...

...

AGROBLOGER

EastFruit таҳлилчилари жорий мавсум Ўзбекистон бозорида сархил олма нархи ғайритабиий даражада юқорилаганига эътибор қаратишмоқда. Айни дамда сархил олманинг оммабоп навлари (ҳатто ўртача сифатлиси ҳам) учун улгуржи нархлар импорт қилинадиган цитрус мевалар ва банан нархларидан ҳам юқори. Сифатли олма эса бундан ҳам қимматроқ сотилмоқда. Улгуржи савдода олмадан қимматроғи фақат узум ва нокдир.

Қуйидаги диаграммада: 2022 йилнинг 28 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда олма, банан, апельсин ва мандариннинг ўртача улгуржи нархлари, сўм/кг

Албатта, бозорда банан, апельсин ёки мандариндан арзонроқ олма навлари ҳам мавжудлигини қайд этиш жоиз. Маҳаллий навлар ёки ўртача ва паст сифатли «Ренет Симиренко»нинг улгуржи нархлари “Голден Делишез”, “Грэнни Смит” навларига нисбатан деярли икки баробар паст ва 1 кг учун 8000 сўмдан бошланади, бу эса 74 АҚШ центига тенг. Украина ёки Молдовада худди шундай олма нархи бундан 2-3 баробар паст эканини ҳисобга олсак, бу ҳам жуда қимматдир.

Ўзбекистонда олма нархи бу қадар баланд эканининг сабаби нимада? Кўпчилик буни 2021 йилнинг қиш ойлари ва эрта баҳорда кузатилган об-ҳаво аномалиялари туфайли олма ҳосили кам бўлгани билан боғламоқда. Хусусан, “Fruit House Organics” компанияси директори, интенсив боғдорчилик бўйича мутахассис Шуҳрат Аброров EastFruit нашрига берган интервьюсида кўплаб минтақалардаги олма ҳосилига баҳорги аёзлар жиддий таъсир кўрсатганини қайд этди. Афсуски, Ўзбекистон боғларида совуқдан ҳимояловчи тизимлар йўқ.

Иккинчи сабаб – бу йил Эронда олма нархининг нисбатан юқорилигидир, зеро, Эрон олмаси бу тақчилликни қисман қоплаши мумкин эди. Маҳаллий савдогарларнинг фикрича, Эрон ўтган йили 2020 йилга нисбатан олмадан камроқ ҳосил олган.

Учинчи сабаб, Ўзбекистоннинг олма экспорт қилувчи бошқа мамлакатлардан узоқда жойлашганлигидир. Ва шу боис, мамлакатга сархил олма етказиб бериш анча қимматга тушмоқда. 2021 йилда жаҳоннинг барча мамлакатларида логистика нархи кескин ошгани бу муаммони янада кучайтирди, жумладан, бизнинг минтақамизда ҳам. Қўшни Тожикистон Украина ва Молдовадан олма импорт қилади, лекин у ерда ҳам нархлар анчагина юқори.

Юқоридаги графикдан кўриб турганингиздек, энг оммабоп навлардаги олма нархлари бўйича Ўзбекистон етакчи ҳисобланади. Бу ерда «Голден Делишез»навли олманинг ўртача улгуржи нархи қўшни Тожикистонникидан деярли икки баробар, Украинадагидан етти баробар қимматроқ. Агар олманинг энг арзон навлари нархларини ҳисобга оладиган бўлсак, Ўзбекистонда нархлар Украина бозоридагидан ўртача 3,5 баробар қиммат.

Минтақавий олма бозоридаги вазият инобатга олинса, Ўзбекистонда келаси мавсум бошланмагунча олма нархи пасайишини кутиш бефойда. Бу шуни англатадики, мамлакатда совуқдан ҳимояловчи тизимларни ўрнатган ва олмани замонавий мева сақлаш омборларида баҳоргача сақлаши имкониятига эга боғбон ва фермерлар мавсум давомида жуда юқори даромад олишлари мумкин.


EastFruit

AGROBLOGER канали

Report Page