*/

*/

Source

Заҳарланган миллат Шарқда Япон денгизидан ғарбда Қора денгизга қадар бўлган ҳудудда жанговар туркий қабилалар ва уларга қардош халқлар яшаб келишган. Бу миллат баҳодирлари шамол, бўрон каби Шимолий ва Марказий Осиё бўйлаб от чоптирганда, тулпорларининг дупурини эшитган Чин-у Рум ҳукмдорлари қўрқувдан дағ – дағ тираб туришган. Кимда ким ушбу бўронни бир байроқ остида бирлаштира олса, бошқарса у дунёни бошқаради. Тарихдан бундай мисоллар сероб. Улар Миллат ичидан етишиб чиққан жаҳон фотиҳлари бўлсин ё Чингиз бўлсин ё Иван Грозний ва ёки Пётр дейсизми қўшининг жанговар қисми туркийлардан бўлган. Лекин бу қудратли тўфонни бошқара олиш салоҳияти ҳаммага ҳам насиб этавермаган. Қўлида кескир қилич тутган кимса агар уни ишлата олмаса ўзини жароҳатлаши мумкин. Шу сабаб миллат душманлари бу миллатни бўлишга уни ўзаро душман гуруҳларга ажратишга уринишган. Минг таассуфлар бўлсинким бунга секин асталик билан эришиб келишмоқда. Чин ҳукумдорлари томонидан бошланган бу фитналар Чор Россияси ва Большевиклар даврида кучайиб, бугунги кунга қадар давом этиб келмоқда. Аламли томони шундаки турли гуруҳларга бўлиниб олган арслон болалари бугунги кунга келиб суяк талашаётган кўппаклардек бир – бирига ирриллаб тиш қайрашмоқда. Бу муқаддас замин фарзандларини бирлаштириб турадиган икки нарса бор, бу тил ва дин. Ва шу икки нарса доимо айёр душманни қўрқувга солиб келган. Шу икки нарса ғафлат уйқусида ётган улуғ миллатни уйғотиши, бирлаштириши ва уни турли нағмаларга ўйнашга мажбур қилаётганларга қарши курашга ундаши мумкин. Ўрта Осиё минтақасида қудратли давлатнинг пайдо бўлиши кимларнингдир манфаатларига тўғри келмайди. Ва буни олдини олиш учун жон – жаҳди билан гоҳ пинҳона, гоҳ ошкора ҳаракат қилишади. Миллатни парчалашга қаратилган манфур режа 156 йилдан буён аста секинлик билан босқичма – босқич амалган оширилиб келинмоқда.

Тарих билан қизиққан, ҳар бир инсон борки подшо Россиясининг ўлкадаги асосий душмани бу халқни бирлаштириб турган дини бўлганлигини аглайди. Буни Чор Россияси генераллари ҳам бир неча бор таъкидлашган. Шу сабаб асосий зарбалар айнан шу соҳага қаратилган. Тошкентни босиб олган Черняевнинг Швейцариялик Генрих Мозер билан суҳбатида унинг “туркистонликларни руслаштиришни қачон охирига етказасиз?” деган саволига “Маҳаллий аҳоли рус ароғи ва тамакисига ўрганиб бўлганидан кейин” деб жавоб берган. Қони бир бўлган халқни “ароқхўрлар” ва “муллаваччалар”га ажратишди. Қачонлардир қўлига қурол олиб она ватан ҳимоясига отланган ватан ўғлонлари энди бир – бирига “чала мулла”, “кети ювилмаган мулла”деб кесатадиган, агар насиҳат қиладиган бўлсанг, “сени ўзинг кечагина фалон ишларни қилиб юрардинг энди одам бўлиб қолдингми” дейдиган бўлишди. Намоздан хабари борлари эса қўшниси агар бенамоз бўлса у сув ичган идишдан сув ичмайдиган, ичса ҳам саккиз марта чақаб кейин ичадиган, инсондан жирканадиган бўлиб қолишди. Бойлари эса ёнида мискин ёки етим қўшниси бўла туриб, эҳсонини ю закотини қайсидир диний муассасанинг такаббур муллаваччасига беришни афзал кўрадиган бўлишди.


Ўтмишда Туркистонлик одамдан қайси миллатдансан деб сўрашса мусулмонман, уммати Муҳаммад алайҳиссалом, ёки Иброҳим халолуллоҳнинг миллатиданман деб жавоб қайтаришган. Йиллар давомида улуғ олиму шоирлар, ҳам форсий ҳам туркийда ижод қилишган ва бу ҳеч кимни ажаблантирмаган. Буни қарангки подшо россияси кириб келиши билан туронзаминда турли миллат вакиллари истиқомат қилиб келаётганлиги “ихтиро” қилинди. Ва ўзимиздан чиққан, душманнинг болтасига соп бўлган “қаҳрамонларимиз” бу жараёнга ўзларининг хоинона ҳиссаларини қўшдилар. 1925 – йилга келиб ягона ватан бўлакларга ажратилиб, гўёки “ўз Республикалари”га эга бўлишди. Бу нонавон “республикачалар”нинг мустамлакачилар томонидан томонидан тарбияланган раҳбарчалари ҳам, ўз ожизона сиёсатини юритиш мақсадида ўзларидан буюк миллат яратиб олишга интилиш ва шу орқали халқни ўз ортидан эргаштириш мақсадида турли шовинистик кучларни қўллаб қувватлаб ва рағбатлантириб келишмоқда. Худди шундай авом ҳам қачонлардир ягона ақида ягона ватан учун курашган қардошларидан ўзларини улуғроқ, қадимийроқ эканлигини даъво қилиб ижтимоий тармоқларда талашишмоқда ва буни милллий ғурур деб ниқоблашаяпти.
Сўз бу қудратли қурол бўлиб, у орқали бир инсонни ўлдириш ёки ўлим ёқасида турган инсонни ҳаётга қайтариш мумкин. Буни яхши англаган аждодларимиз бу қуролдан самарали фойдаланишган. Масалан ҳукумдор ёки қозининг олдиган борган инсон унга адолатпаноҳ ёки шариатпаноҳ деб мурожаат қилишган. Бу ҳукмдор ёки қозининг адолатли эканлиги учун эмас, балки шарқона лутф ва устомонлик билан “Адолат қилинг тақсир!!!” дегани. Худди шунингдек Аёлларга нисбатан “ожиза”, “заифа” атамалари қўлланилиб келинган. Ваҳолангки бу юрт аёллари орасида, шижоату мардликда, ақлу заковатда эркаклардан кам бўлмаганлари анчагина эканлигига тарих гувоҳ. Унда “ожиза”дан мақсад нима? Мақсад шу ки келгусида юрт эгаси бўладиган ўғлоннинг онгига опа-синглингилларини, аёлу қизларини асраш “фарзи айн” эканлигини сингдириш бўлган. Бундай тарбия билан улғайган юртнинг ҳақиқий мард ўғлони ватан ҳимоясига кирар экан, ортида уни уйда кутаётган, умиди ёлғиз Оллоҳдан ва ўғли ёки отасидан бўлган ожизаларни эслаб, жанг майдонида охирги қони қолгунича шердек олишган.
Кейинги босқичда миллатнинг жанговар руҳиятини синдириш, уни бефарқ даюсга айлантириш мақсадида миллат ғурурига, номусига “ҳужум” бошланди. 1927 – йилда паранжи ташлаш билан бошланган бу ҳаракатдан максад мусулмон аҳолининг суянчиғи, қўрғони ва уни доимо олдинга ҳаракат қилишга ундаб келган, умид юлдузи бўлган оиласига тажовуз эди. Бу босқичда эр ва хотин ўзаро қарама –қарши қўйишга ҳаракат қилинди. Тарғибот компанияларида озгина эрлик ғурури бор бўлганлар “мустабид”, “золим” сифатида қоралана бошланди. Айрим совет тузуми малайлари ва исмлари бир нима “хоним”лар...бўлиб, ўзи маҳаллий аҳолига умуман алоқаси бўлмаган эчкилар томонидан “ожиза” сўзи дастак қилиниб “хўрланган шарқ аёллари” ҳақ ҳуқулари, уларни “озод қилиш” ҳақида сафсаталар тўқила бошланди.
Бу “озодлик” шарқ аёлларига бахт олиб келдими? Бир пайтлар Ўзбегойим бўлиб, уйнинг тўрида таманно қилиб, елпиғични елпиб, хонадоннинг бекаси бўлган аёллар энди қуллар каби пахта далалари ва корхоналарга ҳайдалди. Илгари камчилиги учун эридан гап эшитган бўлса энди “план”ни бажаролмаганлиги учун турли номарду нокаслардан гап эшитадиган бўлди, хўрланди ва зўрланди. “Озодликка эришган шарқ аёллари” ҳақида турли минбарларда асли келиб чикиши маҳаллий халқларга оид бўлмаган “Эчкихонимлар”оғиз кўпиртирган бир пайтда, далада эрта тонгдан кун ботгунга қадар қулларча меҳнат қилаётган маҳаллий аёлларнинг топталаётган ҳуқуқи ҳақида ҳеч ким лом – мим демади. Чунки уларда ҳуқуқнинг ўзи йўқ эди-да. Бунинг ўрнида газеталарнинг биринчи бетида чаккасига пахтани тақиб олган, юз килолаб пахтани кўтарадиган “бахтиёр” қулларнинг сохта сиймоси тасвирланади. Бу “бахтиёрлик” шу даражага етдики аёлларнинг ўз жонига қасд қилиши, ўзига ўт қўйиши кундалик оддий ҳолга айланди. Манфур тузум жон талвасасида бўлган 80 йилларнинг охирида Республика бўйлаб 400 нафардан ортиқ аёлнинг ўз жонига қасд қилганлиги “озод шарқ аёли” бахтиёрлигининг олий намунаси бўлди.
Гарчи ўтган йиллар давомида бизни кўп бора отдилар, осдилар, ёқиб юбордилар, биз қайта ва қайта тирилавердик, ўзимиз муқаддас деб ҳисоблаган нарсаларимиз учун курашавердик. Зулм империяси ҳам чок чокидан сўкилиб, тарқалиб кетди. Лекин биз миллатимиз рамзи, даҳо бобокалонларимиздан бизга меърос бўлиб қолган муқаддас динимиз ва тилимизни сақлаб қола олдик. Геосиёсат майдонида кичик ва кучсиз давлатлар кўпича катта давлатларнинг таъсир доирасига тушиб қолади. Қудратли “оғалар” кўпинча кичик давлатларга ҳам ташқаридан ҳам ичкаридан таъсир ўтказишга уринишади. Бунда миллат ичидан етишиб чиққан “болта соплар” ҳам муҳим рол ўйнашади.

2020 – йилнинг июл ойида Қўлларида шиорлар кўтариб олган феминисткалар пойтахт кўчаларида ярим яланғоч ҳолда суратга тушиб миллий ва диний яхлидлигимизга тажовуз қилишга уринишди. Комунистларнинг бу эски, чириган провокацион методлари бу сафар ўз самарасини бермади. Имони бутун, миллий ғурурини йўқотмаган ватанимиз ўғил – қизлари уларга муносиб жавоб қайтаришди.


Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда айрим мияси заҳарланган “блогер” ва шунга ўхшаган бошқа бисмиллоҳсиз бунёд бўлганларнинг фикрича мактабларда ҳозирги кунта тез – тез учраётган, ўқувчи қизларнинг иффатининг бузилиши, эрта туғруқ каби масалаларга уларнинг жинсий тарбия кўрмаганликлари сабаб бўлаётган экан. Шу сабаб мактабларда жинсий тарбия дарсларининг ўтилиши хомиладорликдан сақланиш йўлларини ўргатилиши, муҳим эмиш. Эй мия ўрнида чарви кўтариб юрганлар бу ёшларда имоннинг йўқлигидан, худодан қўрқмаслигидан эмасми? Буни ўрнига ёшларга Аллоҳни танитиш керак эмасми? Бу нотавонлар мактабда жинсий тарбия масаласида салбий фикр билдирганларни жоҳил эси паст кишилар деб ҳисоблаб, жинсий тарбия деганда “секс”ни тушинишади деб кесатиқ қилишмоқда. Сизнингча Ўзбек тилида Жинсий тарбия атамасини қандай қабул қилиш керак? Ҳар ҳолда бу сўз ишлатилганда половҳўрлик назарда тутилмаса керак? Жинсий тарбия масаласи ўта шахсий масала бўлиб, бу масалада омма олдида жар солиш ярамайди. Аждодларимиз бу масалада қандай йўл тутишган? Эркак ва аёл муносабатлари одоби уларга қандай ўргатилган? Мен аминманки бу масалада мактабда таълим олаётган гўдакларга, ёки ўша даврда ахборот алмашиш манбаси бўлган бозорлада овоза қилишмаган. Бу масалада вояга етиб ўсиб келаётган йигит қизга яқинлари, қариндош – уруғлари томонидан тушунча берилган. Оилавий муносабатлар ҳақида ҳадис китобларида мукаммал тарзда маълумотлар келтирилган. Агарда бизни ёш авлод тарбияси, соғлом насл масаласи ташвишга солаётган бўлса юқоридаги манбалардан фойдаланиш яхши самара беришига ишончим комил.

Аллоҳ таоло уч тоифа мавжудодни яратди 1 – тоифа фаришталар, 2 – тоифа инсон ва 3 – тоифа ҳайвонлару паррандалар. Улуғ аллома Имом Абу Ҳомид ал-Ғаззолийнинг табирича Аллоҳ фаришталарга руҳ ато этди ва уларни руҳонийлик, оқиллик, тоат, ибодатга лаёқатлилик сифатлари билан безади. Ҳайвонга эса жисм ато этди ва унга жисмоний қувват, емоқ-ичмоқ, жинсга эҳтиёж, нафс каби ҳайвонлик сифатларини берди, бироқ тафаккур қобилиятини бермади.

Инсонга эса ҳам ҳайвоннинг, ҳам фариштанинг хусусиятларини бериб уни мукаммал қилди. Жисмида ҳам руҳоний ҳам ҳайвоний хусусиятларни жамлаган инсон илму маърифат, тоату ибодат ҳамда тафаккур билан фаришталарга яқинлашса, навс кўйига тушиб, фикру ёди фақат ҳайвоний эҳтиёжини қондиришдан иборат бўлиб қолса ҳайвонларга тенглашади.

Нафс асов отга ўхшайди ақл эса шу отнинг чавандози. Агар чавандоз кучсиз, бўшанг бўлса от уни ҳалокат жари томон олиб қочади. Ҳали шахс сифатида шаклланиб улгурмаган мактаб ўқувчисига жинсий тарбия ҳақида гапириб, унда кучли жинсий майлни уйғотмаймиз деб ким кафолат бера олади? Бу аслида вояга етмаган гўдак ҳуқуқини топташ, келажакка хиёнатдай гап ку. Бу худди ёш болани оғуга ўргатишдай гап эмасми?. Инсонга берилган хохиш ва истаклар орасида энг кучлиси бу жинсий қониқишга бўлган эҳтиёждир. Дин, тарбия ва ахлоқ каби турли ижтимоий меъёрлар туфайли бу эҳтиёж онг остида яширин бўлади. Ташқи таъсирлар натижасида бу эҳтиёж қўзғатилса, ижтимоий меъёрларни парчалаб ташлайди ва инсон фақатгина эҳтиёжини қондиришдан бошқасини ўйламайдиган ҳайвонга айланиб қолади. Минг йиллар давомида инсон популяциясининг барқарор ривожланиб келишида, минг йиллар давомида шаклланган ижтимоий меъёрларнинг аҳамияти беқиёс.


Ғарблик “акахонлар” томонидан бизга тиқиштирилаётган бунақанги найранглардан мақсад миллат ичида бир – бирига нафрат билан қарайдиган, эҳтиёжини қондиришдан бошқа нарсани ўйламайдиган, ватан, дин, миллат, ор – номус ва ғурур каби тушунчалар бегона бўлган тубан осон бошқариладгин мавжудодларни шакллантиришдир. Аслини олганда оғзидан эҳтиёжини қондириш воситаси сифатида фойдаланадиган ва бугунги кунда демографик ҳалокат ёқасида турган ғарб давлатлари жинсий тарбия олишга муҳтожроқ эмасми? Мазкур мақола орқали мавжуд сиёсий бошқарувга нисбатан эътироз билдириш фикридан мутлақо йироқман. Чунки кучли геосиёсат уммонида бизнинг давлатимиз писта пўчоқдай гап ва биз хохласак – хохламасак кўп ҳолларда бу тўлқинлар йўналган томонга сузишга мажбур бўламиз.

Биз юқорида санаб ўтилган “заҳар”ларга қарши иммунитет ҳосил қила олишимиз учун, қизларимизни, уларнинг одобу ҳаёсини, иффатини сақлаб қолишимиз ложим. Зеро бу миллатни шу кунга қадар етиб келишида қаҳрамон аёлларимизнинг ҳиссаси катта. Қачонлардир юрт босқинчилар оёғи остида топталиб, қурол кўтаришга қодир бўлган барча эркаклар қатл қилинганда, фақатгина бўйи найза бўйича ёки баъзи манбаъларда арава ғилдираги баландлигича бўлган гўдаклар қолдирилганда ва миллатнинг яшаб қолишига умид қолмаган пайтда, жисми нозик лекин сабру тоқатда тоғлардан устун бўлган оналаримиз сабаб, уларнинг тарбияси сабаб яшашада давом этиб, қаддимизни ростладик. Миллат келажагининг қандай бўлиши аёллар онгу шуурининг қандай шакллантирилишига боғлиқ.

Report Page