...

...

AGROBLOGER

Президентнинг жорий йил 2 февралдаги «Шоли етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мамлакатимизда шоли етиштириш, сақлаш, қайта ишлашнинг узлуксиз ва самарали тизимини такомиллаштириш, ички истеъмол бозорини гуруч маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ва экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Айни мавзу юзасидан Дон ва шоли илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси директори, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Дуйсенбой УТАМБЕТОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди.

– Қарорда таъкидланганидек, бугунги кунда тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги, аҳоли ўсиши ва бошқа инсон таъсири билан боғлиқ омиллар сувни кўп истеъмол қиладиган экинларни етиштиришга сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни тақозо этмоқда, – дейди Дуйсенбой Утамбетов. – Оролбўйи шароитида кейинги глобал иқлим ўзгариши туфайли даврий равишда кузатилаётган сув танқислиги ва ички ирригация тармоқларининг кўпчилик қисми яроқсиз ҳолатга келганлигидан мухандислик типдаги шоличиликка мослаштиририлган 123 минг гектардан ошиқроқ ернинг мелиоратив ҳолати ёмонлашиб фойдаланишдан чиқиб қолмоқда.

Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон худудида ирригация тармоқларини реконструкция қилиш ва ерларни капитал таъмирлаш ишларини бажариш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш орқали фойдаланишдан чиқиб қолган ерларни босқичма-босқич ишлаб чиқаришга қайта киритиш чора-тадбирлари амалга оширилади. Селекция илмининг услубларидан, ютуқларидан самарали фойдаланиб, янги серҳосил, тезпишар ва ўта тезпишар, сувни нисбатан кам сарфлайдиган ҳудуднинг ноқулай шароитига бардошли навларни яратиш, уларнинг навдорлик ва ҳосилдорлик хусусиятларини сақлаган ҳолда жадал кўпайтириш учун бирламчи уруғчиликни ташкил этиш зарур. Бунда уруғлик материалларини ўриб олиш, тозалаш ва сақлаш ишларини замонавий техник ускуналар, лаборатория анжомлари билан таъминлаш керак бўлади. 

Оролбўйи шароитида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини таҳлил қилиб кўрганимизда, энг ҳосилдорлиси шоли ҳисобланади. Уни гектарига 80-100 центнерга етказиш имконияти бор. Шоли сувни кўп талаб қиладиган экин бўлганлиги сабаб ҳудуднинг шўрланган тупроқларида ҳам экишга яроқли. Узоқ йиллар давомида шоли экиш учун ўзлаштирилган муҳандислик типдаги ерларда капитал таъмирлаш ишлари ўтказилмасдан оқилона фойдаланилмаганлик оқибатида ерлар нотекис ҳолатга келиб, тупроқнинг табиий унумдорлиги ва ундан олинадиган шоли ҳосилдорлиги пасайиб кетмоқда.

Шоличиликда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда инновацион ва ресурс тежамкор технологиялар қўлланиб, экспортбоп, жаҳон бозорида харидоргир гуруч маҳсулотлари етиштириш бўйича долзарб муаммолар ва уларнинг ечими бўйича ўз таклифимни билдирмоқчиман.

Ҳудудда ниҳоятда танқис бўлган сувни тежаш учун шоличиликка ихтисослашган кластерлар ва фермер хўжаликлари ерларини лазер ёрдамида ± 5 сантиметр стандарт нормага келтириб текислаш, унинг конфигурациясини тўғрилаб, ички ариқ ва коллектор дренажлар тармоғини ўрнатиб, сувни ўлчаб беришни ташкил қилиш керак. Шунингдек, касаллик инфекциялари ва зарарли ҳашоратларни йўқ қилиш мақсадида дала маданиятини сақлаб, бегона ўтлардан (қамиш, уруғ, қизилмия ва янтоқ) тозаланиб, санитар нормада ушлаб туришни таъминлаш зарур. Чунки ариқ, зовур ва челларда ўсаётган бегона ўтлар ҳашоратларнинг “бошпанаси”га айланиб бўлган.

Қишлоқ хўжалиги экинларини муҳофаза қилиш ва самарали фойдаланиш мақсадида катта ва кичик каналларни энига қисқартириб, сув оқиш тезлигини ошириш учун уларни босқичма-босқич бетонлаб чиқиш лозим бўлади. Шоли ерларининг тупроқ унумдорлигини ошириш, сувни тежаб самарали фойдаланиш орқали мамлакатимизда озиқ-овқат таъминотининг барқарорлигига эришиш учун, янги серҳосил (узун гуручли) тезпишар ва ўта тезпишар навларни яратиш ва уларнинг бирламчи уруғчилигини йўлга қўйиб зудлик билан кўпайтириш орқали уларнинг устунлигидан самарали фойдаланиш мумкин. Оролбўйи шароитида ирригация ва мелиорация тадбирларини амалга ошириш учун йирик ҳажмда маблағ талаб этилади. Шунинг учун тўғридан-тўғри инвестицияларни давлат ва хусусий шериклик шартномалари асосида жалб қилган ҳолда улардан оқилона фойдаланиш зарур.

Ўзбекистонда шоличиликни ривожлантириш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастурининг қабул қилиниши, уруғ, минерал ўғит, сув ва бошқа ресурсларни тежайдиган технологияларнинг кенг жорий этилиши, Қорақалпоғистон Республикасида Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали ва Вьетнам аграр университети билан биргаликда шоличилик йўналишида қўшма факультет ташкил қилиниши шоли етиштиришда юзага келган муаммоларни бартараф этишга, аҳолини арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулоти билан таъминлашга хизмат қилади.


ЎзА мухбири Довуд Абибуллаев ёзиб олди. uza.uz

@AGROBLOGER канали



Report Page