ЧОРВАЧИЛИК ИСТИҚБОЛИ СИФАТ ВА НАЗОРАТНИ ТАЛАБ ЭТАДИ

ЧОРВАЧИЛИК ИСТИҚБОЛИ СИФАТ ВА НАЗОРАТНИ ТАЛАБ ЭТАДИ


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бўлимига наслдор ҳайвонлардан оқилона фойдаланиш, ҳайвонлар ва улар уруғларини экспорт ва импорт қилиш устидан, мулкчилик шаклидан қатъий назар чорвачиликда наслчилик ишлари билан шуғулланувчи субъектлар фаолияти устидан назорат қилиш вазифалари юклатилган. Шу билан бирга наслчилик хўжаликларида наслдор чорва ҳайвонлари ҳисоби рўйхатдан ўтказилиши ва селекция жараёнида фойдаланиладиган наслчилик ресурсларининг келиб чиқиши, чорвачиликда наслчилик билан шуғулланувчи хўжаликларга ер майдонлари ажратилиши ва улардан самарали фойдаланилиши, корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган омухта ем, шелуха, шрот маҳсулотларининг сифат кўрсатгичлари устидан назорат олиб борилади.

Бу бўйича “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан январь ойи давомида ташкил этилган назорат тадбирларида айни жиҳатларга эътибор қаратилди.

Қизилтепа туманида чорвачилик йўналишида назорат тадбирлари ўтказилганда қатор камчиликларга йўл қўйган фермерлар борлиги аниқланди. Хусусан, ўрганишлар давомида 2021 йилнинг қиш ва баҳор ойларини беталофат ўтказиш мақсадида етарлича пичан, дағал хашак ва концентрат озуқалар жамғариш, она қўйларни кўпайиш даврида чорва ҳайвонлари учун зарур дори-дармон воситалари билан таъминлаш, ҳайвонларнинг наслдорлик ва маҳсулдорлик сифатларини баҳолаш ишларини тўғри ташкил этиш ишлари етарлича амалга оширилмаганлиги аён бўлди.  Жумладан, бу бўйича “Ўткурий”, “Ўртачўл сити чорвалари”, “Абдурауфбобо чорвалари”, “Даллер Қодиров корези”, “Сатторбобо пойдевори”, “Сатторбобо нияти” , “Жасурбек чорвалари”, “Очил Жамол”, “Жамолбобо чорвалари”, “Неъматбобо чорвадори”, “Варозун қоракўл чорваси”, “Бекзод-2000”, “Файзулло Акобир Баходир чорвалари”, “Амузар чорвалари”, “Чорва стандарт бизнес”, “Фирдавс зотдор чорвалари”, “Қосим Нозим чорвалари”, “Қизилтепа қоракўл чорваси”  чорвачилик фермер хўжаликларига огоҳлантирувлар берилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан мониторинг ўтказилди. Ўрганиш давомида аниқландики, фермер хўжаликларида парвариш қилинаётган балиқларнинг 2021 йил давомида концентрат озуқалар жамғариш, сув ҳавзасини етарлича наслли балиқ чавоқлари билан тўлдириш ишлари ва сувдан фойдаланиш учун туман сув истеъмолчилари уюшмаси билан шартнома тузиш тадбирлари амалга оширилмаган. Бу каби камчиликларга йўл қўйган “Авангард-2017”, “Жаббор Тошпўлот” балиқчилик ва кўп тармоқли фермер хўжаликларига огоҳлантирувлар берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан мониторинг олиб борилди. Ўтказилган назорат тадбирлари давомида, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг ветеринария участкаси ходимлари ва “Чорванасл” агентлигининг мутахассислари томонидан наслчилик ишлари юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотлар ходимлар томонидан юритиладиган журналларда тўлиқ қайд этилмаганлиги аниқланди. Мазкур ҳолат бўйича туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ва “Чорванасл” агентлигининг туман вакилига қонунбузилиш ҳолатларни бартараф этиш тўғрисида ёзма кўрсатма берилиши таъминланди.

Навбаҳор туманида 237 та чорвачилик субъекти мавжуд. Ўтган январь ойида ҳудудда 10 та назорат тадбирлари ўтказилди. Бу ҳудудда ҳам айрим фермер хўжаликларида чорва ҳайвонларини идентификация қилинмагани ҳамда баъзи бир балиқчилик хўжаликларини сувдан фойдаланиш учун туман сув истеъмолчилари уюшмаси билан шартнома тузиш тадбирлари амалга оширилмагани ҳолатлари аниқланди. Мазкур ҳолатларни бартараф этиш мақсадида фермерларга огоҳлантирувлар берилди. Бундан ташқари, туман ҳокими ўринбосари номига тақдимнома киритилди.

Вилоятнинг олис Учқудуқ туманида 3 та наслчилик хўжаликлари ташкил этилган бўлиб, шундан 2 та қорамолчилик ва 1 та қўйчилик йўналишида фаолият кўрсатмоқда. Уларда жами 190 бош йирик (голштен ва қизил чўл зотли ) шохли моллар ва 805 бош майда шохли (жайдари зотли) моллар боқилмоқда. Наслчилик хўжаликларига туманда суғориладиган ерлар йўқлиги сабабли яйлов ерларидан ҳар бир шартли мол учун 2 гектардан кам бўлмаган (5-15 гектар)миқдорда яйловлар ажратилган.

2021 йил январь ойи давомида Инспекциянинг Учқудуқ туман бўлими томонидан чорвачилик бўйича 12 та назорат тадбирлари ўтказилиб, шундан 1 таси текшириш ва 11 та ҳолат мониторинг тадбирларига тўғри келади. 

Жумладан, туманда қорамолчилик йўналишида наслчилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган “И. М” фермер хўжалиги фаолияти ўрганилди. Ўрганиш давомида ушбу фермер хўжаликларида мавжуд қорамолларни наслини тасдиқловчи ҳужжати йўқ бўлиб, наслчилик ҳисоб- китоби ҳам юритилмаганлиги, ҳар хил зотга мансуб моллар аралаш ҳолда кўпайтириб келинаётганлиги аниқланди. “Наслчилик тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида наслчилик субъектлари томонидан наслчилик ҳисоб китобларини ва ҳужжатларини юритилишлари, ресурслари яхшиланилишини, сақланишини, такрор кўпайтиришини ва улардан оқилона фойдаланилишини таьминлашлари, келиб чиқишини генетик экспертиза қилиш ва уларни ўз маҳсулдорлиги ҳамда авлодининг сифати бўйича баҳолаш талабларини бажаришлари, наслли маҳсулотнинг сифатини кафолатлашлари шартлиги кўрсатилган. Шунга қарамай, бу талабларга риоя этилмаган. Фермер хўжалик раҳбари томонидан йўл қўйилган мазкур қонунбузилиши ҳолати юзасидан тўпланган материаллар қонуний қарор қабул қилиш учун туман жиноий судига тақдим этилди.

Шунингдек, асосий даромад манбаи чорвачилик ҳисобланадиган Томди туманида ҳам чорва молларини идентификациядан ўтказиш ишларини орқага суриб келаётган фермерлар учраб турибди. Бу ерда иккита наслчилик хўжалиги фаолият юритади. Январь ойи давомида ҳудудда ўтказилган 12 назорат тадбирининг 6 таси огоҳлантирув, 6 таси мониторинг (ўрганиш) лар бўлиб, фермерлар идентификация масаласида бепарволикка йўл қўйишгани учун ёзма огоҳлантирилган.

Вилоятда чорвачиликни ривожлантиришда амалга ошириладиган лойиҳаларни ўз вақтида ишга туширилишини таъминлаш устидан ҳам доимий назорат ўрнатилган. Айтиш керакки, ўтказилаётган назорат тадбирлари наслли чорвачиликни янада ривожлантириш ҳамда халқимизни сифатли ва арзон гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминланишида муҳим аҳамиятга эга.

 

“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси

матбуот хизмати

 

 

Report Page