...

...

AGROBLOGER

Андижон вилоятида ўтган йили 2 минг 414 та пахтачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари билан туманлардаги пахта-тўқимачилик кластер корхоналари ўртасида 79 минг 291 гектар майдонда 251 минг 700 тонна пахта хомашёси етиштириш бўйича контрактация шартномалари имзоланган эди.

Мавсум якунида фермерлар пахта сотиш бўйича тузилган шартномавий режани 268 минг 232 тонна миқдорида, амалдаги режага 6,6 фоиз ортиғи билан бажарди. Бу эса 2019 йилда етиштирилган ҳосилга нисбатан 9 минг 643 тонна кўп демакдир. Фермерлар етиштирган пахта хомашёсининг қарийб 95 фоизи юқори нав ва синфга сотилди.

Якуний ҳисоб-китобларга кўра, кўплаб фермер хўжаликлари молиявий муваффақиятларга эришган ҳолда, вилоят ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларига бир нечта туманларда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари асоссиз равишда ортиқча маблағлар ушлаб қолинганлиги тўғрисида мурожаатлар келиб тушган. Уларда ҳудудлардаги пахта қабул қилиш пунктлари фермерлар топширган пахта хомашёси белгиланган стандартларда қабул қилиб олинган бўлсада, пахта хомашёсининг намлиги ва ифлослиги учун ушлаб қолинадиган чегирмалар “Ўзстандарт” агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Сифат» Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш маркази ва “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти каби идоралар томонидан тасдиқланган меъёрларга асосан амалга оширилмаганлиги билдирилган. 

– Вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермерларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида туманларда мониторинг ўтказмоқда, – дейди Андижон вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Ф.Набижонов. – Аслида туманлардаги фермер хўжаликлари пахта хомашёси етиштириш бўйича пахта-тўқимачилик кластер корхонлари билан тузилган контрактация шартномасига асосан, сотилган хомашё учун якуний ҳисоб-китоб маблағлари 2020 йилнинг 31 декабрь кунига қадар тўлаб берилиши белгиланган. Лекин ўрганишда маълум бўлишича, айрим кластер корхоналари 1 минг 293 та фермер хўжаликнинг 61 миллиард 330 миллион сўм маблағини контрактация шартномасида келишилган муддатда фермернинг ҳисобрақамига ўтказиб бермаган.

Бунга кўплаб мисол келтириш мумкин. Масалан, Пахтаобод туманидаги “Олтин мато” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластер корхонасида 261 та фермер хўжалигининг 9 миллиард 400 миллион сўми, Бўстон туманидаги “Сайёра Фаввораси” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластер корхонасида 109 та фермер хўжаликнинг 4 миллиард 959 миллион сўми, Улуғнор туманидаги “Водий саноат фахри” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластер корхонасида 180 та фермер хўжалигининг 1 миллиард 211 миллион сўм, Избоскан туманида “Соҳиб омад барака” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластер корхонасида 168 та фермер хўжаликнинг 21 миллиард 929 миллион сўми борлиги аниқланди. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.

Айни вақтда аниқланган ҳолатлар бўйича вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермер хўжаликларининг мавжуд ҳақдорликларни ундириш бўйича туманлараро Иқтисодий судларига даъво аризалари киритиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Пахтаобод туманидаги "Олтин мато текс" МЧЖ ҳисоб-китоблар таҳлил асосида 982 миллион 781 минг сўм маблағ тумандаги фермер хўжаликлари ҳисобига қайтарилди.


@AGROBLOGER канали

ЎзА, uza.uz

Report Page