...

...

AGROBLOGER

Тошкент вилояти Пискент тумани ҳудудидаги боғларнинг сифати, ҳосилдорлиги Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти мутахассислари томонидан ўрганилди. Самарасиз фойдаланилаётган 107 гектар майдон аниқланиб, камҳосил боғларни янги, серҳосил навлар билан тўлдириш борасида боғдорчилик хўжаликларига зарур тавсиялар берилди.

Жорий йил туманда 660,2 гектарда интенсив боғ, 90 гектар анор боғ, 107 гектар майдонда узумзор яратиш режалаштирилган. Мақсад сифатли ва серҳосил мева-сабзавот етиштириш, аҳоли эҳтиёжлари ва экспорт маҳсулотларини кўпайтиришдир.

Хусусан, “Пискент Шарқ агро” фермер хўжалигида ташкил этилган амалий семинарда юқоридаги лойиҳалар муҳокама этилди. Семинарда туман ҳокими ўринбосари М.Абдураҳмонов, ҳоким маслаҳатчиси Ҳ.Каримов, аграр соҳа масъуллари, фермерлар, тажрибали боғбонлар иштирок этди.

Асосий эътибор янги боғларга 7 фоизли кредит асосида сифатли кўчатлар етказиб берилишига қаратилди.

– Ернинг ҳар қаричидан самарали фойдаланиш бўйича водийнинг ўзига хос тажрибаси бор, – дейди туман ҳокими маслаҳатчиси Ҳаётхон Каримов. – Шу сабабли пискентлик боғбонлар Фарғона вилоятининг Қува тумани билан кўчат етказиб бериш ва тажриба алмашиш бўйича фойдали келишувлар тузилган. Бугун Қувадан 7 минг 500 туп 7 хил мевали ва манзарали дарахт кўчатлари келтирилди. Бундан ташқари, фермерлар ва боғдорчилик билан шуғулланиш истагидаги ёшларни Фарғона вилоятига тажриба алмашиш мақсадида саёҳати ҳам уюштирилмоқда. Улар водийнинг мевали боғлари ва кўчатчилик тажрибасидан бохабар бўлиши ва туманда боғдорчиликка татбиқ этилиши кўзда тутилган.

Таҳлилларга кўра, Пискент туманида 479,5 гектар замонавий усулда барпо этилган интенсив боғлар бор. 2020 йилда 134 гектар янги интенсив боғлар ташкил қилинди. Ҳозирги кунда туманда лалми ер майдонларини ўзлаштириш мақсадида дарахтзорларга ҳам томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизими жорий этилмоқда.


@AGROBLOGER канали

А. Мусаев, ЎзА

uza.uz

Report Page