта чекка ва марказий қисмидан 0.30 қатламда тупроқ намунаси олинади ва булар бирлаштирилиб битта намуна қилинади. Шундан сўнг у рақамланган махсус идишда ҳамда ушбу ер майдони тарихи ҳақидаги батафсил маълумотлар тўлдирилиб лабораторияга олиб келинади.

Бу ерда эса ҳаракатчан фосфор, алмашинувчан калий ва чиринди миқдори таҳлил қилиниб камералка бўлимига ўтказилади, у ерда дастлабки босқичда контурланган харитага ҳар бир кимёвий таҳлил натижаси киритиб чиқилади. Ва натижада бизда уч турдаги элемент миқдорини аниқ кўрсатиб берувчи учта харита тайёр бўлади.

Ҳар бир харитада ўша элемент билан таъминланиш даражасига кўра ранг берилади ва шундан сўнг қайси жойга кўпроқ эътибор берилиши кераклиги аниқ бўлади. Бунинг аҳамияти шундаки, калий ва фосфорни керак-нокерак ерга бир хилда сочиш эмас, ҳар бир майдонга керагича минерал билан таъминлаш имкони юзага келади. Ортиқча харажат маҳсулот таннархи ошишига ҳам олиб келади. Иккинчидан, ўсимликка ўтмасдан сизот сувларга ўтиб кетиши ёки тупроқ таркибида ўсимлик ўзлашмайдиган ҳолатга ўтиб қолади», дея таъкидлади корхона бош муҳандиси.

Шунингдек, у экин экиладиган ерлар унумдорлигини мониторинг қилиш бўйича амалга ошириладиган ишлар хусусида тушунтириш бериб ўтди.

«Бундан ташқари, ҳар 5 йилда суғориладиган ерларда, ҳар 10 йилда лалми ерларда бонитировка ишларини қилиш режалаштирилган. Бунда тупроқнинг озуқавий элементларинигина эмас, умуман, тупроқда кечаётган жараёнларни мониторинг қилиш имкони пайдо бўлади.

Ҳар 10 гектар ер мўлжал олиниб, 2 метргача бўлган тупроқ кесмалари қазилади ва тупроқ профили очилиб қатламлардан намуналар олинади. Булар лабораторияга олиб келиниб, тупроқнинг унумдорлигини аниқлаш учун 28 та фактор кимёвий таҳлилдан ўтказилади. Бу жараёнда юқоридаги учта элементдан ташқари, энг асосийларидан бири - тупроқнинг механик таркиби, шўрланиш даражаси, гипс мавжудлиги, ер ости сувларининг мавжудлиги кабилар ўрганилади», дея қўшимча қилди Жавоҳир Мусаев.


Йигитали Маҳмудов, kun.uz

@AGROBLOGER канали

Report Page