...

...

AGROBLOGER

Мевали боғлар ва токзорлар кўп йиллик бўлиб, янги боғ-токзорлар барпо қилишда хатоликка йўл қўйиб бўлмайди. Зеро, хатони тузатиш ҳам қийин бўлади. Аввал боғ бўлган ерларга 3–4 йилгача мевали дарахт ва ток кўчатларини экиш тавсия қилинмайди.

Мевали дарахтларнинг кўчатлари уч хил пайвандтагларда, яъни пакана пайвандтаг – паст бўлиб ўсувчи, ўрта ўсувчи пайвандтаг ва кучли ўсувчи (уруғдан) пайвандларда кўпайтирилади.

Уруғли мева кўчатларининг пакана пайвандтагга уланган кўчатлари 18–20 йил, ўрта ўсувчи пайвандтаг 25–30 йил, кучли ўсувчи пайвандтаг эса 40–60 йил ўсиб, мева беради. Шунинг учун мевали кўчатлар экиладиган майдон жуда пухта ва сифатли тайёрланиши зарур.

Боғ майдонини танлашда ернинг унумдорлиги, ер ости сизот сувининг яқинлиги, майдоннинг нишаблиги, суғориш учун сув билан яхши таъминланганлиги, майдон атрофида зовурлар ҳамда иҳота экинларнинг мавжудлиги (асосий шамол йўналишида) ва бошқаларга катта аҳамият бериш керак.

Танланган майдон эрта баҳорда кўчат экилишидан олдин текисланиб, 35–40 см чуқурликда плантаж сўқа ёрдамида ҳайдалади, тупроқ етилиши билан чизелланади ҳамда кетма-кет мола билан текисланиб, кўчат экиш учун режа тортилади. Режа тортишда экиладиган кўчат турларига қараб, пакана пайвандтагга уланган олма кўчатлари 3,5×2,5 м, ўрта ўсувчи 3,5×3 м, нок кўчатлари учун 3,5×2 м; ўрта ўсувчи 3,5×2,5 м ММ-106 пайвандтагга уланган ўрта ўсувчи кўчатларда олма навига қараб 5×3, 5×4, нок учун 5×3, 5×4 м схемалари тавсия этилади.

Кучли ўсувчи мевали дарахтларнинг кўчатларини қуйидаги схемаларда экиш тавсия этилади: олма 8×7 м, 8х6 м, нок 8×6 м, 8х5 м, беҳи 6×4 м, 5×4 м, ўрик 8×7 м, 8×6 м, гилос 8×7 м, 8х6 м, олхўри 6×5 м, 6×4 м, шафтоли 6×4 м, 5×4 м, ёнғоқ 8×8 м, 8×7 м, бодом 6×5 м, 6×4 м, хурмо 6х6 м, 6×5 м, олча 6×4 м, қорағат (смородина) 3×1,5 м, 3×1 м, малина 2,5×0,5 м, 2,5×1 м, ток кўчатлари 3×2,5 м, 3×2 м.

Янги кўчат экиладиган майдонларда режа қозиқлари ўрнатилгач, унга назорат қозиқлари ўрнатилади ҳамда кўчат экиладиган чуқурлар ковланади. Чуқурлар махсус агрегатда КЯ-100 ёки қўлда 60×60×60 см ҳажмда ковланади. Чуқурларни ковлашда аввал тупроқнинг юза 20–25 см қисми бир томонга, чуқурнинг тагидаги қисми иккинчи томонга олиб қўйилади. Чуқурга кўчат экишдан олдин 350–400 г фосфорли, 30–40 г калий ўғити ҳамда 8–10 кг чириган гўнг тупроқ билан аралаштириб солиниб, кейин кўчат экилади.

Янги экиладиган кўчатларни экиш учун кўчатзорлардан экиш майдонига олиб боришда кўчатларнинг илдиз қисми шамолламаслиги учун уларни похол, бризент ёки полиэтилен плёнка билан ёпиб қўйилади.

Кўчатни экишдан олдин майдон олдида катта чуқурда суюқ (аталасимон) лой тайёрланиб, унга 8:1; 10:1 миқдорида молнинг суюқ шатмоғи қўшилади. Шатмоққа кўчатларнинг илдизи бирма-бир яхшилаб ботириб олинади. Шунда экилган кўчатларни тезлик билан суғоришнинг имкони бўлмаган жараёнда шатмоқнинг ижобий таъсири беқиёс бўлади.

Кўчат экишни икки киши бажаради. Бунда махсус экиш тахтасидан фойдаланилади. Бир киши экиш тахтасини режа қозиқларига ва кўчатни тупроқ сатҳига мос равишда ўрнатади. Иккинчи киши чуқурни тупроқ билан тўлдиради. Бунда аввал тупроқнинг юза қатламидан олинган қисми чуқур тагига илдиз атрофига, кейин чуқурнинг тагидан чиққан тупроқ солиниб, чуқур тўлдирилади. Кўчат экишда кўчат сал чуқурроқ экилиб, (5–10 см) сўнг танасидан вертикал юқори тортиб, кўтариб қўйилади. Бунда чуқурда мавжуд илдизлар тортилиб, тўғриланади, бир тартибга солинади. Илдиз пайванд қилинган жойи тупроқдан 4–5 см юқорида бўлиши керак. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўлгунича сув қуйилади. Бунда тупроқ ичидаги ҳаво чиқиб тупроқ, зичланади, пировардида кўчат яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига яна тупроқ солиниб тўлдирилади. Ушбу технология бўйича экилган кўчатлар эрта баҳорда тез ўсади ҳамда яхши ривожланади.

Ток кўчатлари ҳам худди шу усулда экилади. Бунда экилган кўчатларнинг 4–5 та куртаги қолдириб, қолган қисми кесиб ташланади. Кўчатларни сифатли қилиб эксак, улар яхши ўсиб-ривожланиб, кўп йиллар мўл ҳосил беради. Бунга эътибор берган боғбонга боғ саховатини аямайди.

  

@AGROBLOGER канали

Р.Абдуллаев

agro.uz

Report Page