...

...

AGROBLOGER

Иссиқхонада помидор ва бодрингдан мўл ҳосил олишда нархи қиммат чет эл дурагайларини сотиб олиб етиштириш ва минерал ўғитларни кўп қўллашнинг ўзи етарли эмас. Барча агротехник чора-тадбирларни мақбул муддат ва меъёрларда бажариш, экинлар учун қулай микроиқлим яратиш мўл ва сифатли ҳосил гаровидир.

  Иссиқхоналарда помидор, бодринг уч мавсумда етиштирилади, яъни ёзги-кузги, оралиқ ва қишки-баҳорги мавсумлардир. Кузги-қишки мавсумда етиштириладиган экинлар уруғи кўчатхонага июнь ойининг охири июль бошларида сепилади.

   Помидор кўчатлари доимий жойга аввалдан суғориб қўйилган эгатларга август ойи бошларида ўтқазилади. Экиб бўлингандан сўнг эгатларга сув таралади. Шундан сўнг улар каноп ёки полипропилен ипларга тортилади. Экинларга битта поя қолдириб шакл берилади. Биринчи ҳақиқий барг чиқарганида кўчатлар чириган гўнг билан 2–3 см қалинликда кўмилади. Бу ёш ниҳоллар поясининг бақувват ўсишга ёрдам беради, чунки ҳарорат юқори бўлгани сабабли, поялар сўлиб қолиши мумкин.

   Ниҳоллар 3–4 тадан ҳақиқий барг чиқаргандан сўнг ёруғлик билан кўпроқ тўйиниши учун иссиқхона юзаси яхшилаб ювилиши лозим. Вегетация даврида кўчатлар илдизи ва барглари орқали озиқлантириб турилади. Кўчатлар 15–20 кундан кейин яна бир бор ипга тортилади ва ўсимлик атрофи чопиқ қилинади. Шундан сўнг минерал ўғитлар солиниб, суғорилади. Кейинчалик помидор ўсимлигига шакл берилади ва асосий поя қолдирилиб ён бачкилари олиб турилади.

  Куз ойларида ёруғликнинг аста-секин пасайиб бориши туфайли, иссиқхона ҳаво ҳароратини ҳам шунга қараб ушлаб турилиши лозим. Экинларнинг яхши ўсиб-ривожланиши, ҳосилдорлиги юқори бўлиши учун иссиқхонада мақбул микроиқлим (ҳарорат, ёруғлик, ҳаво ва тупроқ намлиги) таъминланиши зарур.

  Помидор экини учун ҳарорат кундузи 22–25, тунда 17–18 оС, ҳавонинг нисбий намлиги 75–80 %, бодринг учун эса кундузи 24–28, тунда 18–20 оС, ҳавонинг намлиги 85–90 % бўлиши энг мақбул ҳисобланади. Ҳароратнинг юқоридаги кўрсаткичлардан ошиб ёки камайиб кетиши экинларнинг ўсиб-ривожланиши, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигига салбий таъсир кўрсатади.

 Ушбу ҳолатнинг олдини олиш учун помидор гулларига махсус препаратлар (ТУ, Томатон, Полистимулин-2) эритмалари билан ишлов берилиши зарур. Кузги-кишки мавсумда иссиқхонадаги помидор кўчатларининг ўсув нуқталарини 7–8 гулшодадан кейин чилпиб ташлаш тавсия қилинади. Бу ҳосил миқдорига ижобий таъсир кўрсатади.

   Ҳосил етилгандан сўнг ўз вақтида териб, пишган меваларнинг узоқ вақт туриб қолмаслигига эътибор бериш керак. Озиқа моддаларни солиш фақат тупроқ таркибини агрокимёвий таҳлил қилинганидан сўнг амалга оширилиши, яъни тупроқ таркибидаги сувда эрувчи фосфор миқдори ҳар 100 гр.да 8,4–9,3, тупроқдаги нитрат миқдори 15–18, калий 35–40 мг атрофида сақланиши зарур. Бундан ташқари, тупроқ таркибидаги хлор миқдори ҳар 100 гр. тупроқда 0,02 фоиздан ошмаслиги лозим. Ҳар 100 гр. тупроқда магний 7–10, кальций эса камида 30–45 бўлиши керак.

  Иссиқхоналарда помидор ва бодрингга зараркунандалардан оққанот, ўргимчаккана, занг кана, ширалар (полиз, акация), сим қуртлари, касалликлардан эса ун шудринг, сохта ун шудринг, қўнғир ва қора доғланиш, вируслар (мозаика, столбур, стрик), фомоз, фузариоз сўлиш кабилар катта зарар етказади.

   Оққанот ва шираларга қарши 20 % Конфидор (0,3 л/га), 20 % Моспилан (0,3 кг/га), Карбафос (1,2–2 л/га), Фуфанон (2,4–2,6 л/га) ёки 25 % Циракс (1,2–1,6 л/га) препаратларидан бирини пуркаш тавсия этилади. Ўргимчаккана ва занг канага қарши 20 % Митак (2,5 л/га), 50% Неорон (1 л/га), Омайт (1,5 л/га) ёки 36 % Витакс (0,5 л/га) пуркалганда яхши самара беради.

  Ун шудринг касаллиги бодринг, помидор экинларини кўпроқ зарарлайди. Бу касаллик ўсимлик баргларининг устки қисмида тўп-тўп оқ моғорлар пайдо қилади. Натижада замбуруғлар кўпайиб, ўсимлик баргларининг устки ва остки қисмини қоплаб олади ва барглари қуриб қолишига сабаб бўлади. Бодрингда ун шудринг касаллигига ўхшаш сохта ун шудринг касаллиги ҳам кўп учрайди. Бунда баргларнинг орқа қисмида қўнғир рангли чизиқлар пайдо бўлиб, барглари остини бутунлай қоплаб олади. Оқибатда барглар сарғайиб, тезда қуриб қолади.

  Ун шудринг ва сохта ун шудринг касалликларига қарши Топсин-М (0,7 кг/т сувга), Сапрол (1 л/т сувга), Топаз (0,5 л/т сувга) препаратларини қўшиб пуркаш тавсия этилади. Фузариоз сўлиш касаллиги ҳам помидор ва бодрингнинг тез қуриб қолишига олиб келади. Бу касалликни фузариум оксепориум замбуруғлари қўзғатади. Улар ўсимликларни илдиз бўғинида кўпайиб, зарар келтиради.

  Фузариоз сўлиш касаллигининг олдини олиш учун помидор ва бодринг кўчатларини 0,3 фоизли Фундазол эритмаси билан (5 г 10 л сув) суғорилади. Фомоз касаллиги асосан ҳосил тугиш даврида кўпайиб, замбуруғлар ҳосил банди атрофида ривожланади ва аввалига сарғиш доғлар ҳосил бўлади, кейин эса улар кўпайиб, ҳосил банди жойларидан чириб, ҳосилни тўкилиб кетишига сабаб бўлади. Унга қарши курашиш учун иссиқхоналарда намликни ортиб кетишига йўл қўймаслик керак ва ўсув даврида Топсин-М дорисидан 1 кг/1000 л сувда қўшиб пуркаш тавсия этилади.

 Е.Лян

agro.uz

@AGROBLOGER

Report Page