...

...

FERMER

Мол гўнги — органик ўғитлар ичида энг салмоқли ўринни эгаллайди, чунки унинг таркибида ўсимликлар учун зарур бўлган асосий озиқ моддалар бўлади. Шунга кўра, у ўсимликларнинг озиқланиши учун энг муҳим озиқ манбаи бўлиб, ундан фойдаланиш деҳқончиликда озиқ моддалар айланишини тартибга солиб туришда катта аҳамият касб этади.

Бундан ташқари гўнг ерга солинган биринчи йилигина эмас, балки ундан кейинги йилларда ҳам экинлар ҳосилини оширишга ижобий таъсир кўрсатади. Чунончи гўнг таркибидаги азот, фосфор ва калийдан иккинчи йилги экинларнинг фойдаланиши 15-20,10-15 фоизни, учинчи йилги экинда тегишлича 10-15,5-10 ва 0-10 фоизни ташкил этади. 

Органик ўғитларни тайёрлаш ва улардан фойдаланиш технологияси ўғитлар таркибидаги озиқ моддаларни тўлиқ сақлаб қолиш ва уларни ўсимликларга сингадиган ҳолатда бўлишини, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўғитлар таркибида бўладиган бегона ўтлар уруғларини тўлиқ нобуд қилишни таъминлаши керак. 

Қаттиқ ҳолатдаги гўнг чорвачилик фермалари яқинидаги махсўс гўнгхоналарда, улар бўлмаган жойларда, далаларда уюмлар ҳолида сақланиши керак.

Гўнгни дала шароитида сақлашда улар далага ташиб чиқилади ва ҳар қайсиси 4-6 гектар майдонга етадиган қилиб текис ерга уюлади. Уюмлар атрофи зич қилиб шиббаланади, тегишли шакл ва ўлчам ҳосил қилинади: уюмнинг кенглиги 5-6 метр, баландлиги 2-2,5 метр бўлиши керак. Уларнинг усти 10 см қалинликда тупроқ билан ёпилади.

Бунда тупроқ массаси сақланаётган гўнг массасига қараганда 25%дан ошиб кетмаслиги керак. Дала шароитида қурилган ҳар қайси гўнгхонанинг ҳажми ўғитланадиган даланинг катталигига ва ўғитлаш нормасига боғлиқ бўлиб, ҳажми 3000 м3 дан ошиб кетмаслиги керак.

Гўнг шудгор олдидан ёки экишдан олдин гектарига 15-20 т дан берилади ёки махсус хандақлар қазилиб, улар гўнг билан тўлдирилади ва сув билан ивитиб қўйилади. Ачиш ва бижғиш жараёнларидан сўнг суғоришда ишлатишга тайёр бўлади.


FERMER канали

Report Page