...

...

AGROBLOGER

Урганч яқинидаги 8,5 гектар ерда жойлашган мевали боғ дарахтлари ёппасига кесиб ташланди. Мутасаддилар ҳаммаси қонуний бўлганини айтишмоқда.

Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳри яқинида, Ал-Беруний ёдгорлиги атрофидаги 8,5 гектарлик катта боғ дарахтлари кесиб ташланди.

Аэропортдан шаҳарга кириш йўлида жойлашган мевазор дарахтларининг кесиб ташланиши аҳоли орасида қизғин баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Ҳозирги вақтда Ал-Беруний ёдгорлиги атрофида баъзи манзарали дарахтлар қолган холос.

Суриштирув давомида мевазор боғнинг Урганч тумани, Чаккашоликор қишлоғи ҳудудида эканини ва Хоразм вилояти давлат ўрмон хўжалигига бириктирилганини аниқладик. Шунингдек, бу ташкилот раҳбари Исломбек Файзуллаевдан изоҳ олдик.

«2019 йил 11 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4549 сонли қарори қабул қилинди. Унда эскирган ва самарасиз боғларнинг ўрнида янгидан интенсив боғларни ташкил қилиш топшириғи берилган.

Шунга асосан, 2020 йил 30 январь куни Хоразм вилояти ҳокимлигида йиғилиш ўтказилди ва Чаккашоликор қишлоғи ҳудудидаги 8,5 гектар боғ яроқсиз ҳолга келгани, камҳосилли, эскирган ва самарасиз бўлгани учун реконструкция қилиш ҳақидаги қарор қабул қилинди. Унда 1 ой муддатда эски боғ ўрнида янги интенсив боғ ташкил қилиш чоралари белгилаб берилди. Бу ҳақда Хоразм вилояти ва Урганч тумани ҳокимлиги қарорлари ҳам чиқарилди», – деди Исломбек Файзуллаев.

Воқеа юзасидан Хоразм вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси раҳбари Отабек Қличевдан ҳам изоҳ олдик. У ҳам йиғилишда иштирок этган.

«Ал-Беруний ёдгорлиги атрофидаги 8,5 гектар ҳудудда жойлашган катта мевазор боғ дарахтлари кесиб ташланганидан хабаримиз бор. Бу боғ Ўрмон хўжалигига тегишли. Уни реконструкция қилиш бўйича йиғилиш баённомаси қабул қилинган», – деди Қличев.

Боғни реконструкция қилиш ва дарахтларни кесиб ташлаш бўйича экология бошқармаси қандайдир хулоса берганми деган саволга Отабек Қличев: «Бошқарма расман рухсат бермаган», – деб жавоб қайтарди.

Ўрмон хўжалиги раҳбари Исломбек Файзуллаевнинг сўзларига кўра, дарахтларни кесишга қўйилган мораторий фақат манзарали дарахтларга тааллуқли, мевали дарахтларга эмас. Бу боғ эса уч йил ичида аввалги ҳолатини тиклайди.

«Дарахтларни кесиб ташлашга қўйилган мораторий? Бу манзарали дарахтларга тааллуқли, мевали дарахтларга эмас. Бу боғда камҳосилли, эскирган мевали дарахтлар кесилди. 1 ой ичида боғга янги кўчатларни экамиз. Барча харажатлар Ўрмон хўжалиги қўмитаси жамғармасидан қопланади. Янги кўчатлар уч йилдан кейин ҳосил беришни бошлайди», – деди Исломбек Файзуллаев.

Хуллас, мутасаддилар шаҳарга чирой бериб, кўркамлиги билан ажралиб турган боғдаги дарахтларнинг ёппасига кесиб ташланиши қонуний бўлганини, бу ҳақда қарор чиқарилганини айтишмоқда. Бу қарорнинг қанчалик тўғри ёки нотўғри бўлганини, боғнинг ўз чиройини тиклаб, яна кўркам бўлиб олиши ёки олмаслигини эса вақт кўрсатади.


kun.uz

@AGROBLOGER

Report Page