...

...

AGROBLOGER

Дунё афкор оммаси сув танқислигининг олдини олиш юзасида бош қотираётган бир паллада, серқуёш диёримизда сув ресурсларининг салмоқли қисми қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга сарфланаётганини эътиборга олинсак, бу беминнат неъматдан тежаб-тергаб фойдаланиш қанчалик долзарб масала эканлигини англаш қийин эмас.

Шу мақсадда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сув тежовчи ускуналардан унумли фойдаланилган ҳолда, соҳага янги технологиялар янада кенг татбиқ этилса, ҳосилдорлик кўтарилиши билан бирга, сувни тежаш имконияти ҳам юзага келади.

2020 йил 16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида сув хўжалигида тежамкор технологияларни жорий этиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган бўлиб, унда аграр соҳага замонавий инновацион технологияларни жорий этиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгилаб берилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4919-сонли қарори ҳам, сув танқислигининг олдини олиш ҳамда маҳсулот етиштиришда сифат ва самарадорликни янада оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур қарор ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан бир қатор амалий ишлар қилинмоқда.

— Белгиланган дастурга асосан, жорий йилда Самарқанд вилоятида 20 минг 162 гектарда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш режалаштирилган, — дейди «Ўзагроинспекция»нинг Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Нурмамат Турсунов. — Шундан, 13 минг 269 гектар пахта, 2 минг 861 гектар боғ ва 3 минг 649 гектар токзорларда сув тежовчи инновацион технологияларни ўрнатиш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳаларнинг умумий қиймати 403 миллиард сўмдан зиёдни ташкил этади. Жумладан, жорий йилда Каттақўрғон туманида 7 минг 979 гектар, Паяриқ туманида 2 минг 355 гектар, Паст Дарғомда 1 минг 433 гектар ва Нарпай туманида 1 минг 354 гектар ер майдонида сув тежамкор ускуналар ўрнатилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда Нарпай туманининг Ойбек ММТП ҳудудида «Оптима Агро Кластер» МЧЖ кластер корхонаси томонидан 415 гектар ер майдонига сув тежамкор ускуналар ўрнатиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан, сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун белгиланган лойиҳалар ижроси юзасидан кунлик мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.

Ҳар бир лойиҳа юзасидан буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар, уларнинг ҳаракат режаси, сув тежовчи технологиялар учун келтириладиган асбоб-ускуна ва бошқа ташкилий - техник масалаларни ҳал этиш юзасидан назорат ўрнатилган.

Сув тежовчи ускуналар жорий этиш ҳар гектар ер ҳисобига сувни 40-45 фоизга тежаш имконини бериши билан бирга, ҳосилдорликни 15-20 центнерга оширади. Буни вилоятдаги кўплаб кластер корхоналари, фермер хўжаликлари амалда синаб кўришди.

Жумладан, Иштихон туманидаги “Maroqand Sifat Texstil” МЧЖ кластер корхонаси бир неча йилдан бери пахта етиштиришда сув тежовчи ускуналардан фойдаланиб келмоқда. Натижа ёмон эмас. Инновацион технологиялар амалиётга татбиқ этилганидан сўнг бир вақтлар 15-20 центнердан пахта хом ашёси етиштирилган ҳудудлардан, биргина 2020 йилнинг ўзида 40-45 центнер пахта хом ашёси йиғиштириб олинди. Ҳар гектар ердан одатий усулда суғоришга нисбатан 40-45 фоиз сувни тежашга эришилди. Сув тежамкор ускуналарнинг яна бир авзаллиги шундаки, ғўзага агротехника қоидаларига асосан ишлов бериш, культивация қилиш кескин камаяди. Минерал ва маҳаллий ўғитлар айнан ўсимлик илдизига юборилиши, ҳосилдорликнинг ошишига хизмат қилади.

Жорий йилда кластер корхонаси томонидан 430 гектар ер майдонига томчилатиб суғориш технологияси жорий этилиши режалаштирилган. Бугунги кунда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шу ўрнида айтиш керакки, 2020 йили Самарқанд вилояти бўйича жами 4 минг 788 гектар, шундан 2 минг 200 гектар пахта майдони, 1 минг 616 гектар боғ замонавий сув тежамкор технологиялар асосида томчилатиб ва тупроқ остидан суғориш технологиялари жорий этилди.

Соҳада амалиётга жорий этиладиган яна бир инновация — кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари ер майдонларини лазер ёрдамида текислаш орқали сув сарфини 20-25 фоиз, ўғитни 15 фоиз тежаш, ҳосилдорликни камида 10 фоизга оширишдан иборат. Шу мақсадда жорий йилда вилоятда 9 минг 800 гектар ер майдонини лазерли ускуна ёрдамида текислаш режалаштирилган.

Мухтасар айтганда, томчилатиб суғориш ҳар жиҳатдан фойдали ва самарали эканлиги амалда ўз исботини топмоқда. Шундай экан, қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан замонавий инновацион технологиялар жорий этилса, сув ресурслари ва харажатларни тежаш баробарида, кўпроқ даромад олишга замин ҳозирланган бўларди.


@AGROBLOGER канали

Абдулазиз Йўлдошев, xs.uz


Report Page