...

...

AGROBLOGER

Дарахтларнинг совуқдан зарарланиш даражаси ва харакатерига қараб, боғбонларнинг бутун кучи, баҳорда уйқудаги куртакларни уйғотиш ва уларни барг новдаларига айлантириш учун шароит яратишга; янги луб ва ёғочлик қаватини берувчи камбийнинг қолган тирик ҳужайраларининг фаолиятини кучайтиришга; илдиз билан ер устки қисмлардан озиқ моддаларнинг нормал алмашинуви учун дарахт ўтқазув системасини тиклашга, мева дарахтларини қишки тиним даврига тайёрлашга қаратилмоғи лозим.

Бу вазифаларни бажариш учун қуйидаги агротехник тадбирларни ўтказиш керак. Кеч кузги-қишки вақтда илдиз жойлашган тупроқ қаватида нам тўплаш учун бу ерлар бир-икки марта суғорилади; бу нам ўсимликлар учун, айниқса, баҳорда ҳужайра тупроғини тиклаш учун зарур. Эрта баҳорда дарахт танаси ва асосий (оналик) шохлар оҳак билан оқланади ҳамда дарахтга оҳак сути пуркалади. У дарахт транспирациясини камайтиради, тана ва шохлар қизишининг олдини олади ва уларни қуёш куйдиришдан сақлайди.

Фақат мева куртаклари ва ёш ўсув новдалари зарарланган дарахтлар, баҳорда, шира ҳаракати бошлангунга қадар буталади. Дарахтлар совуқдан кучли зарарланганда буташ зарарланган ернинг излари аниқ кўриниб, яширин куртаклар уйғонгандан кейин ўтказилади. Бунда тўла қуриб қолган шохлар яхши жойлашган ён шохчаларгача ёки асосий шохлар асосидан бақувват бачки новдалар чиқадиган қисмигача кесиб ташланади. Асосий ва кичик асосий шохларни ёшартириш соғлом ёғочликкача кесиб тозаланади ва шикастланган жойга замазка, боғ муми ёки бўёқ суркалади. Келгуси йил баҳоргача қолдирилади.

Кам зарарланган дарахтларни соғломлаштириш учун шох-шаббаси сийраклаштирилади ва новдалар кучли (1/2– ¾ гача) қисқартирилади. Новдаларни яхши ривожланган соғлом новда устидан кесилади. Ҳамма ҳолларда ҳам узил-кесил буташ куртаклар ёзилгандан ва новдалар ҳосил бўлгандан кейин амалга оширилади. Ғовлаган новдалар бирдан олиб ташланмай, балки 2-3 йил давомида олинади.

Тана ва асосий шохлардаги шикастланган пўстлоқни, агар камбий тирик бўлса, ёз охиригача олиб ташламаслик лозим, чунки бунда камбий шикастланган жойининг битиб кетишига ёрдам бериши мумкин. Камбий нобуд бўлиб, совуқ натижасида ёриқлар ҳосил бўлса, шикастланган тўқималар соғлом еригача тозаланади, шундан кейин ёриқ четларини қуриб қолишдан сақлаш учун тана ва асосий шохларга боғ муми суркаб қўйилади. 5% ли бордо суюқлиги билан дезинфекциялаш яхши натижа беради. Ўралган ер тагидан баъзан ёғочлик ва луб ўсади ҳамда яра битиб кетади.

Агар ер кузда шудгор қилинган бўлса, баҳорда бороналанади, зичлашиб кетган ва палахса-палахса бўлса чизелланади ёки дискланади. Агар ер шудгор қилинмаган, шунингдек, тана атрофлари ва тана ораларидаги ерлар кузда чопилмаган бўлса, бу ишлар эрта баҳорда бажарилади. Вегетация даври давомида экин экилмаган қатор оралари, тана атрофлари ва улар орасидаги полосалар 2-3 марта культивация қилинади ва 2-3 марта юмшатилади. Боғларни ўғитлаш зарур, ўсув даври давомида азот билан 2-3 марта қўшимча озиқлантириш, иложи бўлса, “шарват” усулида ўғитлаш зарур. Фосфор-калийли ўғитларни чуқур қилиб (45-60 см) илдизларнинг асосий массаси жойлашган зонага солиш керак. У мева дарахтлар ўсишининг ўз вақтида тугалланишига ёрдам беради. 2-3 марта илдиздан ташқари озиқлантириш мақсадга мувофиқдир.

Совуқдан зарарланган дарахтларда ўтказувчи системани тиклаш, уларни озиқ моддалар ва намлик билан таъминлаш муҳимдир. Боғларни ёзнинг биринчи ярмида тез-тез, иккинчи ярмида эса онда-сонда суғориш лозим. Ернинг намлиги бир ярим метрли қатламда сентябргача 18-20% дан кам бўлмаслиги керак. Қатор оралари ёзнинг биринчи ярмида қора шудгор қилиб қўйилади, иккинчи ярмида эса яшил ўғит тариқасида кузда ҳайдаб юбориш учун Никольсон нўхати экилади. Ёш боғлар қатор ораларига сабзавотлар, дуккакли дон экинлари, чопиқ талаб экинлар ва ғўза экилиши мумкин. Бу экинларни ўғитлаш зарур, уларни суғориш эса август охири – сентябрь бошларида тўхтатиш лозим.

Совуқдан зарарланган дарахтлар зараркунанда ва касалликлардан алоҳида эътибор билан ҳимоя қилинишга муҳтож бўлади. Қаттиқ совуқлардан кейин дарахтларни баҳорда кесиб ташлаш ярамайди, чунки агар камбийси соғлом бўлса, улар қулай шароитда нормал ҳолатгача тикланиши мумкин.

Шафтоли, гилос, ўрик олма ва нокка қараганда яхши тикланмайди.

Одатда, дарахтнинг ер устки қисми тўла нобуд бўлиб, илдиз системаси сақланиб қолган бўлса, янги дарахт ўтқазганга қараганда уни жуда кам харажат билан тиклаш мумкин.

Масалан, 1955 йил баҳорда кузги совуқдан зарарланган ёш дарахтлар (5-10 ёшли) соғлом жойигача тўнка қолдириб, пайванд қилинган жойдан 10-15 см юқорироқдан кесилди. Жуда кўп ҳолларда бундай тўнкадан кўплаб маданий бачки новдалари пайдо бўлди. Ҳар бир дарахтга 3-4 та энг бақувват, тўнкада яхши жойлашган новдалар қолдирилиб, қолганлари олиб ташланди. Совуқдан нобуд бўлган дарахтнинг бақувват илдиз тизими ер устки қисмларининг яхши ривожланишини таъминлаб, уларнинг баъзи турларида биринчи йилиёқ бир йиллик новдалари баландлиги 2-3 м га етди. Шафтоли биринчи йили шох-шабба ҳосил қилди, иккинчи йили камроқ ҳосил берди, учинчи йил эса мўл ҳосил берди. Кўпгина олма навлари бачки новдалар чиқаргандан кейин тўртинчи йили ҳосил бера бошлади. Бу янгидан ўтказилган бир йиллик кўчатларга қараганда 2-3 йил эрта ҳосилга қирди.

Тўлиқ ҳосилга кирган мева дарахтларининг (8-10 ёшдан юқори) тўнкаси яхши тикланмайди ва уйқудаги куртаклардан янгидан шаклланган ер устки қисми илдизлар билан мустаҳкам бирикмайди. 1954 йил кузда эса тўлиқ ёшдаги мева дарахтлари танасининг асоси қор билан қопланмаган бўлгани учун уларнинг кўпчилиги нобуд бўлди.

Шунинг учун совуқ урган олма дарахтлари (13 ёшли)ни 1955 йил баҳорда 10-15 см баландликда тўнка қолдириб кесилган. Май-июнда уларда мўл илдиз бачкилар пайдо бўлди. Дарахтларнинг ҳар бирида 2-4 донадан бачки новдалар қолдирилиб, қолганлари эса олиб ташланди. Ўша йилнинг августида уларнинг ҳар бирига Налив белий ва Золотое грайма навли олма куртаклари пайванд қилинди. 1956 йилнинг баҳорида куртаклар тутиб кетди ва маданий навларнинг бақувват барг новдалари чиқди. Ҳар бир тўнкада 2 дан 4 тагача янги бақувват новда қолдирилди. 1956 йилнинг баҳоридаёқ қаторларга (10х10 м) илдизга куртак пайванд қилинган ўша навларнинг бир йиллик кўчатлари ўтқазилган эди. Илдиз бачкиларидаги куртак пайвандлар янгидан ўтқазилган мева кўчатларига қараганда бирмунча жадал ўсди ва пайванд қилингандан кейин учинчи йилиёқ мева куртаклар чиқара бошлади, тўртинчи йили ҳар қайси дарахтдан (Налив белий) 25 кг дан, яъни қайтадан ўтқазилган бир йиллик кўчатларга қараганда, 2-3 йил олдин ҳосил берди.

1968 йил баҳорда (10 йил ўтгач) илдиз бачкиларидаги куртак пайвандларни (120 та) ва контроль дарахтларини қайта кўриб чиқиб, уларнинг ҳаммаси тўлиқ сақланиб қолгани ва мева бераётганига ишонч ҳосил қилдилар. Уларнинг бўйи контролдагиларга нисбатан 12-23% баланд, шох-шаббаси 40,8% кенг ва танасининг ҳажми 33% кўп бўлди. Совуқдан нобуд бўлган дарахтларнинг қолган тўнкалари чириб кетди ва олиб ташланди.

Шу тариқа тикланган боғлар янгидан барпо қилинадиган боғларга қараганда, ҳосилга эртароқ киради ва бир йўла сарфни кам талаб қилади. Улар қаторига иккинчи план бўйича дарахтлар ўтқазиш лозим. Олдинги дарахтлар кейингиларини сиқиб қўйса, бунда тикланган дарахтларни аста-секин кундаков қилиш керак. Бундай тикланган ва аста-секин ҳосилга кирадиган боғлар яхши самара беради.

Дарахтларнинг ҳам ер устки қисми, ҳам илдизлари совуқдан зарарланган ҳолларда ёки дарахтлар қари бўлса, бунда уларни кундаков қилиш лозим.


@AGROBLOGER канали

А.А. Рибаков, С.А. Остроухова. "Ўзбекистон мевачилиги". 

dehqon.uz

Report Page