...

...

AGROBLOGER

Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги “Farg‘ona global tekstil” пахтачилик-тўқимачилик кластерида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясидан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Асосий суғориладиган майдонлар қўшни республикалардан оқиб келувчи Норин, Исфайрам, Шохимардон, Сўх ва Исфара дарёларига боғланганлиги сабабли экин майдонларини сув билан таъминлаш долзарб масалалардан. Шу боис сув манбааларини тежаш, ҳар томчисидан оқилона фойдаланиш талаб этилади. Асосий мақсад олтинга тенг бўлган сувлардан мақсадли фойдаланиш орқали экинлар ҳосилдорлигини ошириш, иқтисодий барқарорлик ва аҳоли турмуш тарзини яхшилашдир.

– Бу йил 213 гектар пахта майдонларимиз томчилатиб суғорилади, – дейди “Farg‘ona global tekstil” пахтачилик кластер корхонаси раҳбари ўринбосари Нодиржон Раҳмонов. – Бу борада Исроилнинг “Нетафин” корхонаси билан ҳамкорлик қиляпмиз. Улар тежамкор технологияларни олиб келиш, ишга тушириш, мутахассислар тайёрлашда бизга ёрдам беради.

Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари ўринбосари Алибек Турсунов сувдан оқилона фойдаланишда илғор иш тажрибаларни оммалаштиришга эътибор қаратган хўжаликларига имтиёзли субсидиялар ажратилиши, ер ва сув солиқларида имтиёзлар берилишини таъкидлади.

– Корхонамиз сув тежовчи технологиялар олиб келиш, ўрнатиш билан шуғулланади, – дейди “Белконтитоур” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Носиржон Раҳматуллаев. – Шу кунга қадар Риштон, Ёзёвон, Қува туманларидаги пахтачилик ва боғдорчилик хўжаликларида 300 гектардан ортиқ майдонларда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш жиҳозлари ўрнатилди. Бу йил эса сув етиб бориши қийин бўлган 1500 гектар экин майдонларда қулай ва тежамкор қурилмаларни ишга туширамиз.

Истиқболли лойиҳалар йиллар давомида сувсизликдан қуриб-қақшаб ётган дашт ерларга янги ҳаёт нафасини олиб кирди, сўлим боғ-роғлар бўй кўрсатишга имконият берди.

– Янги технологиялар, аввало, сув ресурслари, минерал ўғит, ёқилғи мойлаш маҳсулотларини иқтисод қилиш билан бирга пахта, ғалла, сабзавот ва мевали боғлар ҳосилдорлигини оширади, – дейди Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Алломжон Фозилов. – Шунингдек, экинларни озиқлантириш, зарарли ҳашоратларга қарши курашишда аниқ ҳисоб-китоб билан иш олиб боришда қатор қулайликларга эга. Муҳими, самарали ва тежамкор усулда иш олиб бориш истагида бўлган фермер хўжаликлари кўпайиб бормоқда. Таклиф ва талабларни инобатга олиб бу йил вилоятимизда 44 минг 582 гектар экин майдонларда сув тежовчи қурилмалар ишга туширилади. 

Тадбирда сувдан оқилона фойдаланиш, тежамкор технологияларни жорий этиш, хизмат кўрсатиш, фермер, кластер, ирригация, банк тизимлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш юзасидан фикрлашиб олинди.


@AGROBLOGER канали

М. СУЛАЙМОНОВ, ЎзА


Report Page