...

...

FERMER

Мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланган ҳолда тежамкор технологияларни жорий этиш Оролбўйида сув танқислиги шароитида ягона йўли сифатида қаралмоқда. Ёғаётган қор ёки шимолга хос бўлган совуқ ҳарорат ҳам ҳудудда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш заруратини юмшатаётгани йўқ.

Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Назаров Шуманай туманидаги ғалла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш ишлари билан яқиндан танишди.

 

Жараёнлар билан танишган масъул тежамкор технологияларни қуриш ва монтажлаш ишларида сув хўжалиги ташкилотларининг сервис гуруҳлари кўмагидан самарали фойдаланиш, ҳашарлар ташкил қилиб ишчи-ходимларга қулайлик яратган ҳолда иш унумдорлигини ошириш, ҳудудлардаги ирригация ва мелиорация тармоқларини қазиб тозалаш борасида кўрсатмалар берди.

- Олдимизга қўйган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда барча сувчилар ҳамжиҳатлик намунасини кўрсатмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазири ўринбосари Тажетдин Мадиреймов. — Мана, бир неча кундирки, сувчилардан ташкил топган сервис гуруҳи ходимлари Шуманай туманидаги «Бахром илғор кластер» масъулияти чекланган жамиятининг ғалла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологияларини қуриш ва монтаж қилиш ишларини олиб бормоқдалар. Ҳудуддаги 25 километр коллектор ва 24 километр ички канал ва ариқларни тозалашга 10 дан ортиқ экскаватор ва махсус техникалар жалб қилинган. Барча ишчи ва механизаторларга дала бошида иссиқ овқат ташкил этилган. Умуман олганда, ҳар куни 500 нафардан ортиқ сувчилар мазкур ҳудудда белгиланган вазифаларни сифатли амалга оширмоқда.

 Ғаллачиликка ихтисослаштирилган «Бахром илғор кластер»да жорий мавсумда 550 гектар майдонга ғалла экилган бўлса, мазкур майдонлар тўлиқ лазер ускунаси ёрдамида текисланган. Эндиликда ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий қилинаётгани айни муддаодир.

Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистонда ҳозирга қадар ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этилмаган эди. Ҳудуд учун янги ҳисобланган бу технология илк бор 2022 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларида қўлланилмоқда. Режага кўра мавсум давомида 5 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологияси ўрнатилади.


Ғ.Отажонов, xs.uz

FERMER канали

Report Page