*/

*/

Source

Азизлар, Ватан ва миллат эрки йўлида шаҳид кетган фидойиларимиз тарихи ҳақида ҳикоя қилишда давом этаман. Ўтганларимизнинг қабрлари нурга тўлсин, макони жаннат бўлсин. Садриддинхон муфти Шарифхўжаев (1877-1944)

Садриддинхўжа 1877 йил Тошкентнинг Мерганча маҳалласида таниқли уламо ва қозикалон Шарифхўжа эшон хонадонида дунёга келган. Аввал эски мактабда, сўнг Тошкентдаги Юнусхон мадрасасида ўқийди. Айни пайтда замона зайлига мувофиқ, Тошкентдаги биринчи сонли 4 йиллик рус-тузем мактабига кириб, оврўпо илм-фани янгиликлари билан танишади, рус тилини мукаммал ўрганади. Шундан сўнг Бухорога йўл олиб, 1905 йилгача Мир араб мадрасаларида таҳсилни давом эттирди. Садриддинхон бу вақтда жадид тараққийпарварлик ғоялари билан танишади. Тошкентга қайтгач эса имом ва Юнусхон мадрасаларида мударрислик қилади. 1914 йилдан Эшонқули мадрасасида бош мударрис ва муфти рутбасини олди. Муфти Садриддинхон тараққийпарвар уламолардан бўлиб Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг яқин дўсти ва ҳаммаслакларидан бири эди.


1916 йил Туркистонда мардикорчиликка қарши қўзғалон вақтида Садриддинхон муфти ўзининг халқ томонида эканлигини очиқ баён қилди ва жадид тараққийпарварлари билан бир сафда сиёсий кураш саҳнасига киради. 1917 йил март ойида Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли томонидан “Шўрои Исломия” жамияти таъсис этилганида унга биринчилардан бўлиб аъзо бўлади. Туркистондаги илк сиёсий партия “Турк адам марказияти”нинг дунёга келишида бош қош бўлди. Қўқонда иш бошлаган Туркистон Мухторияти ҳукуматида президиум аъзоси сифатида Мухториятни Туркистон мусулмонларининг ягона ҳокимияти сифатида тан олиниши учун тинимсиз маърузалар қилди. “Уламо жамияти”нинг айрим мутаассиб вакилларида Мухториятга нисбатан ишончсизлик ортиб бораётганлиги туфайли Тошкентга қайтиб, тараққийпарвар уламолардан “Фуқаҳо жамияти”ни тузади. Жамият Туркистон Мухториятини ўлкадаги ягона сиёсий куч сифатида тан олишини эълон қилади. Большевикларнинг ноқонуний ҳатти ҳаракатлари, айниқса, Фарғонада вазиятнинг қалтислашиб бориши жараёнида ўз замонасининг йирик уламоси бўлган муфти Садриддинхўжа Шарифхўжа қозикалон ўғли 1918 йилнинг февраль ойидан “Фуқаҳо жамияти”нинг нашри афкори сифатида “Изҳор ул Ҳақ” журналини нашр эта бошлади. Илк сонлариданоқ Туркистон мусулмонларининг севимли нашрига айланган журнал ўз саҳифаларида нафақат диний, балки ўткир иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий масалаларга ҳам кенг ўрин берди. Жумладан, муҳаррир муфти Садриддинхоннинг “Дафъи таҳлика” мақоласида: Оврупо муҳорибаси бошланганига тўрт йил бўлган бўлса, йилдан йилга бечора халойиқ хусусан Туркистон мамлакатида мутаватан ислом болалари фақир ва зарурат лойига ботиб турубдурлар. Очлик ва қаҳат балосидин ҳар кун неча минг ва балки милюнлаб ғариб ва ғураболар кўча бакўча кезиб шаҳардин шаҳарга юриб “оҳ нон” деюб гадолик қилмакдадурлар. Очлик ва совуқдан бир парча нонга зор бўлиб ҳар кун ва ҳар замон неча минг муслим ва муслималар саби ва сабиялар ниҳоятда фожеъ бир аҳволда бу дунёга видоъ қилмакдадурлар... жаноб пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам ...ёмон киши шул кишидур ки Аллоҳ Таолодин сўрайдур ва ўзи ато қилмайдур. Ёмон киши шул кишидур ки аҳли аёлларига (бор давлати бирлан) торлиқ қилғувчидур. Бас, шундай бўладурғон бўлса ҳар кимса қўлидин келғонча Аллоҳ таоло берғон мол ва давлатидин фақир ва муҳтожларга ёрдам қилмоқ ўзининг хеш ва ақраболариға шафқат ва марҳамат қилмоқ лозим бўлодур. Ҳозирги замонамиздаги “потрибител” деганлари очмоқ, ондин фақир оч халойиқға озуқ ва бошқа тириклигиға лозим ашёларни арзон баҳо бирлан беруб турмоқ, фақир ва мискинлар учун қозон қуруб ош улашмоқға ўхшаш ишлар ҳам бир нав ёрдам бўладур, дейди. “Изҳори ҳақиқат ва иршод” мақоласида эса: ... ҳазрат расулаллоҳ “иннамал муъминин ал иҳватун” ояи каримаси ила ихватун ва садоқатға ташвиқ ва тарғиб қилиб... Аллоҳ Таоло қудрат болғаси ила аларни иттифоқға солиб жумлаларин муҳаббат ипиға боғлади ким барчалари якдил ва бир жисм каби бўлдилар. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам шул тариқа қавмға мабъус бўлғон эдилар ким ҳамийят жоҳилийятлари ҳаддин ошган ва бир бирларидин қочган бир одамни бир киши бир мушт урса, онинг тарафидин қабиласи ўчин олмак учун урушуб ўлдиришган. Алҳосил одатлари доимо хусумат зўр маҳоба урушмалар бўлуб турган. Баъзилари баъзиларига ғаюрлик қилур эрдилар. Вақтики мусулмон бўлиб Аллоҳға, Расулуллоҳға, қиёмат куниға иймон келтурдилар. Аввалги қабиҳ ҳолидин ўзгарилдилар, бузуқ ва расво хулқлари йўқолуб ўрниға севиклик яхши хулқлар ўрунлашти ким бор ҳимматлари ва назаргоҳлари Аллоҳ ва РасулАллоҳнинг тоатлари бўлди...

Ушбу суратда ислом динин қувват ва ғалабасиға мадор бўлғон иттифоқ ва ихтилофнинг доимо собит ва мустаҳкам бўлмоқи учун иттифоқни йўқотатурғон ахлоқларни ҳар қаюсин нас Қурон ва ҳадиси набавия ила ҳаром қилинди. Чунончи муҳаббатнинг зидди адоват, душманлик энг буюк фалокатдур ки ҳар жойға кирса хароб қилмай қўймас. Хусусан, ислом оламиға кирса тездан онинг ҳисор қўрғонин бузар ва чиқмас, ақл ҳукмида ва ҳам шариатда жамиъ ахлоқи сиёҳларнинг манбаи ва хазинаси адоватдур ки ҳасад баъзан ғийбат ва бўҳтон, чақимчиликларға ўхшаш ёмон хулқлар адоватдин қайнаб чиқодур. ... Агар дини исломға ихлос ила киришиб амал қилинган бўлса эди, шариат қайтарган ғийбат ва шикоят, бўҳтон ва ифтироларга тил очилмас эди. ислом тараққий ва таолийсиға мадор бўлғон иттифоқ ва иттилоф йўлин ахтариб қоро халқни бир тоифа ватан муҳаббатиға киришган зотларға қарши югуртиб ўрталариға адоват тухмин сочилмас эди. Балки, қўлдан келган даражада аларни муҳаббат ва дўстлик йўлиға солинур эди.

Ўткан сана мардикор масаласи чиқғонда ҳамма шайху йигитларимиз кеча ва кундуз болаларимиз мардикорға борур экан деб ашк дийдалари ила дуода бўлуб, болаларин ғамида неча ойғача ухламай дуода бўлғон зотлар ушбу замонда кеча ва кундуз дуою бадға қўл очар бўлдилар. Бу нечук ҳолат ҳозирда фақат бошларға эмас балки балойи ом бўлиб бой ва фақир, катта ва кичикларға тушкан таҳликалар кўзға кўрунмай очлик ва ялонғочлик эска тушмай дуою наҳиларни унутиб ислом олами бир бириға нон ўрниға ҳақорат ва сафоҳатлар улашурлар, бу ишлар фитна эмасми.

... Агарда муқобилларидаги бир мусулмонга бирор кулфат эришса олам олам хурсанд ва масрур бўлурлар. Ваҳоланки дини шарифимиз нас қотеъ билан танбиҳ қилиб ҳар қаю ерда бўлса бўлсун бирор мусулмонга кулфат ва ўлум етушса анга ҳар сурат бирлан ёрдамда бўлмоқға буюродур. Бу на инсоф турур на иш қилмоқчимиз ва қайси йўлға бормакчимиз, дейди.

Минг афсуски, Туркистон аҳлининг қарийиб асрий орзуси ушалмади. Большевиклар замонавий қуроллар ва қолаверса, айрим хоин кимсаларнинг хиёнати туфайли халқнинг Мухторият орзусини қонга ботиришга муваффақ бўлдилар. Бироқ, қалбида дин, Ватан ва миллат муҳаббат жўш урган фидоий инсонлар асло мағлубиятга рози бўлмадилар. Шундай зотлардан бири муфти Садриддинхон 1918 йилнинг баҳорида Мунаввар қори Абдурашидхонов маслаҳати билан Туркияга йўл олди ва Туркиядаги қардошларга Туркистонда кечаётган хунрезликлар ҳақида хабар етказади. Улар “Шўрои Исломия”нинг яна бир вакили Туркистон Мухториятининг ғазначиси бўлган Саид Носир Миржалилов билан бирга ёз давомида Истамбулда Нури пошо, Азизбей орқали Туркиянинг хавфсизлик министри Талъат пошолар билан мунозаралар олиб боради. Бироқ, бу пайтда жаҳон урушида мағлуб томон бўлган Туркиянинг ўзида ҳам аҳвол оғир эди. Шу туфайли музокаралар самарали кечмади. Туркия ҳукумати вакиллари бевосита ёрдам бера олмаса ҳам улардан ҳайъат тузиб, Женевага “Миллатлар лигаси”га юбориши ва у ерда Туркистонни советлардан ажратиб олиш масаласини кўтаришига ёрдам бериши мумкинлигини айтади. Айни пайтда “Уламо жамияти” томонидан Шерали Лапин юборган Нуриддинбек Худоёрхонов ва Ғози Олим Юнусовлар ҳам Истамбулда эди. Улар Туркия томонининг Женева таклифини рад этди. Ўзларининг Туркия ҳукуматидан озодлик кураши учун ёрдам олиш мақсадида келганларини айтиб, Тошкентга қайтадилар. Муфти Садриддинхон ва Саид Носир Миржалиловлар Тошкентга хабар юбориб муфти Маҳмудхўжа Беҳбудийни маълум ваколатлар билан Истамбулга юборишларини сўрайди. Афсуски, бу гал ҳам душман бир қадам олдинда эди. Беҳбудий ҳазратлари муқаддас йўлда вақтида шаҳид қилинди...

Тошкентга келган муфти Садриддинхон Туркистон Республикаси Халқ суди Кенгаши аъзоси бўлди, Юнусхон мадрасасида мударрислик, Ширинқудуқ маҳалласида имомлик қилди. Бироқ, истиқлолни қўлдан беришга асло рози бўлмади. Ўзи учун қанчалик хавфли бўлишига қарамай Мунаввар қори билан бирга “Миллий иттиҳод” ташкилотини ривожлантиришга киришади. 1920 йилнинг кузида Мунаввар қорининг Бухорога юборилиши “Миллий иттиҳод” ишига ҳам зарба берди. 1921 йилнинг 6 март куни амалда “Миллий иттиҳод”нинг раиси бўлган муфти Садриддинхон Абдулла Зиёмуҳаммедовнинг уйида шогирдлари оренбурглик Ориф Каримий, Юсуфбек Қурбонов ва Муҳаммадёр Муҳаммадумаровлар билан Шарқий Туркистондаги Япония ва Буюк Британия консуллари номига хат тайёрлайди. Хат “Миллий иттиҳод”нинг муҳри билан тасдиқланиб, Ориф Каримий, Юсуфбек Қурбонов томонидан Ғулжага йўлланади.

Буюк Япония ҳукуматининг Ғулжадаги вакили муҳтарамина!

Ўрта Осиёлик Туркистон аҳолилари ярим аср муддат ичинда Руссия ҳукумати золимонаси таъсири ила ҳунар тараққийсидан маҳрумият чуқурида қолиб руслик миллияти савқи ила руслашдирув сиёсати остинда эзилиб турк ва ислом миллатлари ҳуқуқи сиёсиядан четка қолиб зулм ва жабр ичинда умргузар эдилар. Бу ўртада Туркистон аҳолиси ҳукуматнинг бу сиёсатидан норози бўлиб истиқлол йўлини излаб миллий истиқлолият қўмитасини тузиб шўъбалари ила бутун Туркистонни қоплади. Ниҳоят ҳукуматнинг бу сиёсати золимонасига тоқат этолмасдан 1916 санада ислоҳ қути ила ўз ҳуқуқларин ҳимоя этди. Оқибат 1917 сана қизил инқилоб билан бир оз умумий озодлик соҳилига чиққан бўлиб ҳуқуқи миллияларини янгидан тиргизмак орзусига кирганди. 1917 сана октябрь воқеасиндан сўнгра совет ҳукуматининг бошинда ҳукмрон бўлган Лениннинг (манифест) ваъдаси ҳар бир миллат учун миллий озодлик ва ҳуррият эълонига биноан Туркистоннинг эски пойтахти бўлган Ҳўқанд шаҳрида ўлка мухториятини эълон этиб туркистонли турклар маъқул бир ҳукумат ташкил қилган ҳолда миллатчи болшевикларнинг золимона ҳужум ва бераҳимона ҳаракатлари ила шаҳарлар бузилиб, қонлар тўкилиб, хотун ва болалар кесилиб хоналар ва моллар талон тарож этилиб, ҳукумат арбоблари отилиб, осилиб, ҳукуматни тарқатилди ва шул она қадар отув кесувлар давом этмакдадир...


“Осиё осиёликларнингдур” деган шиорни лозим тутган Сиз муҳтарам Япония ҳукуматидан илтимос қилинур ким қардош ватандош осиёлик Туркистон аҳолисининг бу қадар зулм остида умр кечирмоқиға розилик кўрсатмай салоҳ ва пул ва ўзга даркор бўладирган режалар ила ёрдам қўлин узатмоғингизни Ватан ва ирқдошлик номиндан ўтинамиз. Бу ҳақда сўзлашув учун учун ушбуни топширувчи том ҳуқуқлик тубанда исмлари ёзилган аъзоларини юборадир: Фарғона край миллия аскарисин бошлуғи: Шермуҳаммадбек имзоси Бухоро ҳукуматининг истиқлолия қўмитасининг раиси: Музаффариддин Хива ҳукуматининг истиқлолия қўмитасининг раиси: Аннақулов Туркистон Марказий умумий миллий иттиҳод қўмитасининг раиси: Буюк Британия ҳукуматининг Қошғар вакили ҳазрати олийларина! .... Сиз муҳтарам амният ва ҳуқуқи башарият устози Буюк Британия ҳукуматидан илтимос қилинур ким, Туркистон аҳолисининг бу қадар зулм остида яшаб ва Туркистон маданияти, санои нафисалари ботил ва харобўлмакиға розилик юзин кўрсатмай силоҳ ва ўзга зарур ашёлар ила ёрдам қўлин этмоғингизни ҳуқуқи инсоният номиндан ўтинамиз...

Хатнинг дипломатик назокати ва муфти Садриддинхоннинг нақадар сиёсий етуклиги ҳақида ҳам агар етиб борганида қандай сиёсий оқибатларни келтириб чиқариш чиқармаслиги ҳақида ҳам кўп мунозара қилишимиз мумкин. Ҳақиқат шуки, хат 1921 йил 16 март куни Авлиёотада чекистлар томонидан тутиб олинди. Шундан сўнг 1921 йил 31 март куни “Миллий иттиҳод”нинг бошқа аъзолари Рустамбек Ниёзбеков, Муҳаммадёр Муҳаммадумаровлар ҳам қамоққа олинди. Апрелнинг илк тунларидан ёқимсиз сукунатдан ухлай олмаётган муфти Садриддинхон кеч соат 12 лардан ўтиб, Юнусхон мадрасасидаги ҳужраси атрофида қизил аскарлар йиғилаётганлигини пайқаб қолади. Девор орқали Эшонқули додхоҳ масжидига ўтиб, бир муддат яширингач, шўроларга қарши очиқ курашга киришга қарор қилади. У тонг 4 00ларда Ялонғоч орқали Тошкентдан чиқиб кетади. Чошгоҳдан ўтиб Заркатга киради ва қадимий қабристондан қўним топиб, икки кун шу ерда ибодат қилди. Айни пайтда бир неча хатлар тайёрлаб Қорахитой қишлоғилик собиқ талабаси орқали Тошкентга, Бухорога ва Фарғонага йўллайди. Сўнг довондан ўтиб Ашобага Раҳмонқули қўрбошига қўшилади. 1921 йилнинг бошида Бухорога борган тошкентлик таниқли жадид муаллимлар Усмонхўжа Тўхтахўжаев ва Тангриқул ҳожи Мақсудийлар хатни олгач Тошкентга қайтади. Улар Исроилжон раҳбарлигидаги гуруҳ билан маҳаллий бойлардан тўплаган 100 минг сўм пул билан Пискент томон йўл оладилар. Панзар қишлоғида Раҳмонқулнинг укаси Турсунбой қўрбоши, Ашоба қишлоғи яқинига келганда Раҳмонқулининг ўзи кутиб олади. Муаллимлар Садриддинхоннинг режасига кўра истиқлолчиларга дарс ва маънавий далда беришлари керак эди. Айни пайтда Тошкентда большевикларнинг XII съездига тайёргарлик кетаётган эди. Муфти Садриддинхон истиқлолчилар армиясининг олий қўмондони Шермуҳаммадбек номидан бу қурултойга Фарғонага мухторият бериш; ҳарбий бошқарувни русларнинг аралашувисиз маҳаллий аҳолига топшириш, иқтисодий ва диний эркинликларга дахл қилмаслик каби 13 пунктдан ультиматум тайёрлайди. Бироқ, большевиклар билан музокара қилиб, Муҳаммад Аминбекнинг хатосини такрорлашдан ҳайиқди. Муфти Садриддинхон, Раҳмонқулибек ва Ислом паҳлавон билан уч кун давомида Шермуҳаммадбекнинг ҳузурида бўлди. Учрашувда қувалик Боқижонбой, Рустам ҳожи, қўқонлик Камол қозилар Шермуҳаммадбекка ҳар қандай ҳолда ҳам большевикларга ишониб бўлмаслигини таъкидлайдилар ва музокарага чек қўйилади. Бек Авғонистондан қурол етиб келганича фақат мудофаа жанглари билан чекланишга қарор қилади. Муаллимлар ортга қайтарилди, қизил армиянинг сони кундан кунга ортиб борди. Ваъда қилинган қуроллар келмади. Шўролар фитнаси туфайли қўрбошиларнинг ичида ҳам ўзаро курашлар авж олдирилди, миллат қони дарё бўлиб оқа бошлади.

1921 йил 9 сентябрь куни Қўқонда муфти Садриддинхон Ҳамдамҳожи Қаландаров билан бирга қамоққа олинди. 1921 йил 19 сентябрда ТуркЧК томонидан уни зудлик билан Тошкентга келтириш учун махфий қарор чиқарилди. 1921 йил 27 сентябрь куни Муфти Садриддинхонга нисбатан аксилинқилобий фаолият айблови билан жиноий иш очилди. Сўроқларда Садриддинхон ўзига қўйилган айбловларнинг барчасини тан олди ва ёлғиз ўзи истагига кўра амалга оширганини таъкидлайди. 1921 йил 28 ноябрь куни сўроқда Рустамбек Ниёзбеков бу гапларнинг ҳеч биридан хабари бўлмагани ҳолда Муфти Садриддинхонни улуғ бир олим сифатида билишини ва қадрлашини таъкидлайди.

1921 йил 8 декабрь куни Клингоф раҳбарлигида Турк ЧКнинг аъзолари Наркомюст Устабоев, милиция бошлиғи Алиевлар мазкур беш киши ишини Олий инқилобий трибуналга йўллайди. 1921 йил 23 декабрь куни Тошкентда раис Иброҳимов ҳамда Иноғомжон Хидиралиев, Собир Юсупов ва бошқалар иштирокида ўтган Ҳарбий трибуналда Назир Тўрақулов давлат айбловчиси бўлди. Ҳукмга кўра муфти Садриддинхон Шарифхўжа ўғли ва Ориф Каримийлар отувга, Абдуллажон Зиёмуҳаммедов ва Муҳаммадёр Муҳаммадумаровлар 3 йилдан, Рустамбек Ниёзбеков эса 2 йилга шартли қамоққа ҳукм этилди. Бироқ, шу мажлиснинг ўзида Назир Тўрақулов узоқ маърузасини бошлаб қолди. Сўзининг охирида 1921 йил 7 ноябрь куни Октябрь инқилобининг 4 йиллиги бўлганлигини эслаб шу муносабат билан отув ҳукмини 5 йиллик қамоққа, Абдуллажонни бир ярим йилга шартли қамоққа, Рустамбек ва Муҳаммадёрларни эса шу жойнинг ўзида озод қилишга қарор қилади. Албатта, Туркистон ҳукуматидаги маҳаллий арбобларнинг барчасининг пири устози бўлган Муфти Садриддинхон ва Ориф Каримийлар кўп ўтмай Туркистон заминидан безиён чиқариб юборилди. Ориф Каримий кейинчалик Туркияда олим бўлиб, фаолиятида ўзини сиёсатдан холи тутди. Муфти Садриддинхон эса аввал Афғонистонда сўнг Эроннинг Машҳад шаҳрида Туркистон озодлиги учун курашга етакчилик қилди... (давомини кутинг).

Report Page