...

...

AGROBLOGER

Минтақамизда айни ғалла пишиғи даврида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилади.

Бу эса донларнинг мағзи тўқ бўлишига салбий таъсир кўрсатади. Чунки, буғдой бошоқ чиқаргандан кейин йигирма кунда пишади. Агар бу вақтда ҳаво ҳарорати 25 градус даражадан ошиб кетса, бошоқдаги дон тўлмай қолади. Бу эса ун сифатига ҳам таъсир қилади – унинг таркибидаги клейковина миқдори пасайиб кетади.

Буғдойнинг нонбоплигини ошириш учун олимларимиз турли изланишлар олиб боришмоқда. Куннинг айни иссиғида ғалла майдонлари устини тўр сетка билан ёпиш таклифи қимматлиги боис рад этилди.

Шундан кейин буғдойнинг бошоқда дон тўлиш даврини 55-60 кунга етказиш учун буғдой ўсимлиги 20 -30 см бўлганда, яъни 3-4 та барг чиқарганда тахминан вегетацион даврнинг 30 – 31-кунида эритма сепиш тавсия этилди. Бунда буғдойнинг ривожланишини тезлаштириш, дон таркибида оқсил ва клейковина миқдорини ҳамда дон вазнини ошириш асосий мақсад эди.

Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Иззатилло Қаҳҳоров, иктисод фанлари фанлари номзоди Алишер Ташматов, Турин политехника университети ходими Зоир Умаров ва ТошДАУ иккинчи босқич докторанти Мухтабар Ташматова ҳамкорлигида тайёрланган кимёвий бирикма аввал томорқада, кейин фермерларнинг далаларида синовдан ўтказилди.

Дастлаб Бекобод туманидаги «Нодиржон Ҳурриятхон» фермер хўжалигида гектарига одатдаги 200 - 250 килограмм ўрнига 75 килограмм буғдой экилди ва гектаридан 50 центнер ҳосилдорликка эришилди. Шунда бир килограмм уруғликдан 67 килограмм ҳосил олинган. Бу тажриба Ўрта Чирчиқдаги «Истиқлол» фермер хўжалигида ҳам яхши самара берди.

Олимлар яна ишонч ҳосил қилиш учун 2020 йилда Оҳангарон туманидаги «Умид» фермер хўжалигининг лалми буғдой ерларидаги экинида бу бирикмани қўллашди. Гектаридан 40 центнер ҳосилдорликка эришилди. Зеро, бу вақтда атрофдаги фермерлар гектаридан 15-20 центнер ҳосил олган эди. Ушбу фермернинг икки марта суғорилган ерларидан гектарига 70 центнердан ошиқроқ ҳосил олинди.

Бундай ҳосилдорликнинг асл сабаби буғдой ривожини тезлаштириш. Бу бирикма фойдаланишга рухсат берилган ўстирувчи ва дефолиант препаратларини бирлаштириш натижасида яратилди. Бунда бир гектар ерга бир литр бирикма сепилади ва ўн кунда буғдой 85-95 фоиз бошоқ чиқаради. Кунлар исиб кетгунча, бошоқдаги дон тўлиқ бўлади. Натижада тўлиқ бошоқлардаги дон клейковина миқдори ошади.

Мазкур ихтиро туфайли юртимизда етиштирилаётган буғдойнинг клейковинаси 30-38 фоиз даражада бўлишига эришилади. Мисол учун, мазкур модда Қозоғистоннинг унида ўртача 30-35, Россия унида эса 35-40 фоиз бўлади. Бизда эса ўртача 22-27 фоиз атрофида бўлгани боис, хамирда ёпишқоқлик даражаси анча паст. Эритма қўллаш технологиясида етиштирилган буғдойда клейковина миқдори 30-38 фоизгача кўтарилди. Аввал клейковинаси паст бўлган маҳаллий буғдойимиздан тайёрланган нон тандирда оқиб кетган.

Жорий йилда ушбу бирикмадан фойдаланиш технологиясини Навоий вилоятидаги фермерлар 60 гектарда, Тошкент вилояти фермерлари эса 30 гектарда қўллашни мўлжалламоқда. Шунингдек, мазкур бирикмадан Қашқадарё ғаллачилик илмий-тадқиқот институти 40 литр, Жиззах ғаллачилик илмий-тадқиқот институти 20 литр, Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институти 10 литр олиб, фермерларга ушбу технология бўйича маҳорат дарслари ўтишни режалаштирган.Ва бу тажриба фермер хўжаликлари, агро кластерлар ва кооперацияларга намойиш этилиши режалаштирилган. Унда Тошкент давлат аграр университети қошидаги “Экстешн” маркази тажриба далаларидан ҳам фойдаланилиши кузда тутилган.Бу илмий тажрибани кенг оммага етказиш чора- тадбирлари ишлаб чиқилади. Бу бирикмани кунгабоқар ва маккажўхорида ҳам синаб кўриш режалаштирилган.

Мазкур бирикма Ўзбекистонда яратилган буғдой навларидан юқори ҳосил олиш ва уруғлик буғдой импорти ҳажмини камайтиришда қўл келади.Айни вақтда мазкур ихтирони патентлаш ишлари олиб борилмоқда.


@AGROBLOGER канали

ЎзА, uza.uz


Report Page