...

...

AGROBLOGER

Касбиликлар жорий йилги қиш мавсумида ғўзапоя 1 миллион сўмга чиққанидан шикоят қилди. Туман ҳоким эса буни рад этди

Касби туманининг «Дўстлик» маҳалласида яшовчи фуқаролар жорий йилги куз-қиш мавсумида ғўзапоя-ўтин 1 миллион сўмгача сотилаётганидан шикоят қилди. Туман ҳокими эса бу гапни рад этди, — дея хабар беради «Дарё» мухбири.

2020 йил 20 январь куни Касби туман ҳокимлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳоким Тўхтамурод Мейлиев «Дарё» мухбири саволига жавобан аҳоли шикоятига ҳам тўхталиб ўтди.

Туманнинг «Дўстлик» маҳалласида яшовчи Олим Тўраев «Дарё» мухбирига маҳалласида табиий газ йўқлигини айтиб, қишда уйни иситиш муаммо бўлаётганидан шикоят қилганди.

— Бир машина ёки трактор тиркамасида сотиб олинаётган ғўзапоя-ўтиннинг нархи 1 миллион сўмга чиқди, — дейди маҳалла аҳли. – Боиси, туманда кластер ташкил этган хорижий корхона пахта териб олингач, ғўзапоясини ўриб олишга рухсат бермай ундан ўғит сифатида фойдаланди. Оқибатда биз ўтинсиз қолдик. Бошқа фермерлар эса ўтинга талаб кўплиги боис, нархни ошириб юборди.

— Ҳақиқатан ҳам хорижий корхона кластер ташкил этиб, ғўзапоядан ўғит сифатида фойдаланди, — дейди Касби туман ҳокими Тўхтамурод Мейлиев. – Аммо барча ерларидаги ғўзапоядан фойдаланмади. Минг гектар майдондаги ғўзапоядан ўғит сифатида фойдаланди. Қолгани аҳолига ўтин сифатида берилди. Шу боисдан ўтин нархи 1 миллион сўмга чиқиб кетди деган гапга қўшилмайман.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ туман ҳокими матбуот котибининг белгиланганидан кам ойлик-маошга ишлаётганини таъкидлаб ўтганди.

daryo.uz

@AGROBLOGER

Report Page