...

...

AGROBLOGER

Сирдарё вилояти Боёвут туманида Президентнинг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида кўргазмали амалий семинар бўлиб ўтди.

Унда вилоят ва туманлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, агрокастерлар агрономлари, деҳқон-фермер хўжаликлари ва мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари иштирок этди. 

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Авазбек Эргашев ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда сув ресурсларига бўлган талаб ортаётгани, сувнинг тақчиллиги эса ошиб бораётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоятда сув ресурсларидан тежамли ва самарали фойдаланиш асосида суғориладиган майдонлардан олинадиган ҳосил миқдорини ошириш борасида самарали ишлар амалга оширилаётгани, бунда сув тежашнинг томчилатиб суғориш усули амалиётга кенг татбиқ этилиши муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.

Ушбу томчилатиб суғориш усулида сув ўсимликка шланглар воситасида етказиб берилганлиги учун дала тупроғи қотмайди, натижада тупроқни юмшатиш (культивация)га ва ариқ олишга ҳожат қолмайди. Тупроғи қотмаган майдон эса мавсум охирида осон ҳайдалади. Ундан ташқари ўғит сув билан бирга берилганлиги боис, ўғитлаш учун қўшимча техника ишлатишнинг зарурияти қолмайди.

Мутахассислар томчилатиб суғориш технологиясининг ана шу жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтди. Унда ушбу суғориш тизими учун сув насоси, фильтр ҳовуз-тиндиргич, ўғитловчи мослама, магистраль ва тарқатувчи қувурлар, суғориш шланглари, томизгичлар, ёрдамчи ва уловчи қисмлар кўргазма тариқасида намойиш этилди. 

Жорий қишлоқ хўжалиги мавсумида кўргазмали амалий семинар ташкил этилган Боёвут туманидаги 1000 гектардан ортиқ суғориладиган ер майдонига томчилатиб суғориш технологияси жорий этилиши назарда тутилган.

Тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олди.


А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА

@AGROBLOGER канали

uza.uz


Report Page