...

...

FERMER

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Қашқадарё вилоятидаги чигит можароси юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан 2022 йил 5 январь куни муносабат билдирилиб, ҳолат ўрганилиши ва ўрганиш натижалари юзасидан қўшимча маълумот берилиши кўрсатиб ўтилган эди.

2022 йил 3 февраль куни қўзғатилган иш якуни бўйича муносабат эълон қилинди. Шунга қарамай ижтимоий тармоқларда яна турли саволлар ва фикрлар билдирилди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси расмий муносабатга қўшимча тарзида қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига 2021 йил 23 декабрь куни Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган “Pet agro oil” ҳамда “Oil extraction” МЧЖларнинг мурожаатлари келиб тушган.

Мазкур мурожаатларда, “Pet agro oil” МЧЖтомонидан тегишли тартибда биржа савдолари орқали Қашқадарё вилоятида жойлашган “Koson Baxt Tekstil” МЧЖдан пахта чигити сотиб олганлиги, бироқ ушбу чигитни Қашқадарё вилоятидан олиб чиқиб кетишда вилоят ҳокимининг топшириғи билан вилоятнинг «Умакай» мунтазам ЙПХ масканида ҳеч қандай асословчи ҳужжатларсиз Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ ходимлари томонидан ушлаб туриш каби тақиқлар мавжудлиги билдирилиб, ушбу масалада амалий ёрдам берилиши сўралган.

Ушбу ҳолат юзасидан Қўмита томонидан вилоятнинг тегишли ташкилотлари билан биргаликда дастлабки ўрганишлар ўтказилди. Ўрганиш жараёнида Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси талаблари бузилган деб топилиб, уларга нисбатан 2022 йил 6 январь куни иш қўзғатилган.

Қўзғатилган иш жараёнида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси масъуллари ва Қўмита ходимлари бир неча маротаба онлайн учрашувлар ўтказиб, суриштирув ишлари олиб борган.

Юқоридагиларга асосан Қашқадарё вилояти ҳокимлигига ҳамда Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасига қонунбузилиш ҳолатлари бўлганлиги, тадбиркорлик субъектларининг чигит маҳсулотларини Қашқадарё вилоятидан олиб чиқиб кетишига тўсқинлик қилмаслик ҳамда ушбу қонунбузилиш ҳолатларига келгусида йўл қўймаслик чораларини кўриш бўйича 2022 йил 12 январь куни 11/2-сонли иш Қўмита кўрсатмаси берилган.

Шундан сўнг, тадбиркорлар жорий йил 20 январь куни ўзларига тегишли бўлган чигит маҳсулотларини Қашқадарё вилояти ҳудудидан олиб чиқиб кетишган. Тадбиркорлар Қўмитага эътироз йўқлиги, улар ўз маҳсулотларини айнан Қўмитанинг аралашувидан сўнг олиб чиқиб кетишганини маълум қилишган.

Агар давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва улар мансабдор шахсларининг рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузувчи ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли хўжалик юритувчи субъектга ёхуд бошқа шахсга зарар етказилган бўлса, у ҳолда мазкур зарарнинг ўрнини қоплаш юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тадбиркор судга мурожаат этиши мумкин.


ЎзА

FERMER канали

Report Page