...
AGROBLOGER
Дарахтларга ўғитларни баҳорда — томирларнинг интенсив ўсишидан олдин ва кузда — томирлар тупроқнинг музламайдиган қатламида бўлган даврида солиш керак. Ўғитлаш муддатларини белгилашда мевали дарахтларнинг физиологик жараёнларига таъсирини ҳисобга олиш лозим. Июнь охири-июль ойларида азотли ўғитларнинг берилиши, дарахтнинг ўсиш даврини узайтиради. Натижада новдалар қиш даврига тайёрланишга улгурмасдан уларни совуқ уриш эҳтимоли юзага келади. Бу даврда фосфорли-калийли ўғитларни берилиши ўсимликларнинг совуққа чидамлилигини оширади.
Органик ўғитларнинг парчаланишига қадар узоқроқ муддат талаб этилгани учун уларни кузда солган яхши. Асосий ўғитлар билан бир қаторда вегетация даври давомида боғларда қўшимча озиқлантириш амалга оширилиб турилади. Кузда тўлиқ дозадаги органик, фосфорли-калийли ўғитлар ва азотли ўғитларнинг учдан бир қисми берилади.
Баҳор даврида (апрель-май) азотли ўғитлар билан, ёзда (июнь-июль) фосфорли-калийли ўғитлар билан қўшимча озиқлантириш амалга оширилади. Озиқлантириш вақти ва миқдорини белгилашда дарахтларнинг нав хусусиятлари, ҳолати, ҳосил миқдори, шохлар узунлиги, илгари берилган асосий ўғит миқдори, тупроқ унумдорлиги, намланиш шартлари ҳисобга олиниши лозим.
Томорқаларда одатда ерга олдиндан ишлов берилмасдан дарахтлар экилади. Шунинг учун кўчат экиш вақтида чуқурларга органик ва фосфорли-калийли ўғитларни 1-жадвалда кўрсатилган миқдорда солиш тавсия этилади.

Изоҳ: Аниқ бир тупроқнинг сифат кўрсаткичлари ва таркибида мавжуд бўлган элементлар даражасига қараб жадвалда кўрсатилган ўғитлар гуруҳидан биттаси солинади.
Экишдан олдин барча элементларнинг солинганлиги ҳолларида, биринчи йиллари ёш дарахтларни ўғитламаса ҳам бўлади. Дарахтларнинг илдиз ва ер усти тизимлари ўсган сари озиқлантирувчи элементларга бўлган талаб ортиб боради.

Жадвалда кўрсатилмаган ўғитларни қўллашда дарахт асоси айланасининг ҳар 1 м2 майдонига ҳар бир тур озиқлантирувчи моддаларнинг 8-10 г таъсир этувчи моддаси кераклиги ҳисобидан келиб чиққан ҳолда қайта ҳисоблаш керак. Органик ва минерал ўғитларнинг биргаликда қўлланиши ҳолларида кўрсатилган меъёрлар тенг яримга қисқартирилади.
Ёш мевали дарахтлар учун суюқ органик ўғитлар билан қўшимча озиқлантириш катта аҳамиятга эга: 1:5-6 нисбатдаги шалтоқ ва сув асосида тайёрланган аралашма билан, 1:10-12 нисбатда фекалиялар ёки парранда гўнги ва сув асосида тайёрланган аралашма билан. Бунда 1 м2 майдонга бир пақир ўғит аралашмаси сарф этилади. Минерал ўғитлар қуруқ ва сувга эритилган ҳолида берилиши мумкин. Қуруқ ҳолида берилганида албатта изидан суғориш талаб этилади.
@AGROBLOGER канали
agro-olam.uz