...

...

AGROBLOGER

Тахиатошликлар иссиқхоналар ташкил қилиш бўйича Оролбўйидаги туманлар орасида етакчилардан саналади. Ҳозирги кунда туманда 30 гектар майдонда замонавий типдаги иссиқхоналар ташкил қилинган.

Шу билан бирга аҳоли хонадонларида ҳам ихчам иссиқхоналар қурилган бўлиб, уларда помидор, бодринг каби маҳсулотлар етиштирилмоқда. Бу ўз навбатида маҳаллий бозорларда қиш фаслида ҳам ушбу маҳсулотлар нарх-навоси барқарорлигини таъминлашга, ҳудудларда қўшимча иш ўринларини яратишга замин яратмоқда.

— Тахиатош туманининг ўзига хос «ўсиш нуқтаси» яъни, драйвери этиб «Озиқ-овқат саноати» ва «Иссиқхона ташкил этиш» йўналишлари белгиланган, — дейди туман ҳокими Илҳом Маткаримов. — Бу йўналишлар Президентнинг 2020 йил 11 ноябрдаги «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида алоҳида белгиланган. Мазкур ҳужжатга кўра Тахиатош туманида уч йилда жами қиймати 753 млрд.сўмлик лойиҳалар асосида 101та объектда ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Бу каби лойиҳаларнинг дастлабкиларидан бўлган «Азизбек Агро» МЧЖ 2020 йилнинг ўзида фаолиятини йўлга қўйишга улгурди.

Бугунги кунда иссиқхоналар ташкил қилиш туманнинг ҳақиқий ўсиш нуқтасига айланди десак, муболаға бўлмайди. Иссиқхоналарда етиштирилган маҳсулотлар ички бозорни таъминлаш билан бирга экспорт қилиш салоҳияти ҳам пайдо бўлмоқда.

Яқинда «Найман Агро теплица» масъулияти чекланган жамиятининг иссиқхонасида етиштирилган 30 тонна помидор маҳсулотлари экспортга жўнатилди. Ушбу иссиқхонада етиштирилган маҳсулотлар экспорти март ойигача давом қилиши мўлжалланмоқда.

Эътиборлиси, мамлакатимиз шимолида, яъни қиш фасли энг совуқ ҳудуд саналган Қорақалпоғистонда қиш фаслида етиштирилган помидорлар Россия давлатига экспорт қилинмоқда. Бундан 20-30 йилча илгари ушбу минтақада қишда маҳсулот етиштириб, ички бозорга чиқаришнинг ўзи мўъжизадек, қаралгани сир эмас. Демоқчимизки, қарорлар, чора-тадбирлар қоғозларда қолмасдан ҳаётга татбиқ қилинса, албатта ўз самарасини бера бошлайди.

Маълумот учун Тахиатош туманида 2020 йилда жами 1 млн 825 минг. доллар маҳсулот экспорт қилиниши белгиланган. Амалда эса, 3 млн 523 минг долларлик маҳсулот экспорт қилишга эришилган. Шундан, саноат маҳсулотлари 3 млн. 460 минг.долларни, мева-сабзавот маҳсулотлари 62 минг долларни ташкил қилган.


@AGROBLOGER канали

Ғайрат Отажонов,

xs.uz


Report Page