...

...

AGROBLOGER

Иссиқхоналарда мева-сабзавот етиштиришнинг кўпайиши ички бозорларни сероб бўлиши билан ушбу маҳсулотни йил бўйи экспорт қилиш имконини ҳам бермоқда.

Дўстлик тумани “Янги ҳаёт” массивидаги “Гўзал Жиззах боғлари” фермер хўжалиги 2 гектар майдондаги иссиқхонада помидордан яхши ҳосил етиштирди. Январь ойида қўшни Қозоғистон республикасига 30 тонна помидор экспорт қилди.


Инвестиция дастури доирасида тижорат банкидан умумий қиймати 1 миллион 100 минг, шундан 865 минг АҚШ доллари Жаҳон Тараққиёт банкининг кредит линияси маблағи ҳисобидан гидропоника усулида барпо этилган иссиқхона Жанубий Корея Республикаси технологияси билан жиҳозланган. Иссиқхонадаги барча жараён – ҳароратни, ёруғлик, сув меъёрлари автоматик усулда бошқарилади. Иссиқхонада 25 та иш ўрни яратилди.


Катта харажат ҳисобига барпо этилган иссиқхонадан ўзимизнинг маҳаллий навдаги помидор кўчатларидан олинган ҳосил билан кўзланган самарадорликка эришиб бўлмайди. Шунинг учун фермер хўжалиги иссиқхонага Туркиядан олиб келинган 50 минг туп “Солмас” навли помидор кўчатларини экди. Бу нав кетма-кетига уч марта тугиб, уч марта ҳосил беради. Айни кунларда иссиқхонада помидор кўчатларининг учинчи ҳосилини йиғиштириб олиш давом этаётир.


– Биринчи ҳосилни жорий йилнинг декабрь ойида йиғишни бошлаган эдик, – дейди фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Фарҳод Холбоев. – 150 тонна помидор ички бозорга, 150 тонна помидор экспортга йўналтириш режалаштирган. Аммо, баъзи сабабларга кўра, ҳосил мўлжалдагидан бироз кам бўлди. Помидор кўчатлари оралиқ экинларидан ҳам қўшимча даромад қилаётирмиз.


Суҳбатдошимиз “баъзи сабаблар” деганда декабрь ойида помидор пишиш даврида иссиқхонада юзага келган ҳосил учун ҳалокатли вазиятни назарда тутди. Иссиқхонада ҳароратнинг тушиши оқибатида ҳар бир кўчатда бир-иккитадан помидор ёрилиб кетди. Бу эллик минг туп кўчатда юз минг дона помидор,150 миллион сўмга яқин зарар деган гап.


Кўзланган ҳосилнинг олинмаслиги эса, фермерга банк кредит тўловларини тўлаш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши аниқ.


Ҳароратнинг етишмаслигига эса газ таъминотидаги узилиш сабаб бўлди. Лойиҳа бўйича иссиқхона барча техник талаблар асосида табиий газ тармоғига уланган. “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти ҳудудий газ таъминот филиали билан табиий газ етказиб бериш юзасидан шартнома ҳам тузилган. Бироқ газ таъминоти корхонаси Энергетика вазирлигининг буйруғини рўкач қилиб, иссиқхонани тармоқдан узиб қўйди.


Шундай ташвишли ҳолат тумандаги “Сангзор водийси”, “Баракали полиз” масъулияти чекланган жамиятларининг иссиқхоналарида ҳам содир бўлди. Уларда ҳам айнан инвестиция дастури асосида гидропоника усулида маҳсулот етиштирилмоқда. Иссиқхона соҳиблари муаммоларини газ таъминоти идоралари билан ҳал этолмагач, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш туман қабулхонасидан ёрдам сўрашди.


Ўтган ишга салавот, деганларидек, ҳозир муаммо ечимини топган пайтда, воқеаларнинг барча тафсилотларига ҳожат йўқ. Муҳими, қабулхона томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида тумандаги жами 5 гектар майдонда помидор етиштираётган 3 та иссиқхонадаги ҳосил нобуд бўлишдан сақлаб қолинди.


Шу кунларда уч хўжаликнинг иссиқхонасида ҳам ҳосил йиғиштириб олиниб, ички бозорга ва хорижий харидорларга етказиб берилмоқда.


2019 йилда Дўстлик тумани деҳқонлари хорижга 417 тонна маҳсулот экспорт қилишди. Бунда замонавий технология асосида иссиқхоналар барпо этиб, маҳсулот етиштираётган тадбиркорларнинг ҳам салмоқли улуши бор. Улар шу кунларда бозорларимизни сероб қилиш билан бирга хорижга маҳсулот сотишни ҳам давом эттиришмоқда.

uza.uz

@AGROBLOGER канали

Report Page