...

...

AGROBLOGER

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси Жиззах вилояти Дўстлик тумани бўлими “Sangzor vodiysi matlubotsavdo” масъулияти чекланган жамияти иссиқхонасини газ билан таъминлашдаги муаммони ҳал қилиб ҳосилни нобуд бўлишдан асраб қолишда амалий ёрдам берди. 

“Sangzor vodiysi matlubotsavdo” масъулияти чекланган жамиятининг 2 гектар майдонда гидропоника усулида барпо этилган иссиқхонасидаги помидордан дастлабки ҳосил йиғиштириб олинмоқда. Жамият аъзолари ҳосилнинг 150 тоннасини ички бозорга, 150 тоннасини экспортга чиқараётир. 

МЧЖ раҳбари Исмоил Ишимов 2018 йил Жиззахда ўтказилган Халқаро инвестиция форумида иштирок этиб Жанубий Кореянинг “Myung Sung Placon Ltd” компанияси билан гидропоника усулида иссиқхона барпо этиш бўйича умумий қиймати 1 миллион 100 минг АҚШ долларлик лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкорлик шартномасини тузган эди. 

Жанубий Корея Республикаси технологияси асосида амалга оширилган лойиҳа қийматининг 865 минг АҚШ долларини Жаҳон Тараққиёт банкининг кредити ташкил этди. Замонавий иссиқхонада 25 нафар ёшлар иш билан таъминланди. 

Иссиқхонага Исроилдан келтирилган “Пик Роза” ва “Ламия” навли серҳосил помидор уруғлари кўчатлари экилган. Бу навлар ҳар тупидан 4 килограммгача ҳосил бериши билан бошқа маҳаллий навлардан фарқ қилади. Помидор 90 кунда етилиб, 120 кунгача ҳосил беради. 

Бундан ташқари, миришкорлар помидор қатор ораларига эккан булғор қалампирининг ҳар бир тупидан 1 килограммгача ҳосил олишни мўлжаллашган. Етилган ҳосил пешма-пеш истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. Бугунгача 21 тонна маҳсулот Қозоғистоннинг Нурсултон шаҳрига экспорт қилинди. 16 тонна маҳсулот эса ички бозорга етказиб берилди.

Бироқ помидор етилган пайтда иссиқхона соҳибкорлари кутилмаган муаммога дуч келди. 

Лойиҳа бўйича иссиқхона барча техник талаблар асосида табиий газ тармоғига уланган. “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти ҳудудий газ таъминот филиали билан 600 минг куб метр газ етказиб бериш юзасидан шартнома ҳам тузилган. 


6.JPG

Бироқ газ таъминоти корхонаси декабрь ойида 8,3 минг куб газ бериб, кейин Энергетика вазирлигининг буйруғини рўкач қилиб, иссиқхонани тармоқдан узиб қўйди. 

Табиий газнинг тўхталиши ҳосил энди етишган пайтда иссиқхона учун жуда ҳалокатли вазиятни юзага келтирди. Ҳарорат етарли бўлмаганлиги помидорлар ёрилиб, яроқсиз ҳолга кела бошлади. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳосил нобуд бўлиши туфайли масъулияти чекланган жамияти 600 миллион сўм зарар кўриши маълум бўлди. 

– Муаммонинг ечимини излаб Бош вазир қабулхонасининг туман вакилига мурожаат қилишдан бошқа иложимиз қолмади, – дейди масъулияти чекланган жамияти раҳбари Исмоил Ишимов. – Қабулхона Республика Энергетика вазирига хат билан чиқиб, газни қайта улашга рухсат олиб берди. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Бош вазир қабулхонаси ҳақиқатан ҳам биз тадбиркорларнинг манфаатини ҳимоя қиладиган тузилма эканлигига ўз фаолиятимиз давомида яна бир бор амин бўлдик. 

“Sangzor vodiysi matlubotsavdo” масъулияти чекланган жамиятининг иссиқхонасини газ билан таъминлашдаги муаммосини ҳал қилиб бергани Дўстлик туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси фаолиятидан ягона мисол эмас. Қабулхона ҳудуддаги тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этишда самарали фаолият юритиб келаётир. 

Ўтган йили туман қабулхонаси томонидан тадбиркорларнинг жами 207 та мурожаати кўриб чиқилган. Уларнинг 161 таси бевосита қабулхонада, 42 таси сайёр қабуллар давомида, 4 таси Республика ишонч телефони орқали қабул қилинган. 

uza.uz

@AGROBLOGER

Report Page