...

...

AGROBLOGER

Диққатга молик далил: ўтган йилда Олот туманидаги «Жумагелди» фермер хўжалигида ҳар гектар майдондан ўртача 36 центнердан пахта олинди. Хориж технологияси асосида томчилатиб суғориш йўлга қўйилган 50 гектар майдонда эса ҳосилдорлик 45 центнерни ташкил этди.

— Ўтган йилнинг 27 апрелида воҳамизда рўй берган табиий офат ва чигитни уч мартагача такрор экишга мажбур бўлганимизга қарамай, давлат шартнома режасини бажардик ва якунда 100 миллион сўм соф фойда олишга эришдик, — дейди хўжалик раҳбари Шуҳрат Аққиев.—Бунда экинни томчилатиб суғоришни йўлга қўйганимизнинг нафи катта бўлди. Шуни инобатга олиб, жорий мавсумда инновацион усулда томчилатиб суғориладиган майдонларни 20 гектарга кенгайтиряпмиз. Бу сув сарфини 35 фоизга, унинг сарфи учун ажратилган маблағни 20 миллион сўмгача тежаш имконини беради. Шунингдек, ҳосилдорлик янада ошади.

Айтиш лозимки, 2020 йилда Бухоро вилоятида 10 минг 715 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди. Бундан ташқари, 4800 гектар ерда кўчма эгилувчан қувурлар воситасида, 1723 гектарда плёнка тўшаб, 422 гектар майдонда дискрет усулида суғориш ишлари бажарилди. Натижада ҳар гектар майдондан 2500 куб метр сув иқтисод қилиниб, ҳосилдорлик 5-10 центнерга ошди.

— Вилоятимизда сув тежовчи технологияларни қўллашни беш бараваргача ошириш юзасидан ишлар олиб борилмоқда, — дейди «Аму –Бухоро» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тўлқин Давронов. — Жорий йилда жами 22 минг 820 гектар майдонни инновацион усуллар асосида суғориш режалаштирилган. Яна бир гап. Ерларни суғоришда тежамкор усулларни йўлга қўйишдан фермерлар ҳам манфаатдор. Илгари сув тежовчи технологиялар қўллангани учун ҳар гектар майдон учун 8 миллион сўм субсидия ажратилган бўлса, эндиликда бу миқдор 11 миллион сўмни ташкил этяпти.


@AGROBLOGER канали

Истам ИБРОҲИМОВ, xs.uz


Report Page